Фан-техника | 20:30 / 20.12.2017
6114
3 дақиқада ўқилади

Bosch энди янги авлод аккумуляторларини ишлаб чиқаради

Фото: EAST NEWS

Bosch — автоишлаб чиқарувчилар учун дунёдаги энг йирик эҳтиёт қисмилари етказиб берувчилардан бири, компания соҳа электрификациясини қўллаб-қувватлаш учун электрокарлар эҳтиёт қисмлари учун катта маблағларни сармоя қилади. Бироқ яқин-яқингача Bosch энг муҳим компонентлардан бири — аккумулятор батареяларини ишлаб чиқармас эди. 

Бир йил аввал компания Seeo Inc. қаттиқ аккумулятор батареяларини ишлаб чиқариш бўйича стартапни харид қилганди, ўшандан бери 2020 йилда бозорга чиқадиган янги технология - 50 кВт*с қувват ва 190 килограмм оғирликка эга батареялар блокига доир режалари билан камдан-кам ҳолатларда бўлишаётганди. Шундай бўлса-да, аккумулятор ишлаб чиқариш ҳақида гап йўқ эди. Бироқ компаниянинг сўнгги изоҳлари Bosch 2018 йилда айнан шу иш билан шуғулланмоқчи эканига ишора қилади.

Компания бош ижрочи директори Фолькмар Деннернинг сўзларига кўра, Bosch 2030 йилга бориб, 200 ГВт*с қувватга эга аккумулятор батареяларини ишлаб чиқарувчи заводни ишга тушириш учун 20 миллиард евро сармоя киритиши мумкин. "Агар биз ушбу соҳа бозорининг ҳеч бўлмаганда 20 фоизини эгалласак, бу бизга етакчи позицияларни таъминлайди. Шунга қарамай, бундай сармоялар биз учун таваккал ҳисобланади, молиявий томондан эмас - бу борада Bosch'да муаммолар йўқ. Бироқ бизнес нуқтаи назаридан, бундай қарорларни қабул қилишда эҳтиёт бўлган маъқул", - дея изоҳлади Деннер. Шунингдек у агар компания аккумулятор ишлаб чиқаришни бошласа, бу қаттиқ батареяларнинг янги авлоди бўлишини қўшимча қилди.

Агар Bosch шундай қарор қабул қилса, бу аккумулятор батареяларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган тарихдаги энг йирик сармоя бўлади. Ҳатто соҳадаги энг йирик завод ҳисобланувчи Невададаги Gigafactory 1 Tesla ҳам 105 ГВт*с ишлаб чиқариш қувватига эга. 

Бироқ энг қизиғи - компаниянинг айнан қаттиқ аккумулятор батареяларини ишлаб чиқаришга доир қарор қилганида. Улар ҳозирча литий-ион батареялардан анча хавфсиз ҳисобланади, бироқ бу батареяларнинг ҳам ўзига яраша камчиликлари бор. Бундан ташқари, ҳозирга қадар ҳеч ким уларни катта ҳажмда ва литий-ион аккумуляторлари билан рақобатлаша олувчи нархда ишлаб чиқармаган. 20 миллиард евролик сармоя буни тўғирлаши мумкин.

Benchmark консалтинг компанияси баҳоларига кўра, яқин бир неча йилда литий-ион аккумуляторларини ишлаб чиқарувчи 26 мегафабрика фаолият юритадиган бўлади. Уларнинг муайян қисми эксплуатацияда, бошқалари эса 2021 йилга бориб ишга тушади. Таҳлилчилар йилига 1 ГВт*с аккумулятор ишлаб чиқарувчи заводларни мегафабрикалар тоифасига киритишади. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид