Жамият | 16:23 / 23.12.2017
97917
6 дақиқада ўқилади

«Фалокат юз берди». Электр энергиясидаги узилишларга изоҳ берилди​

Фото: Рўзиқул Райимов/Kun.uz

Қиш мавсуми бошланиши билан Kun.uz таҳририятига электр энергиясида кузатилаётган узилишлардан шикоятлар келиб туша бошлади. Маълум қилинишича, аҳоли истеъмоли учун етказиб берилиши назарда тутилган электр энергияси Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоятларида режали чеклов жадвалидан ташқари бажарилмоқда. Яъни, айрим хонадонларда сурункасига суткалаб ток бўлмайди. Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбарияти билан суҳбатлашди.

«​Биз ўтган йилга нисбатан, кўпроқ электр энергиясини етказиб бериш режасини бажармоқдамиз. Масалан, Фарғона вилоятига жорий йилнинг 12 декабрь куни 16,4 миллион киловатт электр энергияси етказиб берилган бўлса, мос равишда ўтган йили вилоятга 13,7 миллион киловатт энергия етказиб берилганди. Аммо, шуни тан олиб айтиш лозимки, «Ўзбекэнерго» АЖ бир вақтнинг ўзида иккита катта ҳалокатни бошдан кечирди.

Гап шундаки, Толимаржон ИЭС ҳамда Навоий ИЭСда янги буғ-газ қурилмаси ишдан чиқди. Газ фильтрловчи қувурда юз берган носозлик қурилманинг ишга яроқсиз бўлиб қолишига сабаб бўлди. Янада аниқроқ қилиб айтсак, буғ-газ қурилмасига газни фильтрлаб ўтказиб берувчи мосламанинг фаолияти фақат тоза газ маҳсулоти етказиб берилгандагина яхши ишлайди»​, дейди «Ўзбекэнерго» АЖ мутасадди вакили.

Аниқланишича, 13 декабрь куни ҳар иккала иссиқлик электростанцияларга етказиб берилган газ маҳсулотлари таркибида чиқинди ва иш фаолиятига таъсир этувчи қолдиқлар бўлган. Жамият раҳбариятининг таъкидлашича, ИЭС буғ-газ қурилмасини газ чиқиндисидан тозалаш учун бир неча кун талаб этилади ҳамда станция фаолиятини тўхтатиб туриши шарт.

«Бу қурилма ва фильтр орасидаги масофа 300 метрни ташкил этади. Унинг ичида турли жўмраклар, фильтр қаватлари ҳамда деворлар бор. Шу боисдан ҳар бирини тозалашга узоқ вақт кетди. Шундай қилиб, Навоий ИЭС 16 декабрь куни, Толимаржон ИЭС эса 14 декабрь куни қайтадан ишга тушди», деб изоҳ бериб ўтди раҳбарият.

Янги қурилманинг ўрнатилганини ҳисобга олиб, мосламаларнинг қиш мавсумига тайёргарлигини олдиндан текширишнинг имкони йўқми? Ушбу савол барчани қизиқтиради.

«Масала бошқа жиҳатдан кўриб чиқилиши лозим, биз тоза ва сифатли газни қабул қилишимиз керак. Қолаверса, об-ҳавонинг ўзгариши билан газ босимида ҳам бир мунча фарқланиш кузатилади. Бунда кимдир айбдор эмас, шундай ҳолат кузатилиши табиий. Ҳаво совиши билан газ ҳам конденсацияга учрайди ва шундай ҳол юз берди», деб фикр билдирди масъул ходим.

Фото: Kun.uz

«Ўзбекэнерго» АЖ раиси ўринбосари Рўзиқул Райимовнинг таъкидлашича, халқнинг норозлигига сабаб бўлаётган битта омил техник носозлик туфайли қисқа муддат электр энергиясини етказиб беришдаги узилиш эмас, балки режали чекловнинг номутаносиб олиб борилишидир.

«Бир қишлоқда ток йўқ, қўшни маҳаллада эса бор. Мана шу омил халқни норози қилмоқда. Масалан, вилоят маркази, шаҳарда электр энергияси ўчмайди, лекин энг чекка қишлоқда узилиш бор. Мана бу ерда бизнинг камчилигимиз, мана шу юзасидан ўтириб ишлашимиз лозим», дейди у.

Бундан ташқари, яна бошқа ракурсдан қараганда, электр энергиясидан фойдаланилганда ҳам иқтисодни ўйлаб иш тутиш лозим. Ушбу фикрни билдирган Рўзиқул Райимовнинг айтишича, асл муаммонинг илдизи энергия етказиб беришдаги тиғиз вақтларда пайдо бўлади.

«Оқшом 2-3 соат ва эрталаб яна шунча вақт тиғиз ва муаммоли ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида барча электр энергиясидан фойдаланиш ҳажмини кўтариб юборади. Аслида, Ўзбекистон аҳолисининг истеъмоли учун етарли, қолаверса, ундан ошиқ электр энергиясини ишлаб чиқарамиз. Аммо, бир вақтнинг ўзида барча ускуна ва чироқларни ёқиш эвазига қўшимча юкни кўтаришнинг имкони йўқ. Халқимиздан шуни илтимос қилган бўлардимки, тиғиз вақтда керакли ускуна ва чироқларни ёқинг, исроф қилманг. Келаси йилдан, ана шу тиғиз вақтда энергия сарфлаш бир мунча қиммат бўлади, бошқа вақтда эса энергия нархи арзон тарифланади», дейди у.

Раис ўринбосарининг айтишича, аҳолига етказиб берилаётган электр энергияси ҳисобидан уйларни иситиш, овқат пишириш назарда тутилмаган. Масаланинг бу жиҳати ҳам соҳадаги муаммонинг бошқа томонини очиб беради. Яъни, истеъмол учун берилган энергия табиий газ «​зиммаси»даги ишларни ҳам бажармоқда.​

«​Тиғиз вақтда уч соат энергияни тежанг - ҳаммаси изига тушади. Тассавур қилинг, эрта тонгда йўл четида икки нафар йўловчи турган бўлса, бир дақиқа ҳам ўтмасдан уларнинг сони минг нафарга чиқади. Шу ҳолатнинг олдини олиб чеклов қилинади, ахир», дейди Рўзиқул Райимов.​

Иш вақти аллақачон тугаганига қарамай, меҳнат қилишдан тўхтамаган раҳбарият билан суҳбатлашиб, бир нимани тушунгандай бўлдик: электр энергиясидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш лозим. Тўғри, соҳадаги камчилик ва хатолар учраб турибди, аммо амалга оширилиши режалаштирилган келгуси ишлар билан ўртоқлашган «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбарияти аҳоли энергия сарфидан оқилона фойдаланишни ўрганмас экан, барча ислоҳотлар беҳуда кетишини аниқ тушунтириб берди.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Мавзуга оид