Эшакхўр хитойликлар. Уларнинг буюртмаси билан дунё бўйлаб минглаб жониворлар сўйилмоқда (фото)
Ўтган йили Самарқандда «Эшаклар қабристони» пайдо бўлгани ва у ерда кўплаб эшаклар шафқатсиз сўйилгани кенг муҳокама қилинганди. Бундай ваҳшийлик эса бутун дунёда тарқалган. Эскилар «умрининг ярмини эгасига бериб юборган» дея таърифлаган, бутун умри хўжайинининг хизматида ўтадиган беозор эшаклар нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа ҳудудларда ҳам шафқатсизларча қирғин қилинади. АҚШнинг биринчи рақамли нашри The New York Times Кениядан репортаж тайёрлади.
Унда эшаклар ёппасига ўғирланаётгани ва сўйилаётгани ҳикоя қилинган. «Мана шу ер»,- дейди 44 ёшли Моррис Ньеру яқинда ўзининг уч нафар Давид, Мукурино ва Скрач лақабли эшакларини қонга бўялган ҳолда топган ерини кўрсатиб.
У бозорда ишлайди ва тирикчилиги эшаклари билан боғлиқ бўлган. Моррис эшаклари ёрдамида шаҳардан бозорга юкларини олиб келади. Унинг айтишича, эшакларисиз кунлик даромади 30 доллардан 5 долларгача камайган. Бундан ташқари, болалари ҳам мактабга бориб-келишга қийналишмоқда. Бутун дунёдаги миллионлаб инсонлар эшаклардан транспорт сифатида фойдаланишади, бу уй жониворлари уларнинг ҳаётида муҳим ҳисобланади, лекин Хитойда эшаклардан бутунлай бошқа мақсадда фойдаланишади, деб ёзади The New York Times.
Хитойда анчадан буён эшак терисидан тайёрланадиган желатин тиббий восита сифатида ишлатилади. Хитойликлар бу турдаги желатин инсоннинг ёшаришига ёрдам беради деб ишонишади. Бундай маҳсулот Хитой дўконларида очиқчасига сотилади ва «севиб истеъмол қилинади». Бундай «мураббо»ни хитойликлар «эхиао» деб аташган. Бундай «эликсирлар» 2010 йилда оммалашишни бошлади. Ўша вақтда унинг бир фути учун 9 доллар тўлашган. Ҳозир эса эшак терисидан тайёрланган 1 фут желатин 400 доллар туради. Нашрнинг таъкидлашича, ўша йилларда Хитойда 11 миллион эшак бўлган ва янги «эликсир» ўйлаб топилгандан кейин уларнинг сони 3 миллионгача камайиб кетган. Чунки, эшак бир йилда бир марта туғади ва улар ҳомиладорлик вақтида абортга мойил бўлади. Яъни, кўп ҳолларда хўтик туғилмасдан, она қорнида нобуд бўлади. Шу сабабли, хитойлик эшак қотиллари бутун дунёдан эшак терилари сотиб олишни йўлга қўйишган.
Times нашри Қирғизистон, Мексика ва Бразилияда хитойликлар ёппасига эшак териси сотиб олишганини ёзади. Кейинчалик харидорлар Африкага ҳам етиб боришади. Эсилай қишлоғида бир йил давомида 475та эшак йўқолган. «Эшаклар бизнинг машинамиз», дейди ушбу қишлоқда яшовчи Катаси Моко. Унинг айтишича, тўрт эшаги йўқолган ва энди озиқ-овқат, сув ташишга қийналмоқда. Африканинг 14 давлати ва Покистон (эшак транспорт сифатида муҳим бўлган давлатлар) эшакларнинг халқаро савдоси бўйича махсус чеклов қабул қилишди ва бу ўз самарасини бериб, ўғрилик ҳолатлари камайган. Бироқ харидорлар катта пуллар эвазига одамларни ўғриликка мажбур қилишмоқда. 2016 йилда битта тирик эшак учун 60 доллардан 165 долларгача тўлаш бошланган ва Танзания, Кенияда ўғрилик яна авж олган. Бу икки давлатдан икки йилда 100 минг эшак Хитойга юборилгани аниқланган. Бу ҳали фақат расмий маълумотлар. Африкада эшак териси сотиш билан шуғулланадиган дўконлар ҳам пайдо бўла бошлади.
«Бу бизнес одамларга кўп фойда бермоқда»,- дейди Кениядаги корхона директори Жон Каиуки. Аввал одамлар фарзандларининг мактаблари учун сигирлари, эчкиларини сотишарди, энди эса эшакларини сотиб пул топишмоқда. «Goldox Kenya LTD» корхонасида бир кунда 450та эшакнинг териси олинади ва корхона асосочиларининг фикрича, бу эшак ўғирлашдан яхшироқ. Чунки энди одамлар жониворларини ўз ихтиёрлари билан олиб келишмоқда. Кения ҳукумати ҳам бу савдодан фойда кўрмоқда ва одамларнинг қаршилигига қарамай уни тўхтатгани йўқ.
Одамлар-ку сувларини, озиқ-овқатларини бир амаллаб олиб келишар, лекин энг даҳшатлиси, ўзига тинч хитойликларнинг ёш кўриниши учун беозор жониворларнинг ваҳшийларча сўйилаётганидир. Барча нарса инсон учун деган нотўғри қараш қанчадан-қанча жонзотларга қирғин келтирмоқда. Қайсидир бойвачча филнинг тишидан ясалган билярд тошига, қайбири тимсоҳ терисидан тайёрланган оёқ кийимига, қўзичоқ терисидан тикилган пальтога қизиқади. Жониворларни шунчаки ҳавас учун овлаш бутун бошли туризм тармоғига айланиб кетган.
Шундай дамларда инсон қанчалик ваҳший экани хаёлдан ўтади...
Мавзуга оид
14:08 / 05.11.2024
Саҳрои Кабирни кўкаламзорлаштириш Ер иқлимига қандай таъсир қилади?
14:30 / 21.10.2024
Ўзбекистон Африка қитъасининг нечта давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатгани айтилди
23:32 / 10.10.2024
Дунёда охирги 50 йилда ёввойи ҳайвонлар сони 73 фоизга қисқариб кетгани маълум бўлди
21:52 / 10.10.2024