Ўзбекистон | 23:20 / 19.01.2018
10247
2 дақиқада ўқилади

Давлат бюджетини шаффоф тақсимловчи янги тизим йўлга қўйилади

Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба давлат бюджетларини шаффоф тақсимлашда янги механизмдан фойдаланилади. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шерзод Кудбиев «Давлат ва жамият бошқарувида фуқаролар иштирокини таъминлашнинг устувор вазифалари: илғор ғоялар, инновация ва технологиялар» мавзуида халқаро анжуман вақтида маълум қилди. 

Ҳокимнинг қайд этишича, 2018 йилда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти илк маротаба «Обод уй» тизимини йўлга қўяди. Мазкур тизим информацион технологиялар асосида ишловчи Мирзо Улуғбек тумани фуқаросининг электрон картаси бўлиб, у шаффоф жараённи таъминлашда ёрдам беради.

«Давлат бюджетида қанча маблағ тўпланади? Улар қаерга йўналтирилади? Маблағ қаердан йиғилади? Қандай пудратчилар аҳолининг масалаларини ҳал этишга сафарбар этилади? Нима учун бир хонадон яшаш шароитидан мамнун, иккинчиси эса норози? Биз давлат идораси сифатида мана шу асосий саволларга очиқ ва аниқ жавоб беришимиз зарур. Янги тизим мана шу механизмларнинг амалга оширилиш жараёни шаффофлигини таъминлашга ёрдам беради», дейди ҳоким.

Қайд этиш лозимки, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали аҳоли билан бевосита мулоқотни жорий қилган бўлиб, у ерда янги ташаббуслар, ғоялар муҳокамага қўйилади. 

«Биз Facebook'даги саҳифамиз орқали бир нарсага амин бўлдик: ҳокимият кўпроқ аҳамият қаратаётган айрим масалалар фуқаролар учун биз ўйлаганимиздек муҳим эмас экан. Уларни мутлақо бошқа муаммолар қийнашини тушундик. Биз янги тизимни янада мукаммаллаштирамиз. Барчани ижтимоий тармоқдаги сўровномаларда фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз», дея қўшимча қилди Шерзод Кудбиев.

Феруза Авазова
Тайёрлаган Феруза Авазова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид