ИНТЕРВЬЮ | 19:10 / 21.01.2018
45104
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон бизнинг ота юрти​миз»​ - Туркия элчиси билан суҳбат

Фото: Аҳмет Башар Шен/Kun.uz

Kun.uz Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган дипломатик миссия раҳбарлари билан суҳбат лойиҳасини давом эттиради. Лойиҳанинг бу галги меҳмони Ўзбекистонни «ўзининг ота юрти​»​ деб билган Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен икки давлат ўртасидаги муносабатлар, тарихий алоқалар ва келажак ҳақида ўз фикрини билдирди.

Жаноб элчининг таъкидлашича, «муносабатларимизнинг янги даври икки давлат раҳбарларининг Самарқанд шаҳридаги дўстона суҳбатидан сўнг жадал ривожланишни касб этди»​.

«​Айрим тадбиркорлар бошдан кечирган қийинчиликлар туфайли, иккиланишга эга бўлса-да, 2017 йил ташкил этилган ишбилармонлар форумида турк тадбиркорлари Ўзбекистонда фаолиятини бошлашга катта қизиқиш билдирган. Агар уларга нисбатан ҳақсизлик қилинган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти одилона қарор қабул қилинишини маълум қилди.

Ҳамкорлигимизнинг илк даврида иқтисодий масалаларга катта урғу берганмиз. Бундай ҳамкорлик шакли, аслида, икки халқни тарихан бир-бирига боғлаган омил ҳисобланади. Савдо-иқтисодий алоқалар бизни янада яқинлаштиради, ҳар иккимизга ҳам фойда келтиради. Лекин муносабатларимизни маданият, ижтимоий, Ислом динини тўғри тарғиб этиш, туризм соҳасида яхшилашни кўзлаб турибмиз»​, деб фикрини билдирган у.

Аҳмет Башар Шеннинг маълум қилишича, Туркиянинг бир қатор етакчи олийгоҳлари Ўзбекистондаги филиалини очиш мақсадида музокараларни олиб бормоқда. Улар орасида тиббиёт ходимларини етиштириб чиқарувчи турк билим юртининг тез орада Ўзбекистондаги филиали очилишига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

«​Бир пайтлар Туркияда тақиқланган ФEТО ташкилоти тарафдорларини кўпайтириш мақсадида турли давлатларда турк таълим муассасалари очганди. Афсуски, бу кўплаб муаммоларга сабаб бўлди, шукурки, уларнинг салбий жиҳатларини кўра билган Ўзбекистон томони мазкур таълим муассасаларини ўз вақтида ёпишга қарор қилган. Бунинг учун Ўзбекистондан миннатдормиз. Таълим соҳасида юзага келган қийинчиликлар ва кўнгилсиз тажрибалар бошдан ўтганидан сўнг, бу масалага диққат билан ёндашишни истаймиз.

Туркиядан ташқари бўлган таълим муассасалари фаолиятини тартибга солиш бўйича маориф вақфи каби орган тузилган. Маориф вақфи Ўзбекистондаги вазият билан ҳам қизиқмоқда, талаб ва имкониятлар даражаси ўрганилмоқда, тез орада ўрта ва бошланғич таълим катта ҳамкорликни йўлга қўйишимиз мумкин. Академик босқич бўйича қисқача тўхталсак, Туркияда ўқиб турган ўзбек ёшлари айни пайтда кўпчиликни ташкил этади, бундан кейин ҳам уларнинг сони ортиб боришини истаймиз. Хоҳишларимизни рўёбга чиқариш учун махсус ташкилотлар орқали дастурлар қабул қилганмиз. Айтиб ўтилган барча ҳамкорлик масалалари биринчи босқичда, аммо уларни тезроқ илгарилашини режалаштирганмиз. Ҳамкорликни майда босқичдан йирик тизимли шаклга ўтказиш катта ютуғимиз бўлади»​, деб қўшимча қилган элчи.

Суҳбатда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Туркиядаги фаолияти, мамлакатнинг ташқи сиёсатидаги позицияси, унинг ШҲТ, МДҲ ва ЕИ ташкилотларига аъзо бўлиб кириш истиқболлари ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, турк ишбилармонларининг келгусида Ўзбекистон билан амалга ошириши кўзда тутилган режалари ҳақида айтилади. Видео лавҳани тўлиқ кўринишда қуйида томоша қилишингиз мумкин.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Мавзуга оид