Фан-техника | 16:05 / 06.02.2018
7091
2 дақиқада ўқилади

Airbus учувчисиз аэротаксининг илк синовларини ўтказди

Фото: Airbus

Airbus компанияси вертикал парвоз ва қўниш имконига эга тўлиқ электрон учар қурилма ҳисобланган Vahana прототипининг илк синовини ўтказди. Келгусида қурилмадан учувчисиз аэротакси сифатида фойдаланиш мумкин. Илк парвоз у қадар баланд бўлмаган ва узоқ давом этмаган. Учар қурилма 5 метр баландликка кўтарилиб, парвоз 53 сония давом этган ва шундан сўнг муваффақиятли қўнишни амалга оширган.

Бундан аввал компания учувчисиз мультимоторли VTOL флотини (вертикал парвоз ва қўнишни амалга оширувчи учар қурилма) ишлаб чиқиш истаги ҳақида маълум қилган эди, бундай флотдан шаҳар кўчаларидаги тирбандликларда учар такси сифатида фойдаланиш мумкин бўлади. Ундан фойдаланишга кетадиган харажатлар оддий автомобиль ёки поезд чиқимларига монанддир. Учар қурилма прототипини ишлаб чиқиш лойиҳаси 2016 йилнинг бошида бошланган ва у A³ компанияси (Airbus'нинг шўъба корхонаси) томонидан олиб борилади. Ўшандан буён компания фақат юзаки маълумотларни етказиб бераётган эди.

Alpha One номини олган учар қурилманинг тўлиқ кўламли синовларини 2017 йилнинг охиригача ўтказиш режалаштирилган. Қурилма яқинда Калифорниядан Орегондаги янги синов полигонига келтирилди. Ишлаб чиқарувчининг сўзларига кўра, парвозга шай учар такси 2020 йилда намойиш қилинади. Аэротакси прототипи узунлиги - 6,2 метр, кенглиги - 5,7 метр ва баландлиги - 2,8 метр. Қурилманинг максимал парвоз массаси 745 килограммни ташкил қилади.

Airbus вакилларининг сўзларига кўра, қурилма синовлари энди ҳавода узоқроқ қолиш ва парвоз йўналишини ўзгартиришга йўналтирилади. 

Мавзуга оид