Фан-техника | 09:00 / 08.02.2018
8654
2 дақиқада ўқилади

Falcon Heavy парвозининг жонли намойиши YouTube’да оммавийлик бўйича иккинчи бўлди

Фото: Space X

6 февралда SpaceX компанияси ўта оғир ракета-ташувчи Falcon Heavy’нинг илк парвозини муваффақиятли амалга оширди. Ракета коинотга компания раҳбари Илон Маскка тегишли Tesla Roadster электромобилини етказди. Компания, шунингдек, Ерга ракета биринчи поғонасининг учта тезлаштиргичидан иккитасини бешикаст қайтара олган. 

Ракетанинг илк парвози жонли намойиши SpaceX’нинг YouTube-каналида олиб борилган. The Verge нашрининг ёзишича, бу эфир YouTube тарихида оммавийлик бўйича иккинчи рақамлиси бўлди: парвоз ортидан 2,3 млн киши кузатган. Бу борада энг яхши натижа 2012 йил октябрида австралиялик спортчи Феликс Баумгартнернинг стратосферадан парашютда сакраши намойишига тегишли. Ўшанда бу сакрашни 8 млн киши кузатган.

Falcon Heavy ракетаси Falcon 9 негизида яратилган. Ракета Ер атрофидаги орбитага 64 тонна, Марсга эса 16,8 тонна юк етказиши мумкин. 

Айни вақтда SpaceX компанияси BFR (Big Falcon Rocket) ракетаси устида иш олиб бормоқда. Бу ракета Falcon 9 ва Falcon Heavy ўрнига келиши керак. BFR’нинг илк парвози 2022 йилга белгиланган. Ракетани Марсда мустамлака яратиш лойиҳаси ва сайёралараро парвозларда қўллаш мўлжалланган. 

Мавзуга оид