Ўзбекистон | 22:06 / 15.02.2018
11830
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Сооронбай Жээнбеков ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди 

Фото: Президент матбуот хизмати

15 февралда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари суҳбат бошида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табриклашди.

Суҳбат давомида ўтган давр ичида икки қардош халқ ўртасида кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлашга, Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигини сезиларли кенгайтиришга муваффақ бўлингани таъкидлаб ўтилган. 

Давлатлар ўртасида икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик даражасига етгани қайд қилиб ўтилган.  

2017 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида олий даражада учта ташриф амалга оширилган. Улар натижаларига кўра ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича муҳим келишувларга эришилган, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси ҳақидаги ва бошқа кўплаб келишувлар имзоланган.

Икки давлат ўртасида товар айланмаси кўрсаткичлари жадал ўсмоқда, саноат кооперацияси кўламлари кенгаймоқда. Транспорт коммуникацияси соҳасида стратегик лойиҳалар, жумладан “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” йўналиши бўйича автомобиль алоқаси йўлга қўйилиши ва темир йўл қурилиши амалга оширилмоқда.

Суҳбат давомида икки давлат етакчилари ўзаро ташрифлар вақтида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш зарурлигини таъкидлаб ўтишган. Шунингдек, икки томонлама ва кўп томонлама долзарб масалалар бўйича фикрлар алмашилган.  

Мулоқот сўнгида Шавкат Мирзиёев ва Сооронбай Жээнбеков икки давлат ва халқ манфаати йўлида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қатъиятларини тасдиқлашган.

Мавзуга оид