Ўзбекистонда «газ заводи» йўқми? Совуқда қолиб ёрдам сўраганлар ёлғончига чиқарилди
2017 йил декабрь ойида KUN.UZ сайтида «Трубада газ бўлсаю, биз совуқда ўтирсак?! – Хонқаликлар дардига ким қулоқ солади?» сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда Хоразм вилояти, Хонқа тумани, Сарапаён қишлоғи, «Пахтагул» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларни қийнаётган муаммо баён этилганди.
Мурожаатда «Пахтагул» маҳалласи четидаги икки кўча газ таъминотидан узиб қўйилгани, айни ҳолатда олдинги кўчаларга етиб келган газ босими жуда яхши экани, фуқаролар бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилганида «газ етиб бориши қийинлиги» туфайли узиб қўйилгани ҳақидаги жавоб қайтаришгани айтилган.
Бу мақола юзасидан, ЎзА сайтида «Нохолис ахборот тарқатишдан мақсад нима?» сарлавҳаси билан муносабат берилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза Раҳимова қуйидаги маълумотларни айтиб ўтган.
«Интернетдаги барча хабарларни асосли ва холис, деб бўлмайди. Ўрганишлар натижасида прокуратура органлари фақат уйдирмадан иборат, миш-мишга асосланган, асоссиз ва нохолис маълумотларни тарқатиш ҳолатлари ҳам борлигини аниқлади.
Масалан, 2017 йил декабрь ойида айрим веб-сайтларда «Трубада газ бўлсаю, биз совуқда ўтирсак?! – Хонқаликлар дардига ким қулоқ солади?» сарлавҳали мақола жойлаштирилганди. Унда Хоразм вилоятининг Хонқа тумани Пахтагул маҳалласидаги икки кўча газ таъминотидан узиб қўйилгани, мутасадди идораларга йўлланган мурожаатлар ўз ечимини топмаётгани қайд этилган.
Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш ва аҳолининг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти прокуратураси томонидан ўрганиш ўтказилди. Мақолада келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмади.
Маълум бўлишича, бу маҳалла аҳолисининг аксарияти табиий газдан мунтазам фойдаланади. Фақат 286 хонадонга табиий газ етиб бормаётгани инобатга олиниб, уларга суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган. Маҳалла аҳолисига куз-қиш мавсумида фойдаланиш учун кўмир ёқилғиси ҳам ажратилган», дейилади мақолада.
Авваламбор, фуқароларнинг интернет тармоғида эълон қилинган мурожаатларининг прокуратура томонидан ўрганиб чиқилиши, эътиборсиз қолдирилмаслиги ва хусусан Сарапаёндаги вазият билан ҳам шуғулланилгани бизни қувонтирди. Бунинг учун улардан миннатдормиз. Умид қиламизки, бундан кейин ҳам фуқаролар, ташкилотларнинг ОАВдаги мурожаатлари эътиборсиз қолмайди.
Аммо, прокуратура хулосасига кўра, бу мақола «асосли ва холис эмас» экан. У «уйдирмадан иборат, миш-мишга асосланган, асоссиз ва нохолис. Уни чоп этишдан кўзда тутилган мақсад - жамоатчилик фикрини чалғитиш ёки нима қилиб бўлса-да, эътиборни тортиш», экан.
Афсуски, Бош прокуратура сайтда ёритилган мавзуда айнан қайси жиҳатлар ўз тасдиғини топмаганини келтирмаган. Шунинг учун ҳам, хатдаги маълумотларнинг барчаси билан шуғилланишга тўғри келди. Мақола ҳам шунга яраша жуда узун бўлди.
Вазиятни ўрганиш учун Хонқа тумани Сарапаён қишлоғига ташриф буюрдик. У ерда истиқомат қилувчи, айнан шу икки кўча аҳолиси билан суҳбатлашдик.
Олдиндан огоҳлантирамиз, мақолада кўпчилик суҳбатга тортилганларнинг исми-шарифи, фотосуратларини кўрмайсиз. Баъзи кекса отахонлардан ташқари, ёшлар, хотин-қизлар, онахонлар ўз номлари ошкор бўлишини истамадилар. Ҳатто, хат билан мурожаат қилган ҳамюртимиз ҳам бизни кутиб олиб, воқеа жойини кўрсатишга зўрға рози бўлди. Кўрсатган заҳоти кўздан йўқолди. Бу аҳвол сабаби кейинроқ маълум бўлди, суҳбатда бўлган отахонлардан бири шундай дейди: «Уларнинг оиласи бор, давлат ишида ишлайдиганлари бор, улар ўз ишидан ажралишдан қўрқади, таъқибдан ва гап эшитишдан қўрқади. Ёзувчи, шикоятчи деган ном орттиришдан андиша қилади». Бу гаплар бизни ҳайрон қолдирмади, бунга тайёр эдик.
Энди бевосита мурожаатда айтилган маълумотларга қайтамиз.
«Пахтагул» маҳалласи «Урганч - Хонқа» йўлининг чап қисмида жойлашган. Унинг йўлга яқин бўлган кўчаларидаги уйлар газ билан таъминланган, босим ҳам яхши. Бироқ, маҳалланинг чекка иккита кўчаси газ таъминотидан узилган. Бунга сабаб сифатида, уларнинг газ лойиҳаси йўқлиги ва газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудда жойлашгани айтилган.
«Пахтагул» маҳалласининг қуш парвози масофасидан кўриниши (кўк чизиқ - «Урганч - Хонқа» автомобиль йўли, яшил чизиқ - газ бор ҳудуд, қизил чизиқ билан газдан узиб қўйилган ҳудуд кўрсатилган).
Ваҳоланки, марказий йўлга яқин бўлган кўчаларда газ босими яхши ва аҳоли ундан бемалол фойдаланиб ўтирибди.
«Пахтагул» маҳалласининг марказий йўлга яқин кўчалари газ билан таъминланган ва унинг босими юқори.
Газ таъминотидан узиб қўйилган биринчи кўча
Аҳолининг ўз маблағлари ҳисобига ўрнатилган Газ тақсимлаш нуқтаси (ГРП) - газ таъминотидан узилгани боис, занглаб ётибди.
Биринчи савол, агар бу кўчаларнинг газ лойиҳаси йўқ бўлса, у ҳолда йиллар давомида қандай қилиб улар газдан фойдаланиб, унинг пулини тўлаб келган? Газ таъминотидан узилган 2015 йилда, фуқароларнинг газ учун тўлаган ортиқча пуллари, албатта уларнинг розилиги билан, бошқа хонадонларнинг ҳисоб-рақамларига ўтказиб берилган ёки газ идораси ҳисоб рақамида қолиб кетган.
Иккинчи савол, газ босими жуда яхши бўлиб турган кўча билан, газ таъминотидан узилган кўчанинг орасидаги масофа 50-60 метрни ташкил қилади. Газдан узилган баъзи уйлар эса газ бор уйлар билан шундоқ ёнма-ён турибди. Хўш, бу уйларга ва кўчаларга газ етиб бориши қийин деганда нимани тушуниш керак?
Яқинда шу кўчада истиқомат қилувчи хонадон вакилларидан иборат хотин-қизлар гуруҳи туман ҳокимиятига шу масала бўйича мурожаат қилишган. Уларга «Ўзбекистонда пойабзал заводи борми? Бор! Мошина заводи борми? Бор! Шакар заводи борми? Бор! Газ заводи борми? Йўқ! Унда биздан нимани истайсизлар?!» кўринишида жавоб берилган.
Яна фуқаронинг мурожаатига қайтамиз. «Тасаввур қилинг, бир кўчанинг нариги томонида газдан бемалол фойдаланиб, иссиқ уйда истиқомат қилишмоқда. Бу томонидаги уйлар эса, бир амаллаб, бир хонани иситиб, ҳамма шу хонага қамалиб ўтирибди. Ваҳоланки, маҳаллага етказиб берилаётган газнинг босими жуда баланд. Наҳотки, ундан биз ҳам фойдалана олмасак?», дейилади унда.
«Бир хонани иситиб, шу хонага қамалиб ўтирибмиз» - деган гапни уйида газ бор одамлар тасаввур қилмаслиги мумкин. Биз шу вазиятга шахсан гувоҳ бўлдик. Кўп хонали уйнинг бир хонаси кўмир, газ балон ёки таппи ёқиб иситилади. Шу уйда бобо, буви, эр-хотин, ёш болалар ҳаммаси тиқилиб ўтиради. Овқат шу уйда ейилади, телевизор шу уйда кўрилади, ҳамма шу уйда кийимларини ечмасдан ухлайди. Қўл-юз шу уйда ювилади. Чунки, уйнинг бошқа хоналари кўчадан ҳам совуқ бўлади.
Тўрттаси бирда - дам олиш хонаси, овқат тайёрлаш хонаси, овқатланиш хонаси ва ётоқхона. Бошқа хоналар кўчадан ҳам совуқ.
Эр-хотин ва болалар ётоқхонасининг кўриниши. 5 нафар одам бир хонада яшайди, овқатланади ва ухлайди.
Ювиниш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Баъзи одамлар қиш мавсумида ювинишдан воз кечади. Айниқса ёш болалар, чунки улар қаттиқ шамоллаб қолиши мумкин. Болаларни ҳар доим пойлаб ўтириш керак, бошқа хонага чиқиб кетишига йўл қўймаслик керак, чунки қаттиқ шамоллаб қолиши мумкин. Кичкина болали хонадонлар имкон топиб, уларни газ бор бўлган қариндошлариникига «қишлагани» кўчириб юборади. Имкон топмаганлар қишки кийимларини кийдириб, бир хонада олиб ўтиради.
Бир хонага қамалиб ўтирган болакайнинг юз-қўллари совуқдан қизариб кетган. У уйида ҳам кечаю-кундуз қишки кийимларни ечмайди.
Кўмир, газ баллон ёки таппи ёрдамида иккита, учта хонани иситиб ўтирганлар бор. Катта харажат талаб қиладиган бу ишни фақат даромади юқори бўлган оилаларгина қилишга қодир. Улар эса саноқли.
Уйлар кескин совиб кетмаслиги учун, қалин клёнка билан қопланган дарвоза ва эшиклар. Кириш - чиқиш уйнинг орқа томонидаги кичик эшикдан амалга оширилади
Ташқаридаги ва ичкаридаги ҳароратда тафовут борлиги туфайли, уйларнинг деворлари, эшиклари, печлари нам тортиб, совуқда музлаб қоляпти. Натижада моғор ва занг билан қопланмоқда.
Намдан занг босган печлар, музлаб қолган эшик
Одамлар газ бўлиб қолар деган умидда иситиш қозонлари (котёлларни) асраб қўйишибди. Баъзилар эса, умидсизланиб, умуман олиб ташлаган.
Газ келиши умидида занглаб ётган котёллар
«Пахтагул» маҳалласининг энг чекка кўчасида аҳвол оғирроқ. Бу ер нафақат газ, балки ичимлик суви тармоғидан ҳам узиб қўйилган. Одамлар ер остидан олинадиган сифатсиз ва шўр сувни истеъмол қилишга мажбур. Ваҳоланки, бир неча метр масофадан водопровод ўтган. Шу ерда истиқомат қилувчи аҳоли бу масала бўйича тегишли идораларга бир неча марта мурожаат қилишганда, «сувни 2019 йилда улаб берамиз» - деган жавобни олишган.
«Пахтагул» маҳалласининг чекка кўчаси. Бу ерда нафақат газ, балки сув ҳам йўқ.
Бош прокуратура маълумотига қайтамиз. «Фақат 286 хонадонга табиий газ етиб бормаётгани инобатга олиниб, уларга суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган. Маҳалла аҳолисига куз-қиш мавсумида фойдаланиш учун кўмир ёқилғиси ҳам ажратилган» - дейилади унда.
Суюлтирилган газ билан таъминланиш масаласини ўргандик. 12 февраль кунги ҳолатга кўра, маҳалла аҳолисига газ баллонлар сўнгги марта 5 январь куни, деярли бир ярим ой олдин етказилган.
Газ балонларни йиғиб олиш ва суюлтирилган газга тўлдириб бериш махсус дафтарчада қайд этиб борилади. Аҳоли қўлидаги дафтарчаларда газ балони сўнгги марта 5 январь куни олиб келингани кўриниб турибди.
Тўлдирилган газ балонларининг сиғими ҳеч кимни қониқтирмайди. Улар тезда тугаб қолади. Шундан сўнг, аҳоли газ балонларни қиммат нархларда, хусусий газ қуйиш шохобчаларидан тўлдириб келишга мажбур бўлади.
«14 500 сўмга тўлдирилган газ балон 13-14 кунга етади холос. Шундан сўнг, уни газ қуйиб берувчи хусусий шохобчалардан тўлдириб келамиз. Унинг нархи қимматроқ, 50-60 минг сўм атрофида бўлса-да, 2-3 ой фойдаланамиз» - дейди нафақа ёшига етиб қолган отахон Ўрунов Ҳайитбой.
Овқат тайёрлаш, ейиш, ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган хонада газ баллони турибди
Кўмир таъминоти аҳолининг энг оғриқли дарди бўлиб қолмоқда. Суҳбат чоғида кўмир тарқатувчилар аҳоли томонидан энг «ширин» сўзлар билан «сийланди».
Қишки мавсум учун ҳар бир хонадонга 0,5 тоннадан кўмир ажратилган. Хонадон эгаларининг таъкидлашига кўра, уларга ундек майда, жуда сифатсиз кўмир тарқатилган. Унинг ёниши ва яхши иссиқлик ажратиши жуда қийин. Ваҳоланки, яхши ва сифатли кўмир бошқа сотувчилар томонидан қўлда, қиммат нархларда пулланмоқда.
Аҳолига имтиёзли нархларда сотилган кўмирнинг аҳволи. Ёниши ва иссиқлик ажратиши даргумон бўлган «қора ун»
Газ йўқлиги, газ балонлари ўз вақтида етказилмаслиги ва сифатсиз кўмир тарқатилиши натижасида, ночор оилалар ўз уйидаги кўпйиллик мевали ва сояли дарахтларни кесиб, ўтинга ишлатиб юборган.
Кўпйиллик дарахтлар кесиб, ўтинга ишлатиб юбориляпти. Бозорда бир арава ўтин нархи - 100 минг сўм
«Баҳор келиши билан молларнинг тезагидан таппи тайёрлашни бошлаймиз. Қишгача бироз йиғилиб қолади. Шуни ёқиб исинамиз» - дейди фуқаролардан бири.
Молнинг тезагидан тайёрланадиган таппи - қиш мавсумидаги энг муҳим қуруқ ёқилғи
«Ўғлим, раҳбарларга етказинг, уларни кун ботарда қишлоғимизга таклиф қиламан, бир келиб вазиятни ўргансинлар» - деди бир отахон кулимсираб. Олдинига унинг шамасини тушунмадим, бироқ кейинчалик ҳаммаси ойдинлашди.
Кун ботарда кўпчилик тезак - таппи ёқишни бошлар экан. Натижада кўчаларни сассиқ тутун қоплаб, одамларнинг нафас олиши қийинлашиб, кўчада юришнинг иложи бўлмай қоларкан.
Суҳбат чоғида, бутун умри давомида шу қишлоқда меҳнат қилган отахон Рўзметов Хусинбой ёшларнинг, хотин-қизларнинг барча шикоятларини тасдиқлади. «Одамларнинг бу гаплари ҳаммаси тўғри. Мен шу қишлоқда 27 йил меҳнат қилганман. 2-гуруҳ ногирониман. Газга уланиш масаласида кўп жойларга мурожаат қилдик, ҳаммаси бефойда кетди.
Текширувчилар келса, шу куни ёки эртасига газ баллон келади ёки кўмир пайдо бўлади. Кетганидан сўнг эса, бизни унутиб юборишади. «Иш битди, арава лойдан ўтди» қабилида иш кўрилади» - деди у куйиниб.
Менимча, келтирилган мисоллар ва фактлар қисқача хулоса ясашга етарли бўлса керак.
1) «Пахтагул» маҳалласининг чеккада жойлашган иккита кўчаси газ лойиҳаси йўқлиги ва газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудда жойлашгани баҳонаси билан газ таъминотидан узиб ташланган. Ваҳоланки, газ бор ва унинг босими жуда яхши. Одамлар трубада газ бўлса-да, совуқда ўтиришибди (ТАСДИҚЛАНДИ).
2) Газсиз ўтирган аҳолига суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилмаяпти. Аҳоли унинг миқдоридан норози. Сўнгги марта «Пахтагул» маҳалласига газ деярли 1,5 ой олдин, 5 январь куни тарқатилган (ТАСДИҚЛАНДИ).
3) «Пахтагул» маҳалласи аҳолиси жуда сифатсиз ва яроқсиз кўмирдан фойдаланмоқда. «Қора ун»ни ёқиш ва у билан уйни иситиш жуда самарасиз (ТАСДИҚЛАНДИ).
Аммо, ЎзА сайтида эълон қилинган мақолада айтилганидек, айнан нима «ўз тасдиғини топмагани, уйдирма экани, миш-мишга асосланган, асоссиз ва нохолис» экани бизга қоронғилигича қолди. Халқ дардига қулоқ тутиш, муаммоларини кўтариб чиқиш, шу орқали, уларни ҳал қилиш йўлларини излаш - «жамоатчилик фикрини чалғитиш ёки нима қилиб бўлса-да, эътиборни тортиш», деб баҳоланиши бизни жуда ажаблантирди.
Газ таъминотидан узилган аҳоли билан бўлган суҳбат чоғида, уларнинг уйларига ҳеч ким келиб, вазиятни жиддий ўрганмагани, суҳбат қурмагани ва муаммоларини ҳал қилишга уринмагани маълум бўлди.
«Мулозимларнинг келишига атаб, иккита уйни атайин иситиб, газ баллон ва кўмир билан таъминлаб қўйишибди. Бу уйларнинг эгалари ўзларига тегишли одамлар экан. Раҳбарлар келганида, улар ҳамма нарса яхши, газ баллон ва кўмир билан таъминланганмиз, уйимиз иссиқ деб айтишибди. Ҳатто ТВ орқали намойиш ҳам қилинибди. Шу билан масала бости-бости бўлиб кетибди», деди суҳбатимизда бўлган онахонлардан бири алам билан. Йиғилганларнинг кўпчилиги шундай бўлганини тасдиқлашди...
Ушбу маҳалладан қайтар эканман, аҳоли билан бўлган суҳбатнинг якуни кўз олдимда гавдаланаверди.
«Ўғлим, бу гаплар бефойда. Югуриб елганимиз билан бизга ҳеч ким газ бермайди. Ўз вақтида газ баллон ҳам етказмайди. Сифатли кўмирдан ҳам умидимизни узганмиз. Бизнинг ҳолимиз ҳеч кимга қизиқ эмас. Бу гаплардан ҳеч қандай фойда йўқ», дея қўл силтади отахон. Унинг кўпни кўрган кўзларида қандайдир умидсизлик, армонни ҳис қилгандек бўлдим.
Шунда, атрофдагиларнинг барчаси менга қаради. Тўғриси, унинг гапларига қандай жавоб қайтаришга ҳам ҳайрон қолдим. Бўғзимга бир нарса тиқилгандек бўлди.
«Йўқ, отахон! Сиз, фарзандларингиз, набираларингиз билан иссиқ уйда ўтирасиз. Бу кунларни кўрасиз. Бу халқни, ҳамюртларимизни ҳеч ким ёлғизлатиб қўймайди. Сизнинг дардингиз билан яшаётган, меҳнат қилаётган раҳбарларимиз бор. Ундай деманг. Бу гаплар ва шикоятлар учун ҳеч ким сизларни таъқиб қилмайди. «Ким ёзди буни?» деб дағдаға қилмайди. «Ёзувчи!» деб юзингизни ерга қаратмайди. Ёзиб нимага эришдингизлар, бизни шарманда қилдингизлар деб дўқ урмайди», дегим келди. Айтолмадим, индолмадим...
Биз бу мақола орқали ушбу масала билан шуғулланувчи ҳукумат вакиллари, мутасадди ташкилотлар ҳамда бизни ёлғончиликда айблаган нашр билан низога, жанжалга бормоқчи, орани очиқ қилиш билан шуғулланмоқчи эмасмиз. Мақсадимиз - халқнинг, ҳамюртларимизнинг дарди ва муаммолари ўз ечимини топишидир.
Сизга бу гаплар баландпарвоз туюлдими? У ҳолда пўсткалласини айтамиз. «Пахтагул» маҳалласида яшовчи мана шу болакайнинг уйи иссиқ бўлишини, инсонга муносиб тарзда яшашини, қўлчалари ва юзлари совуқдан қотмаслигини, қишда ҳам вақтида чўмилиб, иссиқ тўшакда ухлашини, касал бўлмасдан улғайишини истаймиз. Чунки, келажагимиз шуларнинг қўлида.
Нурмуҳаммад Саид.
Мавзуга оид
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
15:54 / 29.10.2024
Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади
16:23 / 28.10.2024