Фан-техника | 09:30 / 27.02.2018
23716
4 дақиқада ўқилади

Автомобилларда келажакнинг 5 технологияси

 Motor.ru автомобиллардаги 5 та келажак технологияси ҳақида маълумот берди. Булар шундай ҳай-тек нарсаларки, машиналарни яқин келажакда янада яхшироқ қилади.

Land Rover’дан «шаффоф капот»

Бу технология Land Rover Discovery Vision концепт-карда дебют қилган бўлиб, ҳайдовчига автомобилнинг олд ғилдираклари олдида нима бўлаётганини яхшироқ тушунишга ёрдам бериши керак. Бундай ихтиро нотекис йўлда фойдали, сабаби тошлар ва бошқа кутилмаган нарсаларга урилиб кетишдан сақлайди. Тизим кузовнинг олдинги қисмидаги бир неча камера, компьютер ҳамда олд ойнага туширилувчи тасвир проектори ёрдамида ишлайди.

Ford’дан йўловчилар соғлиғини кузатиш тизими

Инсон автомобилни бошқарадими ёки йўқми, бортдаги йўловчилар билан ҳаммаси жойида эканини билиш фойдали. Ford’да айнан шундай технология ҳозир синовдан ўтказилмоқда. Рулдаги сенсорлар ва датчиклар туфайли, шунингдек, хавфсизлик камарлари сабаб, автомобиль салонда бўлганларнинг ҳаёт параметрларини доимий равишда кузатиб боради.

Бу нега керак? Биринчидан, бу ҳайдовчи чарчаганини билиш ва унга тўхташни таклиф қилиш учун яхши усул. Иккинчидан, бу бортдаги кутилмаган вазиятлардан огоҳлантириш имкони. Учинчидан эса, автопилот технологияси билан бирлашганда, бундай тизим ҳайдовчи билан юрак хуружи каби кўнгилсиз ҳолат юз берганда уни шифохонага олиб боришга имкон яратади.

BMW’дан сенсорли голограммалар

Бу «технология учун технология» каби тасаввур уйғотиши мумкин, бироқ аслида ҳаммаси бундай эмас. Умуман олганда, бу ҳозирда 7-сериядаги BMW’да қўлланилаётган имо-ишоралар билан бошқариш тизими ривожидир. Бу ерда у голограмма ёрдамида «реал ҳолат»га ҳам эга.

Унинг ёрдамида ҳайдовчи нафақат ҳавода тушунарсиз шаклларни чизади, балки қўл остида пайдо бўладиган виртуал тугмаларни босади. Камера ҳамда сенсорлар «тегиш нуқталари»ни қайд этади, бу хатога йўл қўйиш эҳтимолини камайтиради. Голограммалар ҳайдовчига жуда яқин масофада пайдо бўлиши ҳисобга олинса, уларга чўзилиш талаб этилмайди. Демак, автомобилни бошқариш ҳам хавфсиз бўлади.

Volvo’дан энергетик кузов панеллари

Ҳозирги электромобиллардаги энг асосий камчилик аккумуляторлардир – оғир, узоқ қувват олувчи. Бироқ вазият яқин 10 йилда ўзгариши мумкин - Volvo компанияси махсус энергия тўпловчи кузов панелларини ишлаб чиқмоқда, улар анъанавий батареялардан енгилроқ, ҳажми кўпроқ бўлади ва тезроқ қувват олиши мумкин.

Панелда полимерлар асосидаги батарея блоклари интеграциялашади, улар углепластик билан қопланган – у авария рўй берадиган бўлса, батареялар бузилишига йўл қўймайдиган даражада мустаҳкам. Бундай панеллар энергияни турли усуллар билан йиғиши мумкин.

Автопилотлар

Ҳозир айнан ушбу технология барча автомобиль ишлаб чиқарувчиларда устувор бўлиб турибди: Audi, Volvo, Mercedes, BMW, Tesla, Hyundai. 5-10 йилдан сўнг машиналар ҳайдовчисиз ҳам юриши мумкин бўлади.

Ҳозирча эса транспорт воситалари автомат эканининг махсус шкаласи бор, бу ерда 0 – автомобиль бутунлай инсон томонидан бошқарилади, ҳамда 5 – инсон рулда ўтириши мумкин, машина ўз хатти-ҳаракатида бутунлай мустақил. Етакчи автомобиль брендлари ҳозирда автономликнинг тўртинчи поғонасини ўзлаштиришга ўтишмоқда. Демак, автопилотлардан оммавий фойдаланиш вақти ҳали олдинда – баъзи юридик ва бошқа муаммоларни ҳал этиш қолди. Масалан, компьютер кимни қутқариши лозим – йўловчиними ёки пиёдани...

 

Мавзуга оид