Ўзбекистон | 21:30 / 07.03.2018
17668
3 дақиқада ўқилади

Ички туризм фаоллашмоқда: Бухоро, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида сайёҳлар оқими

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маҳаллий ҳокимликлар ва туристик ташкилотлар билан ҳамкорликда мамлакат аҳолиси учун турлар ташкил қилишга фаол бел боғлади. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматчисининг хабар беришича, февраль ойи охирларида 43 кишидан иборат Қўшкўпир касаба уюшмаси аъзолари ҳамда Хозарасп тумани ҳокимлигининг 26 вакили учун Қорақалпоғистон Республикасига саёҳат ташкил этилди. Меҳмонлар ўз турларини Султон Увайс бобо комплексига ташриф буюришдан бошлашди. Шунингдек улар Нукусдаги  Савицкий музейи ва Маздакхон мажмуига боришди. Меҳмонларнинг республикага ташрифига байрамона руҳ бағишлаш мақсадида маданий тадбирлар ҳам ташкиллаштирилди.

Бундан ташқари, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун Хивага саёҳат ташкил қилинди. Хивага ташриф давомида болалар шаҳарнинг диққатга сазовор масканлари билан яқиндан танишишди. Калта Минор, Ичан-қалъа, Жума масжиди, Оллоқулихон, Муҳаммад Раҳимхон, Шерғозихон мадрасалари, Паҳлавон Маҳмуд мемориали, "Тош ҳовли" саройи шулар жумласидандир.

Мазкур саёҳатдан асосий мақсад улғайиб келаётган авлодни мамлакат тарихи, миллий қадриятлар ҳамда Хоразм вилоятидаги туризм саноати билан таништириш бўлган.

Қўмита маълумотларига кўра, февраль ойи охирида Хоразм вилоятига шунингдек Олмалиқ тоғ-кон металлургия заводининг 80 нафар ишчисидан иборат гуруҳ ташриф буюрган. Улар ҳам вилоятнинг тарихий масканларини саёҳат қилишган ҳамда Президент ташаббуси билан реставрация қилинган "Нуруллабой" комплекси билан танишишган.

Сайёҳлар вилоятга ташрифлари давомида Хоразм фольклор ансамбли чиқишларидан ҳам бахраманд бўлишди ҳамда миллий таомлардан татиб кўришди. 

Баҳорнинг илк кунларида Бухоро вилояти мактабгача таълим муассасаларининг 150 нафар мутахассиси учун Самарқанд вилоятининг тарихий масканларига саёҳат ташкиллаштирилди. 

Бухоро вилоятининг туристик компанияси томонидан ташкил қилинган саёҳат давомида сайёҳлар Имом ал-Бухорий мажмуаси, Регистон майдони, Ислом Каримов номли мемориал комплекс ва вилоятнинг бошқа диққатга сазовор масканларига ташриф буюришди ва уларнинг қурилиш тарихига доир маълумотларни ҳам олишга муваффақ бўлишди.

"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" шиори остида Бухорога саёҳат кўлами кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Бухоро вилоят ҳокимлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида 207 кишидан иборат гуруҳнинг Бухоронинг тарихий қисми "Етти пир"га ташрифи амалга оширилди. 

Саёҳат Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасидан бошланиб, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига ташриф билан якунланди. Шу билан бирга Ромитон тумани ресторанида тушлик, кейин эса Бухоро шаҳрининг ажойиб ресторанида кечки овқат ташкиллаштирилди. Бундан ташқари, мусиқий ва маданий тадбирлар билан меҳмонлар кайфияти янада кўтарилди.

Жамоага 26 кишидан иборат тошкентлик меҳмонлар ҳам келиб қўшилишди. Улар биргаликда Тоқи Заргарон савдо мажмуи ҳамда "Муаллақ дарвеш" томонларга саёҳат қилишди ва эсдалик учун суратларга тушишди.

Мавзуга оид