Жамият | 22:25 / 20.03.2018
41260
4 дақиқада ўқилади

Косонлик фермерлар: Бизнинг зиммамизга нореал қарздорлик юклашди

Қашқадарё вилоятига хизмат сафаримиз чоғида Косон тумани фермерлари билан учрашдик. Улар туман электр таъминоти корхонаси сув насосларидан фойдаланганлик учун катта миқдорда нореал қарздорлик ҳисоблаб, уларнинг зиммаларига юклаётганидан шикоят қилишди. 

“Ўзбекистон фермерлар уюшмасида 500 гектар насос орқали сув чиқариладиган ер майдони мавжуд. Шу ҳудуддан фойдаланадиган фермерлар 35-40 киши бўлсак, бизларга туман электр таъминоти корхонаси энергия истеъмоли бўйича катта миқдорда қарздорлик қўймоқда. Бормаган жойимиз қолмади. Насослар 50-70 йилдан бери алмаштирилмаган, яъни энергия тежамкор эмас. Электр таъминоти корхонаси бирор марта уларни таъмирлаб бермаган. Барчасини фермерлар пул йиғиб, ўзимиз созлатамиз. Оқова сувлар тўпланадиган зовурни ҳам ўзимиз пул йиғиб тозалатамиз, қаздирамиз.”, - дейди фермерлардан бири. 

Косон туманининг Ўзбекистон фермерлар уюшмасидаги фермерлар муаммоларидан яна бири шуки, улар экинларини оқар ариқ сувидан суғориш имконига эга эмас. Уларнинг айтишларича, 500-600 гектар ер майдони зовур сувидан, яъни суғорилишда фойдаланилган оқова сувдан суғорилади. 

“Мени қарздорлигим 2 йил учун 48 млн ёзилган. Мен ҳисоблаб чиқсам 2 йилга 4-4,5 млн сўм чиқяпти. Виртуал қабулхонага ҳам чиқдим, Бош прокуратуранинг ишонч телефонига ҳам қўнғироқ қилдим. У ердан ҳам, МИБдан ҳам жавоб келяпти, биз ҳеч нарса қилолмаймиз, деган мазмунда. Мурожаат қилмаган жойим қолмади. Ҳаммаси ерга қарайди. Билмаймиз, дейди. МИБ эса, ака тўлаб қўйинг, бошқаларга ҳам айтинг, тўлашсин, дейди”, дея ҳасратини айтади “Достон Ҳамдамов” фермер хўжалиги раҳбари.

“Мени фермерлигим ҳисобига ёзилган қарздорлик 81 млн сўм”, дея суҳбатга аралашади яна бир фермер. “Менга ёзилган қарздорлик 87 млн сўм. 30 гектар ерга пахта ва ғалла экаман. Ҳали бунақа даромад кўрмаганман. Бошқа ташкилотларга тўлайдиганларимиздан ташқариси шунча”, -дейди бошқа суҳбатдош.

Яна бир фермер “мен ўзим шу йилнинг ҳисобидан 10 млн сўм электр энергияси учун пул ўтказдим. Яна 64 млн сўм қарзим қолган. Қарзимдан қутула олмасам керак”, - дея арз қилади. 

Хуллас, фермерларнинг таъкидлашича, уларга нисбатан электр энергияси истеъмоли бўйича нореал қарздорлик қўйилган ва тўлаш талаб қилинмоқда. Қишлоқ хўжалиги техникаларини сақлаш ва таъмирлаш учун белгиланган машина-трактор парки (илгари 10 гектар ҳудудни эгаллаб, собиқ иттифоқда ҳам довруғи чиққан гараж бўлганини айтишди) ҳам талон-торож бўлиб, ҳудудида уйлар қурилмоқда, дейди маҳаллий фермерлар. 

Биз фермерлар билан суҳбатдан сўнг, кеч бўлганига қарамай, насос станцияларини ҳам бориб кўрдик. Уларнинг анча, уриниб, эскириб қолганини оддий инсон ҳам тушуниши табиий. Энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш давр талаби бўлиб турган, ҳукумат ҳам айни масалани кун тартибига чиқараётган бугунги кунда фермер хўжаликлари бир неча ўн йиллар аввал, собиқ иттифоқда ишлаб чиқарилган маънан ва жисмонан эскирган насослардан фойдаланиш оқибатида деҳқонлар фаолияти қанчалик рентабел бўлиши бизни ўйлантирди. 

Фермерларнинг сўзларига кўра, ҳозирда уларнинг даромад кўришлари учун ҳукумат томонидан кенг имкониятлар тақдим этилмоқда. Шу нуқтаи-назардан косонлик бир гуруҳ фермерлар ҳам иккинчи экин экишлари ва шу орқали ўзлари ҳам даромад кўришни, ҳам мамлакат ривожига ҳисса қўшишни хоҳлаётганларини билдиришди. Бунинг учун уларга имконият берилса, нур устига аъло нур бўлар эди. 

KUN.UZ таҳририяти юқоридаги шикоятларни мутасадди ташкилотлар холис ўрганган ҳолда муаммони ижобий ҳал этишларига ишонч билдириб, унинг натижасига яна қайтади.

Мавзуга оид