Жаҳон | 19:40 / 21.03.2018
5660
2 дақиқада ўқилади

Нигерияда ўғирлаб кетилган ўқувчиларнинг аксар қисми озод этилди

© AFP 2018 / Aminu Abubakar

«Боко Ҳарам» ташкилоти жангарилари февраль ойи охирида Нигерия шимолидаги мактабдан ўғирлаб кетилган 110 нафар ўқувчининг 76 нафари озод этилди. Бу ҳақда Нигерия Ахборот ва маданият вазирлиги маълум қилди.

Бундан аввалроқ маҳаллий нашрларда ўғирланган қизларнинг ота-оналарига асосланган ҳолда террорчилар қизларнинг бир қисмини қўйиб юборгани ҳақида хабар берилганди. 

Daily Post хабарига кўра, 5 нафар ўқувчи асирликда вафот этган.

«Президент Муҳаммад Бухорийнинг фармонига кўра, хавфсизлик хизматидаги барча кучлар 2018 йил 19 февралида Дапчидан ўғирланган ўқувчи қизларнинг озод этилиши учун сафарбар этилди. Бунинг натижасида ўғирланган 110 нафар ўқувчидан 76 нафари сешанба тонгида уйларига қайтди», дейилган вазирлик хабарида.

Вазир ўқувчиларни қутқариш амалиёти давом эттирилишини маълум қилган. Ҳукумат «ўз дўстлари» ёрдамида жангариларнинг жойлашган ўрнини аниқлаган ва уларга ҳеч қандай тўлов бермасдан мақсадга эришган.

24 февраль куни «Боко Ҳарам» Нигериянинг Йобе штати ҳудудида 110 нафар ўқувчини олиб кетгани маълум бўлганди. Уларни қидириш учун Нигерия Ҳарбий-ҳаво кучлари жалб этилди. Мактаб ўқувчилари тунда ҳам, кундузи ҳам қидирилди.

Нигерия шимолида бир неча йилдан буён радикал кайфиятдаги жангарилардан иборат «Боко Ҳарам» гуруҳи фаолият олиб боради. Бу жангарилар таълимнинг ғарбча моделига қарши чиқади ва бутун мамлакатда шариат қоидаларини ўрнатмоқчи бўлади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар маълумотларига кўра, «Боко Ҳарам» фаолияти туфайли кейинги 8 йил давомида 20 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид