Ўзбекистон | 11:59 / 31.03.2018
59808
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда туризм истиқболи: сайёҳлик учун янги йўналишлар

Тарихий обидаларга бой юртимизнинг сайёҳлик бизнеси салоҳияти жуда катта. Айни пайтда туристик агентликларимиз собиқ иттифоқдан мерос бўлиб қолган, сайёҳларни гуруҳ тарзида қабул қилиш каби хизматларни кўрсатишади.

Бироқ дунёда бир талай янги ва замонавий туризм турлари ҳам пайдо бўлганки, уларнинг айримларини Ўзбекистонда татбиқ этиш айни муддао бўлар эди. Бу жойларда қўшимча даромад ва иш ўринлари яратилишига олиб келиши шубҳасиз.

Сўнгги йилларда жаҳон бўйлаб туризмнинг унутилган, янги, инновацион кўринишлари пайдо бўлмоқда. Келинг, ушбу мультимедиали махсус лойиҳада (Лойиҳанинг Tilda’да ясалган версиясига ўтиш учун мана бу ерни босинг) ана шундай янги йўналишларнинг ўзбекона менталитетимизга мос келадигани ҳамда юртимизда ривожлантирса бўладиганларини ажратиб олиб, ўрганиб чиқамиз.

Лойиҳа аввалида Ўзбекистонда туризм учун масъул бўлган бош амалдорнинг бу соҳада айни пайтдаги аҳвол қанақа эканлиги борасидаги сўзларига эътибор қаратамиз.

«Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги туризм соҳаси улуши бор-йўғи 2,3 фоиз. Хорижий давлатларда ушбу кўрсаткич 10 фоизгача етади.

Албатта, бизнинг салоҳиятимиз юқори. Биз туризмнинг аҳамияти ва ролини оширишимиз керак. Бугунги кунда қилинаётган барча саъй-ҳаракатлар яқин йилларда бу рақамни 5 фоизгача кўтариш имкониятимиз борлигини асослайди.

Ўзбекистонда туризм ўсишининг асосий манбалари ҳақида гапирсам, биз нафақат хориждан туристларни жалб этишга ёндашмоқдамиз, шунингдек, кучли тараққиёт омили бўлган ички туризмни ҳам ривожлантириш пайидан бўлмоқдамиз. Бу соҳага инвестиция киритмоқчи бўлган тадбиркорлар туристик соҳага йўналтирилган активлар ўртача 4-5 ойда иш бериши билан боғлиқ муаммоларга дучор бўлишмоқда. Бинобарин, ички туризмни ривожлантириш дастурини фаол амалга ошириш туризмни йил бўйи қилиш, тадбиркорларга эса йил бўйи даромад олиш имконини яратади»

Азиз Абдуҳакимов

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси

1. Қишлоқ туризми

Бундай туризм шаҳарларда яшовчи ўзбекистонликлар учун ҳам, хорижлик сайёҳлар учун ҳам бирдек қизиқ — қишлоқнинг тоза ҳавоси, хўроз қичқириғи билан уйғониш, янги узилган сархил мева-сабзавотлар, сут маҳсулотларини татиб кўриш. Эшак, от, туя каби уй ҳайвонларини миниб кўриш...

Кейинги пайтларда жаҳонда пайдо бўлган агротуризмни ҳам мана шу туристик йўналишга қўшса бўлади. Ҳосилни йиғиб олиш даврида иштирок этиш ҳам саргузаштталаблар учун қизиқарли. Ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг: пишиб етилган пахта далаларида туристлар пахта териб юришса. Фермерларимиз мана шундан ҳам қўшимча даромад қилишлари мумкин.

Бу туризм йўналиши ҳақида ҳикоя қилувчи айрим сайтлар, жумладан, agriturismo.net отда сайр қилишни ёқтирадиганлар учун Тосканадаги барча фермер хўжаликлари ҳақида маълумот бор, Американинг Agrotours сайтида эса ҳамма нарса бор: «Мени бу ердан осмонўпар бинолар ва машиналар йўқ гўшаларга олиб кетинг»дан тортиб, «Австралиянинг гўшт тайёрловчи фермалари қандай тузилган»гача. Ҳиндистоннинг Agri Tourism шиори эса қуйидагича: «Ўзгариш учун ибтидога қайтиш керак».

Ҳиндистон бугунги кунда қадимий асосларга қайтиш учун энг зўр мамлакатлардан бири ҳисобланади. Исроилда қишлоқ хўжалиги туризми билан қишлоқ хўжалиги вазирлиги шуғулланар экан.

Исроилда эса саёҳатнинг 16та ғояси таклиф этилади — балиқ тутишдан бошлаб асаларичиликкача.

2. Жайлоо туризм

Биз туризм соҳасида «олма пиш — оғзимга туш», дея қаердандир нажот кутиб ўтирганимизда тарихий обидалари билан мақтана олмайдиган қирғизлар туризмнинг ушбу турини ривожлантириб, бутун жаҳонда қирғизча ном билан оммалашишига эришиб ҳам бўлишди.

Жайлоо қирғизчадан таржима қилинганида яйлов деган маънони беради — қардош халқ. Жайлоо-туристлар сайёрамизнинг инсон қадами етмаган гўшалари — Осиёнинг тоғлари ва даштлари, Сибирь ва Шимолий Америка ўрмонларига, Африка қўриқхоналарига саёҳат қилишади — асосий сабаб: цивилизация шарт-шароитларидан бироз чекиниш.

Ўзбекистонда ҳам яйловлар, қўриқхоналар жуда мўл. Фақат тоғга чиқишда тажрибангиз бўлмаса, экстремал йўналишларни танламаган маъқул.

Яйлов туризмини этник туризм билан омихта қилиш мумкин — яйловларда яшаётган чўпонларнинг меҳмони бўлиш, улар билан бирга ҳаёт кечириб кўриш, туя, от, чорва ва қўй-қўзиларни боқиш мумкин.

«Саёҳат нима бўлишидан қатъий назар, ҳар қандай жиҳатдан кўпроқ нарса ўргатади. Баъзида бошқа жойда ўтказилган бир кун, уйда ўтказилган ўн йилдан кўпроқ нарса беради».

Анатоль Франс

Француз ёзувчиси ва адабий танқидчиси

3. Гастрономик туризм

Таом пишириш курслари ва миллий таомлар ресторани ҳамма ерда бор, лекин миллий таомлар тайёрланиши жараёни билан ўша таомларнинг ватанида танишиш доимо туристлар учун қизиқарли бўлиб келган.

Ўзбекистон ошхонаси бу борада мақтанса арзигулик натижаларга эга. Тўй ошини Тошкентда, нўхатшўракни Самарқандда, тандир гўштни воҳада татиб кўришга нима етсин?

Айнан туристларга маълум бир миллий таомимизнинг тайёрланиш жараёнини намойиш этиб, мастер-класс ўтказиладиган, бир йўла уларнинг қорни тўйғазиладиган кичик ошхоналар очишга аллақачон фурсат етган.

Баҳорда қулупнай сайли, куз фаслида қовун сайли каби сайлларимиз билан ҳам туристларни жалб этиш мумкин.

4. Фестивал туризми

Самарқандда ҳар икки йилда бир марта ташкиллаштириладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалидан нега туристлар оқимини ошириш учун фойдаланмаслигимизни ҳанузгача тушуна олмайман.

Бутун жаҳонда мусиқа ва санъат ихлосмандлари фестивал бўладиган шаҳарларга йўл олишади. «Шарқ тароналари», «Бойсун баҳори» каби фестивалларининг тарғиботи ва рекламасини кучайтириш, уни юқори савияда ташкил этиш вақти етмадимкан?

Европада, масалан, бундай фестиваллар кетма-кет тарзда ўтказилади. Фестиваллар камида уч кун ўтказилади, у ўтадиган шаҳар яқинида кемпинглар, автотрейлерлар учун тураргоҳлар барпо этилади. Айниқса, кўплаб инсонлар талпинадиган мусиқий воқеалар ичида Испаниядаги Primavera (май охири — июнь боши), Британиядаги Гластонбёри (июнь охири) ва венгрларнинг августда ўтадиган Sziget фестивали жуда машҳур. Биздаги фестиваллар ҳам хорижий сайёҳлар саргузашт ахтариб кўп кирадиган Festicket интернет сайти рўйхатларидан ўрин олиши керак.

5. Зиёратчилик туризми

Ўзбекистонда шиддат билан тараққий топтириш мумкин бўлган, бунинг учун барча имкониятлар мавжуд бўлган туризм йўналишларидан бири.

Юртимизда Ислом оламининг буюк муҳаддиси Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий зиёратгоҳи бор. Ушбу масканга жамики мусулмон давлатлардан зиёратчиларни қабул қилиш мумкин. Мотрудий зиёратгоҳини турклар қадрлашади. Нақшбандий, Нажмиддин Кубро каби мутафаккирларнинг зиёрати туфайли ички туризмни ривожлантириш мумкин.

Айни пайтда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент ёдгорлигида катта реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ушбу масканда ҳам қадимда Ислом оламида довруқ таратган олимлар етишиб чиққан.

6. Тиббиёт туризми

Исроилда саратон касаллигини даволовчи энг яхши мутахассислар тўпланишган. Таиланддаги врачлар беморнинг танасида зарур аъзони ўстириш бўйича янги технологияни ихтиро қилишган (асосан кичикроқ аъзолар — бурун, қулоқ, қовоқлар ўстирилмоқда). Германияда эса қорин бўшлиғидаги операциялари билан машҳур, Литвадаги пластик операциялар ҳамёнбоп.

Айни пайтда тиббиёт туризми ҳам ҳам қабул қилувчи мамлакат учун, ҳам даволанишга келаётган беморлар учун иқтисодий жиҳатдан манзур. Гап шундаки, беморларга арзон баҳога сифатли хизмат кўрсатиш имконияти берилади.

Ўзбекистон ҳам бу борада ўзини намоён этиши учун имконият бор. Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги «Эргаш ота» хусусий тиббий маркази бадандаги турли доғларни, шунингдек ортиқча вазндан халос бўлишда очлик билан даволаш усули билан МДҲ давлатларида анча довруқ таратган.

Бизда шунингдек жуда арзон ва сифатли қилиб тишларни даволаш, тиш протезлари қўйиш мумкин экан.

7. Шоппинг туризм

Шоп-турлар мамлакатимизда 2000-йилларнинг бошида бошланган. Кўпчилик Туркия ва Хитойга, шунингдек Бирлашган Араб Амирликларига бориб, маҳсулот келтириб ўзимизда пуллашган. Ҳанузгача чегарадош ҳудудларда қўшни давлатлар билан ана шундай олди-сотди давом этмоқда.

Айни пайтда кўпчилик ўзига тўқ оилалар нархларга чегирма эълон қилинадиган мавсумларда Европа ва БААга харид учун йўл олишмоқда.

Бизда ҳам шоппинг туризмни ривожлантириш учун салоҳият бор. Лекин бунинг учун аввало енгил саноатмиз ва айтайлик, заргарлик саноатимиз равнақ топиши, дунёда ўз ўрнига эга бўлиши керак. Ўзбекистон табиий маҳсулотлардан тўқиб тайёрланган арзон ва сифатли газламалар, кийим-кечаклар, шарқона нозиклик билан ясалган заргарлик буюмлари ватани бўлмоғи керак.

8. Экотуризм

Туризмнинг мазкур тури ихлосмандлари табиат билан якка-ёлғиз қолиб руҳий қувват олади. Экологик туристлар учун меҳмонхона сифатида қўриқхонадаги капа, у ерда қўшни сифатида ёввойи ҳайвонлар хизмат қилади. Мақсад — хавфсиз масофадан туриб кузатиш ва озор етказмаслик. Ҳаттоки экологик туристларнинг халқаро ҳамжамияти ҳам тузилган бўлиб, дам олиш асносида атроф-муҳитга фойда келтиришни исташади.

Ўзбекистонда ушбу туризм турини ривожлантириш, сайёҳларга экология билан юзма-юз бўлишга шароит яратиш имкониятлари бисёр. Орол бўйи минтақаси, Қизилқум чўллари, Айдаркўл, тоғ тизмалари... Бу маскаларнинг ҳар бири пухта ўрганишга, кузатилишга арзийди.

Албатта, уш бу туризм йўналишларининг ҳар бирига батафсил тўхталиш мумкин. Модомики, юртимизда туризмнинг иқтисодиётимизнинг таянч соҳаларидан бирига айлантириш вазифаси давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, ушбу юзакироқ лойиҳамда бу соҳанинг янги, бизда етарли имконият ва шароитлар мавжуд бўлган йўналишларини белгилаб, бирма-бир шарҳлашни асосий мақсад деб билдим.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz журналисти

Мавзуга оид