Жаҳон | 15:20 / 08.04.2018
9656
2 дақиқада ўқилади

Россия Сурияда кимёвий қурол қўллангани ҳақидаги хабарларни рад этди

Фото: Jalal Al-Mamo/Reuters

Россиялик ҳарбийлар Сурия армияси томонидан Шарқий Ғута ҳудудида, Дума шаҳридаги жангариларга қарши кимёвий қурол (хлорли бомба) қўллангани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Бу маълумот қатъиян рад этилади», дея Суриядаги зиддиятли томонларни яраштирув маркази бошлиғи генерал-майор Юрий Евтушенконинг сўзларини келтирган «Интерфакс» агентлиги.

«Дума озод этилганидан кейин, у ерга россиялик мутахассисларни юбориб, фактлар йиғиб, бу маълумот тўқиб чиқарилганини тасдиқлашимиз мумкин», деган у.

Евтушенко «қатор Ғарб давлатлари» Думадан жангариларни сиқиб чиқариш амалиётларига тўсқинлик қилишга ҳаракат қилаётганини қайд этиб ўтган. «Бундай пайтда Ғарб Сурия Араб Республикаси ҳукумати кимёвий қурол қўллаганини иддао этишга тушади», дея давом этган у.

Генерал Сурия ҳарбийлари Думага хлорли бомба ташлагани ҳақида хабар тарқатган манбалар, хусусан, «Оқ каскалилар» кўнгилли гуруҳи бундан аввал ҳам ёлғон хабарлар тарқатганлигини эслатиб ўтди.

6 апрель куни Сурия ҳукумати ҳарбийлари Думани, Шарқий Ғутадаги Башар Асад назорати остида бўлмаган охирги шаҳарни озод қилиш учун ҳаракат бошлади.

7 апрель куни ушбу шаҳарга кимёвий ҳужум уюштирилгани оқибатида 70 киши, жумладан болалар ҳалок бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалди. АҚШ бундай эҳтимолий ҳужум учун жавобгарликни Башар Асад ҳукуматини қўллаб келаётган Россияни айблади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид