Ахлатга ташланган юзлаб тонна сабзавотлар ёхуд экспортга тўғаноқ “Ўзагроэкспорт” нархлари
Сўнги йиллар барча вилоятларда минг-минглаб гектарларда янги боғлар, мева-сабзавот хўжаликлари ташкил этилди. Уларда етиштирилаётган ноз-неъматлар нафақат ўз эҳтиёжимиз, балки чет давлатга экспорт қилиш учундир. Шу ўринда Фарғона вилояти аҳолисининг миришкорлиги ҳақида соатлаб гапириб, саҳифалаб китоб ёзиш мумкин.
Олтиариқнинг меҳнаткаш боғбон ва деҳқонлари ердан зўр ҳосил олишни пири бўлиш билан биргаликда, уни сотиб даромад топишда ҳам омилкор. Уларга озгина имконият берсангиз маҳсулоти билан бутун дунёни таъминлашга уринадиганлардан.
Барчага аён ҳақиқатни такрорлаш балки ёқмас... Айтиб қўяй ва ортидан яна таъкидлайман ҳам: “Ойлар давомида офтобда қорайиб, пешонани терлатиб меҳнат қилинмаса, ер ҳосил бермайди”.
Айни пайтда Олтиариққа борсангиз, худди ўша машаққатли меҳнат, пешона тери ва маълум маблағ эвазига етиштирилган юз минглаб тонна маҳсулотларни ахлатга улоқтирилаётганини кўрасиз. Минг афсус, ана шу дард ва аламга тўла мурожаат Kun.uz'га етиб келганда, аввал ундаги гапга бироз тушунмай турдик. Сўнг аччиқ ҳақиқатнинг ўзи бизни Олтиариқ сари олиб борди.
“Мен тадбиркорман. Экспорт қилиш мақсадида 2017 йилнинг декабридан 50 тонна турп маҳсулотини саралаб, қадоқлаб, музлатгич омборида сақлаб қўйгандим.
Чет эллик ҳамкорлар билан музокаралар олиб борганимизда, улар “Ўзагроэкспорт” жамияти томонидан белгиланган 1 тонна турп нархи 175 - 228 АҚШ доллари миқдорида бўлганлиги, ундан ташқари божхона ва транспорт харажатлари борлиги учун харид қилишмади. Биз арзонроққа сотишни хоҳласак ҳам “Ўзагроэкспорт” тартиби бунга йўл қўймайди. Оқибатда маҳсулотларимиз музлатгич омборда қолиб кетди. “Ўзагроэкспорт”дан ёрдам сўраб борсак, елка қисишади. Нима қилишни билмаяпмиз”, дейди мева-сабзавотлар экспорти билан шуғулланувчи фирма раҳбари Бекзодбек Раимов.
Биргина Олтиариқ туманининг ўзида 20 дан зиёд музлатгич омборхоналар ишлаб турибди. Уларда минглаб тонна сабзи, турп, шолғом ва бошқа мева-сабзавотлар сақланмоқда.
“Кўриб турганингиз мана шу турп маҳсулотини мен деҳқондан 350 сўмга олганман. Уни қоплаб, транспорт харажати қилиб, музлатгичга олиб келишим билан 450 сўм бўлди. Беш ой музлатгич омборда сақлаш учун килосига 50 сўмдан тўладим. Ҳозир шу турпни таннархи 700 сўм. Мана кўриб турибсиз, бу ерда бошқа тадбиркорларнинг сабзи, шолғомлари ҳам турибди.
Ёз яқинлашяпти. Чет эллик ҳамкорга мен ҳозир “Ўзагроэкспорт” белгилаган 171дан 228 АҚШ доллари миқдорида олдиндан пул ўтказ, яна божхона ва транспорт харажатлари ҳам бор” десам қимматлиги боис маҳсулотимни олмаяпти. Ҳозир турпни тоннасига 50 доллардан харидорларим бор. Лекин, чегарадан маҳсулотни олиб чиқиб кетиш учун “Ўзагроэкспорт” белгилаган нарх бўйича ҳисоб рақамимга пул келиб тушмаган бўлса, божхона ўтказмайди. Энди, нима қилишимиз керак? Турпни кейинги мавсумгача музлаткичга сақласак, яна беш ой ижарага пул тўлаймиз. Таннархи икки баробар ошиб кетади.
Бир тадбиркор дўстимиз: “Ким оламан деса, мана шу музлатгичдаги турпнинг қопини 2 минг сўмдан бераман деяпти. Ахир қопни ўзи минг сўм турадику? Қанча маблағ ва меҳнат кетганига ачиняпмиз. Яна бир тадбиркор акамиз, 150 тонна турпни ахлатга олиб бориб ташлади”, дейди Бекзодбек.
Тадбиркор яхши ният билан банкдан кредит олган. Уни ойма-ой сўндириб бориш керак. Ҳозир тадбиркор сақлаган турпини 500 сўмдан бўлса ҳам зарарига сотиб юбормоқчи. Лекин, сота олмайди, чунки “Ўзагроэкспорт” қўйган нархда унинг ҳисоб рақамига чет элдан пул келиб тушсагина унинг маҳсулотини божхона чет элга чиқаради. Ташкилот белгилаган нарх 1800 сўм.
Олтиариқ туманидаги ахлатхонага борсангиз увол бўлиб, чириб ётган сабзавотларни кўрасиз. Деҳқон Ҳамидулло Дониёровнинг айтишича, у 150 тонна маҳсулотини ўша ерга ташлаган. Етиштириб, музлатгичда сақлаб, сўнг увол қилиб ахлатхонага олиб бориб ташлаш ақлга сиғмайди, тўғрими?
“35 миллион сўм зарар деҳқон учун катта сумма. 3 минг қопдаги маҳсулотимни ахлатхонага олиб келиб ташладим. Сабаби, харидор келмади. Музлатгичда сақласам яна пул тўлашим керак. Ахлатхонага олиб келиш харажати ҳам саккиз юз мингга тушди”, дейди деҳқон.
Ахлатхонада қанчадан-қанча бошқа турдаги сабзавотларни ахлатга айланиб ётганини гувоҳи бўлганимизда юрак эзилди.
“Биз “Ўзагроэкспорт”бориб, турпга чет элда 50 доллардан харидор борлигини айтдик ва юкларимизни экспорт қилишга ёрдам беришларини сўрадик. Лекин улар бизни эшитишни ҳам исташмади”, дейди тадбиркорлар.
Агар “Ўзагроэкспорт”мана шундай нореал баҳолаш билан шуғулланишни давом эттирса, деҳқон ва тадбиркорларга янада қийин бўлиши тайин.
Ҳар нарсани уволи бор. Деҳқон не машаққат билан маҳсулот етиштирди, уни сотиб даромад олмоқчи бўлди. Тадбиркор чет элга олиб чиқиб, сотишни маблағ топишни режа қилди. Ўроқда ва машоқда йўқ, бозорни маркетинг билан шуғулланувчи ходимлари ҳар куни ўрганмайдиган ташкилот томдан тараша тушгандек нореал нарх белгилади. Энди тадбиркор пулига куйди. Кейинги йил энди у деҳқондан нарса олиб музлатгичга қўя олмайди. Охир-оқибат яна оддий деҳқон ютқазади.
Ўтган йили шу кунларда экспорт қилувчи тадбиркорлар гилос боғи эгаларига олдиндан маҳсулотини учун заколат бериб қўйган эди. Бу йил “Ўзагроэкспорт” нархни белгилаб қўйди. Деҳқонлар ишониб, худди шу нархга харидор кутади. Лекин, ҳали ҳеч ким келгани йўқ. Фарғона бозорида гилоснинг бугунги нархи 7 мингдан тортиб 9 минггача экан.
Юқоридаги муаммолар нафақат фарғоналик, балки бутун Ўзбекистондаги экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларни оёғини боғлаб тургани бор гап.
Мазкур муаммоларнинг ечими бор. Бунинг учун рақамлар кетидан қувмасдан масала моҳиятига кириб борсак бўлгани. Дарвоқе, Вазирлар Маҳкамасининг «Янги узилган, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисида»ги НИЗОМнинг 3-бобида «Экспорт контрактлари Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг, мунтазам фаолият кўрсатадиган мева-сабзавот майдони ярмарка савдолари якунлари бўйича юзага келадиган ўртача нархлар ҳисобга олинган ҳолда ҳамда жаҳон бозорларидаги нархлар конъюнктурасидан келиб чиқиб, талаб ва таклифлар асосида шаклланадиган бозор нархлари бўйича тузилади» деб қайд этилган.
Бироқ : “«Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамиятининг эълон қилган нархлари қайси ярмарканинг қайси талаб ва таклифлари асосида белгилаган экан?” деган савол жавобсиз қолмоқда.
Ҳожибой қизиқнинг бир латифасида ойга чиққан фазогирлар биринчи бўлиб ер йўлдоши сатҳига қўнганидан хурсанд бўлиб турса, ракетани эшиги таққиллаб, фарғонача дўппи кийган киши : “Олтиариқдан келдик, турп, бодринг керак эмасми?” деб сўрайди.
Кулги ўз йўлига –ку, лекин, ўша олтиариқнинг уста деҳқон ва омилкор кишилари ҳозир маҳсулотини ахлатга ташлаяпти.
Ҳамкасбимиз Хуршид Далиев ўз мақоласида: “Гилоснинг бошига пиёзнинг куни келяпти”, дея ёзган эди. Ишқилиб, бошқа маҳсулотларимиз турпнинг ҳолига тушмасин...
Элмурод Эрматов, журналист
Ахрорбек Ёқубжонов олган суратлар.
Мавзуга оид
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024