Хорижий сайёҳлар орасида Ўзбекистоннинг қайси туристик йўналиши энг машҳур?
Хорижий мамлакатлардан келган сайёҳлар орасида Ўзбекистондаги энг машҳур туристик йўналиш ҳануз тарихий-маърифий туризмлигича қолмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов VisitUzbekistan журналига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилди.
"Бугунга келиб дунё миқёсида Ўзбекистондаги туристик йўналишларга қизиқишларнинг ошиб бораётгани кузатилмоқда. Мазкур вазият биринчи навбатда Президент Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат томонидан юритилаётган очиқ давлат сиёсати билан боғлиқ. Ўтган йили Ўзбекистонга узоқ хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган сайёҳлар сони тахминан 200 минг кишини ташкил қилди. 2018 йилда биз бу кўрсаткични 350 минг нафарга етказмоқчимиз. 2020 йилга бориб эса, бу рақамларни ярим миллион кишига етказишни режалаштиряпмиз. МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларини ҳисобга олганда эса, 2017 йилда Ўзбекистонга умумий ҳисобда 2,7 миллион чет эл фуқароси келган. Буларнинг аксарияти қўшни туркий мамлакатлар - Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон фуқаролари", - дейди А.Абдуҳакимов.
Унинг сўзларига кўра, Туркия фуқаролари учун визасиз режимнинг ўрнатилиши яқин 2-3 йилда туркиялик сайёҳлар сонини камида 3-4 бараварга (йилига 100-150 минг кишигача) оширишга умид қилиш имконини беради.
Хорижлик сайёҳлар орасида Ўзбекистондаги энг машҳур йўналиш аввалгидек тарихий-маърифий туризм бўлса-да, сўнгги йилларда тобора кўпроқ туристлар зиёрат туризмига қизиқиш билдиришмоқда. Яқин истиқболда зиёрат туризми ҳам ички, ҳам ташқи туризмда энг талабгор йўналишлардан бирига айланиши мумкин. Бунинг ажабланарли ери йўқ, зеро Ўзбекистон тўрт диний мерос (ислом, насронийлик, иудаизм ва буддизм)нинг тарихий марказидир. Агар бу йўналиш ҳақида батафсил сўзлайдиган бўлсак, бу ерда нафақат ислом ёдгорликлари ва муқаддас қадамжолар, балки аждодлар хотирасини ёд этиш мақсадидаги ташрифлар ҳам кўзда тутилади. Масалан, Исроил фуқаролари ўзларининг тарихий илдизларини унутиб юбормаслик учун ҳам Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабзга ташриф буюришади.
“Бироқ аэропортларда, темир йўл ва автовокзалларда, шунингдек меҳмонхоналарда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлида қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Бу зиёратчилар ташриф буюрадиган жойларда таҳорат ва ибодат хоналарини яратишни кўзда тутади. Ўзбекистонда диний анъаналар ва урф-одатларни инобатга олувчи меҳмонхоналар тармоғи, яъни зиёрат-меҳмонхоналари бўлиши керак. Умумий овқатланиш жойлари учун “Ҳалол” ва “кошер” стандартлари бўйича туристик саноат объектларини сертификатлаш тизимини жорий қилиш кўзда тутилмоқда”, - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси.
Ўзбекистонда туризмдаги икки асосий йўналишдан ташқари, яна этнотуризм, экотуризм, гастрономик ва экстремал туризм, агротуризм ва тиббиёт туризмини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мавзуга оид
17:37 / 12.11.2024
Ўзбекистон такси хизмати энг арзон давлатлар қаторига кирди
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024