Ўзбекистон | 02:21 / 20.05.2018
130297
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев нега Ўзбекистон учун АҚШ билан муносабатларни яхшилаш зарурлигини тушунтирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ билан муносабатлари ҳақида гапираркан, нега Ўзбекистонга АҚШ сармояси ва технологияси зарур эканлигига ойдинлик киритди. Бу ҳақда давлат раҳбари 19 май куни Улуғнор туманида ўтказилган йиғилишда маълум қилган. 

"Андижон аҳли яхши билади, буюк боболаримиз хоклари Ҳиротда. Ўзбек миллати учун Ҳиротгача етиб борсак, буюк боболаримиз руҳи мададкор бўлади. Албатта, бунда афғон халқининг манфаати бор, иқтисодиёти бор. Лекин, боболар руҳи шод бўлади, миллатим вакили ўтяпти, дейди. Шунинг учун, катта темир йўл қурилиши ташаббуси билан чиққандик, катта раҳмат, АҚШ Президенти Дональд Трамп қўллаб-қувватлаб, биз баённома қабул қилдик. Қўшма баёнотда ҳам АҚШ Афғонистондаги темир йўл қурилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шундан сўнг, Жаҳон банкига бориб, энди менга пул берасан, деб, улар билан дўстлашиб, дарров қўл қўйдириб олдик. Худо хоҳласа, шу кунларга етиб олсак, боболаримизнинг қабрини обод қиламиз. Шунингдек, Жаҳон банки гуруҳи билан 2 миллиард долларга тенг лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан битимлар тузилди. Америка компаниялари билан умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларга тенг 20дан ортиқ шартномалар имзоланди. Аслида, бу 8,5 миллиард доллар бўлиши режалаштирилганди, лекин нақдини ёзамиз, дедим. Шунга қарамай, 10-15 кун ичида 1,5 миллиард долларга тенг катта лойиҳага ҳам имзо қўямиз.

Хуллас, бир нимани тушунинг: нима учун бизга АҚШ сармояси, технологияси керак? Чунки, унақа технология ва ишланмалар ҳали Ўзбекистонга кирмаган. Энг ривожланган, кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди, лекин АҚШ технологияси кирган давлатда ҳисоб-китоб жойида бўлади. Уларнинг технологияси кирган жойда коррупция, ўғрилик бўлмайди. Бу бир мезон, тарозининг палласи бўлади. Шунинг учун, улар осонлик билан биронта давлатга сармоясини киритмайди", – дейди Президент.

Мавзуга оид