Жамият | 00:45 / 29.05.2018
66792
4 дақиқада ўқилади

Аллоҳ сабрлилар биландир...

Фото: kun.uz

Мунофиқлик жуда хавфли иллат ҳисобланади. Чунки мунофиқни жамиятда ажратиб олиш қийин: у исталган одам бўлиб олаверади. Унинг барча айтганлари тил учида бўлиб, қалбидагини ҳеч ким билмайди. Фақат Аллоҳгина унинг хаёли ва қалбидан ўтаётганларни жуда яхши билиб туради. Ҳақиқий мўминлар бошларига мусибат етганида ҳам ўзгармайдилар, мунофиқлар эса синовлардан ўта олишмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Анкабут сураси, 2- ва 3-оятларида шундай марҳамат қилади: «Одамлар «иймон келтирдик» дейишлари ила имтиҳон қилинмай тарк этилишларини ўйладиларми? Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак».

Гарчи Аллоҳ ҳар бир одамнинг ҳақиқий мўмин бўлиб-бўлмаганини яхши билса-да, Аллоҳ ҳар бир одамнинг қиёматда ўзига ўзи гувоҳ бўлиши учун уни ҳар хил синовлардан ўтказишини билдириб қўйган. Яъни, одамлар тиллари билан биз Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирдик, дейишлари етарли эмас, улар ҳаётларида ҳар хил синовлардан ўтадилар ва ҳақиқий мусулмон одам ана шу синовлардан ўтиш даврида билинади. Аллоҳ биздан олдинги ўтган одамларни синаганидек, бизни ҳам синаши муқаррардир. Ва бу синовларни натижаси ўлароқ Аллоҳ ҳақиқий мусулмонларни ва ёлғончиларни очиқ-ойдин кўрсатиб қўяди.

Аллоҳ таоло доимо сабрли бандалари билан бирга. Шу боис У мусулмонларга қийинчилик келганида қандай қилиб ёрдам сўраш кераклигини ўз каломида ўргатиб қўйибди. Жумладан, Бақара сурасининг 153-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир».

Демак қийинчилик бўлганида сабр ва ибодат билан ёрдам сўралар экан. Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан мусулмон одам ўзини тийиши керак, гарчи унинг нафси шу нарсаларга буюрса ҳам. Ва ибодат эса, қийин бўлса ҳам Аллоҳнинг буюрганларига итоат қилиши (намоз, рўза, закот ва бошқа ибодатлар), гарчи унинг нафси бу нарсаларни истамаса ҳам. Ва Аллоҳ ваъда қилиб айтадики, у шундай қилган одамлар билан биргадир. Яъни, у шундай одамларни ҳеч қачон ташлаб қўймайди ва улар сўраган ёрдамларини, албатта, беради.

Жумладан, Бақара сураси, 155-156-оятларида шундай марҳамат қилинади: «Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар».

Аллоҳ одамнинг ҳаётлик пайтида уни ҳар хил йўллар билан синашини билдириб қўйган. Булар қаторига қўрқинчга дучор бўлишлик, оч қолишлик, бойликдан (мол-давлатдан) маҳрум бўлишлик ва яқин одамларидан айрилиб қолишлик, экилган нарсалари нобуд бўлиши каби ҳодисалар киради. Аммо Аллоҳ шундай синовлар келганида сабр қилганлар учун хушхабар борлигини айтаяпти. Бундай одамлар, шундай синовларга учраганларида «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дейишади. Яъни, қандай балолар келишидан қатъи назар, улар синовдан ўтаётганларини яхши билишади ва ҳаётий муаммолар бу одамларни тушкунликка тушириб қўймайди. Балки бу қийинчиликлар ортидан гўзал мукофотлар борлигига қаттиқ ишонишади.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид