Ўзбекистон | 21:13 / 29.05.2018
7972
6 дақиқада ўқилади

Президент ташаббуси билан очилган Илғор технологиялар маркази KUN.UZ нигоҳида 

2018 йилнинг 19 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Илғор технологиялар марказини ташкил қилиш тўғрисида"ги 3674-сонли қарорини имзолади. Унда илмий ва инновацион фаолиятнинг ривожланишини фаоллаштириш, фан, таълим ва ишлаб-чиқаришнинг янада кенг интеграциясини таъминлаш, янги билимларни яратиш ва кўллаш, илғор инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни ишлаб-чиқиш ва жорий этишда илмий-инновацион салоҳиятдан ва илмий лаборатория базасидан самарали фойдаланиш бўйича шароитлар яратиш вазифаси белгилаб берилди. 

Илғор технологиялар маркази Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситалари вакилларини ўз фаолияти билан яқиндан танишишга таклиф қилди. Журналистлар шу куни ўзларини олим сифатида синаб кўришди, бунда уларга марказнинг ёш олимлари кўмак беришди. ОАВ вакилларини Илғор технологиялар маркази директори, биология фанлари доктори Шахло Турдиқулова кутиб олди ва марказ фаолиятига доир тақдимот ўтказди.  


Журналистлар кўпчилик бўлгани учун бизни тўрт гуруҳга ажратишди ва ҳар бир гуруҳ марказ ходими етакчилигида турли лаборатория станцияларига навбатма-навбат "саёҳат қилди". Улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб "Биотехнология", "Микробиология", "Биофизика", "Лазер" станцияларида бўлишди. 

Биринчи станцияда журналистлар оксидатив стресс даражасини аниқлаш учун қон таҳлили топширишди. "Оксидатив стресс организмнинг ҳар қандай таъсирга жавоби ҳисобланади. Куйиш, инсульт, юрак хуружи, онкологик касалликлар қўшни органларга ҳам салбий таъсир кўрсата бошлайди. Бу эволюцион жараёндир", - дея изоҳ беради олимлардан бири. Унинг сўзларига кўра, организмда мавжуд ҳар қандай модда, рўй бераётган ҳар қандай жараён муайян мазмунга эга.

Стресс даражаси бўйича тадқиқот жавоблари марказ бўйлаб саёҳатимиз тугашига тайёр бўлди ва ҳар бир гуруҳга жавоблар туширилган қоғозлар тарқатилди. Таъкидлаш жоизки, аксарият ОАВ вакилларида бу кўрсаткич меъёрдан юқори чиқди. 

Биотехнология станциясида оғиз бўшлиғидан таҳлиллар олиниб, унинг микрофлораси ўрганилди ва бу жараёнда журналистларнинг ўзлари ҳам иштирок этишди. 

Олимлар махсус қурилма ва жараёнлар ёрдамида микрофлорада ҳам ижобий, ҳам салбий бактериялар борлигини кўрсатишди ва бу табиий ҳолат эканини тушунтиришди.

Албатта, салбий бактерияларнинг меъёрдан юқори бўлиши инсоннинг шифокорга мурожаат қилиш вақти келганига ишора экани айтилди.

Кейинги станцияда авиация, автосаноат, кимё саноати, энергетика йўналишидаги тадқиқотлар олиб бориши маълум қилинди. Бу лабораторияда қаттиқ металлардан бири лазер ёрдамида уч нуқтадан тешилди, бироқ буни "қуролланмаган" кўз билан кўришнинг иложи бўлмади (бизнинг назаримизда темир қандай бўлса, шундайлигича қолгандек эди, гўё). Бу дарчаларни махсус сканерловчи микроскопда кўриб ўрганиш учун кейинги хонага таклиф қилишди. 


Бизга йўқдек кўринган тешиклар сканерловчи микроскопда яққол кўриниб турарди. 

"Германия компаниясининг янги қурилмаси турли материалларнинг микротузилмасини ўрганишга мўлжалланган. У оддий оптик микроскопларимиздан фарқ қилади. Биз унда ёруғлик нури ёрдамида катталаштирилган тасвирга эга бўламиз. Оптик микроскоп ёрдамида материалларни 1000 марта катталаштириб кўришимиз мумкин. Янги микроскопда эса уларни 25 000-30 000 карра катталаштириб ўрганиш имкони бўлади", - дейди олим. 

Бу микроскопга талаб биринчи навбатда тоғ-металлургия комбинати ишлаб чиқарувчилари, Фанлар академияси институти, Artel ва бошқа хусусий компаниялардан келиб тушади. 

Дарвоқе, дарча кўрамиз деб микроскоп остида тушунарсиз  тасвирга кўзимиз тушди. Маълум бўлишича, бу оддий чангнинг микроскоп остидаги кўриниши экан.

Навбатдаги тадқиқотимиз топширилган қондан ДНКни ажратиб, унинг таҳлили асосида инсоннинг гипертонияга генетик мойил ёки мойил эмаслигини аниқлашдан иборат бўлди, яъни ушбу тадқиқот давомида ACE гени таҳлил қилинди. ACE гени қон босими ва организмнинг сув-туз алмашинувини тартибга солишда муҳим роль ўйнайди. 

Бу лабораторияда ҳар бир журналист ёш олимлар ёрдамида ўз ДНКси билан ўзи ишлади. Бунда автопипетка, центрифуга кабилар билан ишланди. Ярим соат деганда қондан ДНКни ажратишга муваффақ бўлдик. Жавобларни почта орқали йўллашга ваъда беришди. Назаримда, энг қизиқ тадқиқот шу ерда бўлди (ҳар ҳолда, шахсан мен учун шундай). 

Тадқиқот сўнггида барча журналистлар табиат қўйнига сейсморазведкага йўл олдик. Бу ерда сейсмик фаоллик имитация қилинди. 

Журналистлар учун бундай тадқиқотларда иштирок этиш ва жараённи шахсан кузатиш жуда қизиқ бўлди. Аксарият бу уларнинг фаолиятидаги энг қизиқарли тур бўлганини таъкидлади.

Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш, олимлар фаолиятига қулайлик яратиш, ёш олимларга янгидан-янги ихтиролар учун йўл очилаётганига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлиб қувондик, тўғриси. Уларнинг ҳар бири ўз ишини жуда яхши кўриши биз учун тушунарсиз ва мураккабдек туюлган жараёнларни меҳр билан берилиб тушунтиришларидан аён. Илғор техника маркази ходимларининг айтишларича, у ердаги баъзи техник қурилмалар Ўзбекистонда ягона ҳисобланар экан. Шундай экан, Илғор техника маркази олимларидан Ўзбекистон ривожи йўлида хизмат қиладиган янгидан-янги ихтиролар ва кашфиётларни кутиб қоламиз. 


Лола Раҳмонбоева
Kun.uz

Мавзуга оид