Габриэль Жезус — кўчаларда бўёқчилик қилган йигитча Бразилия термаси билан мундиалга отланяпти
Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатининг фаворитларидан бири Бразилия терма жамоаси ҳисобланади. Унинг бош юлдузи - «ПСЖ» ҳужумчиси Неймардир. Аммо, жамоада мухлислар умид билдираётган бошқа етакчилар ҳам бор. Улардан бири — 21 ёшли ҳужумчи Габриэль Жесус.
Бир неча йил олдин у терма жамоа либосини кийишни фақат орзу қилиши мумкин эди: Габриэль фаолиятини қамоқхона ҳудудидаги қум майдонда бошлаган, ўтган мундиалда эса ўйинларни ТВ орқали томоша қилиб, қадрдон шаҳри кўчаларида бўёқчилик қилган.
Жезус Сан-Паулу шаҳрининг қашшоқ даҳасида туғилиб, ўсган, футбол ўйнашни бошлади. 8 ёшида маҳаллий футбол мактабига киради. Тенгдошлари жиноий гуруҳларга ўралашиб, отишмаларда қурбон бўлаётган бир пайтда, Габриэль машғулотларни ўтказиб юбормай, фақат футбол билан яшайди.
Бир неча йиллардан сўнг, Жезус Сан-Паулу шаҳрининг энг машҳур клубларидан бири — «Палмейрас» академиясига ўтди. У ерда бир мавсум давомида 22та ўйинда майдонга тушиб, 37та гол уради ва маҳаллий юлдузга айланди.
2014 йили Бразилия жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Катта турнирга бутун шаҳар тайёргарлик кўрди. Кўплаб одамлар қатори, Жезус ҳам қадрдон шаҳрига ёрдам бериш мақсадида, кўчалардаги бордюрларни бўяб чиқади. У пайтда 17 ёшли Габриэль «Палмейрас» ёшлар жамоасида тўп тепаётган ва Бразилия терма жамоаси либосини кийишни фақат орзу қилиши мумкин эди.
2016 йили Жезус Бразилия терма жамоасидан чақирув олди ва Неймар билан бирга тўп тепиб, Рио-де-Жанейро олимпиадаси олтин медалини қўлга киритди.
Кейинчалик Жезус Англияга кўчиб ўтиб, «Манчестер Сити» клуби билан чемпион бўлди, Бразилия миллий терма жамоасининг асосий таркиб футболчисига айланди. Яқинда ўтказилган Хорватияга (2:0) қарши ўртоқлик ўйинида эса, жамоадошларини сардорлик боғичи билан майдонга олиб тушди.
Жезус туғилиб ўсган қадрдон даҳасида эса унинг сурати уйларнинг деворларига чизилди. Унда футболчининг қўлида телефон билан худди қўнғироқ қилаётгандек ишораси тасвирланган. Жезус голларини айнан шу тарзда нишонлайди. Ўзининг камолга етиши учун кўп нарса қилган онаси билан шу тарзда, ҳаёлан гаплашади, унга миннатдорчилик билдиради.
Айни пайтда Габриэль 14 июнь куни Россияда старт оладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўряпти.
«Ҳатто энг олий орзуларимда ҳам бундай ютуқларга эришаман деб ўйламаган эдим. Биламан, кўплаб болакайлар жаҳон чемпионатларидан олдин, бордюрларни бўяб чиқишади. Балки улар катта клубларда ўйнамаётган бўлиши мумкин. Балки уларга бундай ютуқларга эришолмайсан деб таъкидлаётган бўлишлари мумкин. Аммо, уларга орзу учун курашни ҳеч қачон тўхтатмасликларини айтган бўлардим», — деб Жезус сўзларини келтирмоқда The Players Tribune.
Мавзуга оид
02:08 / 03.12.2022
ЖЧ-2022. Бразилия тўплар нисбатига кўра гуруҳда 1-ўринни эгаллади, Швейцария — плей-оффга чиққан сўнгги жамоа
02:41 / 25.11.2022
ЖЧ-2022. Бразилия мундиални Сербия устидан қозонилган ғалаба билан бошлади
09:13 / 27.03.2019
Ўртоқлик учрашувлари. Аргентина Марокашни, Бразилия Чехияни мағлуб этди
08:40 / 24.03.2019