Жамият | 19:41 / 07.06.2018
8025
2 дақиқада ўқилади

Масжидларда закот ва бошқа хайрия маблағларини ўтказиш учун инфокиоскалар ўрнатилди

“Вақф” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳридаги 12 та масжидга ҳамда Зангиота мажмуасига тижорат банклари билан ҳамкорликда хайрия, вақф, закот, ушр, фитр ва фидя тўловларни амалга ошириш учун инфокиоскалар ўрнатди. Бу ҳақда ЎМИ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фонд Kapitalbank ва Ipak yo'li banki билан ҳамкорликда пойтахтнинг 12 та масжидига нақд пул ёки пластик карта орқали доимий тўловлар билан биргаликда мусулмонларга фарз бўлган закот ва бошқа хайрия тўловларини амалга ошириш учун инфокиоскалар ўрнатди.

Фото: ЎМИ Матбуот хизмати

Инфокиоскалар ўрнатилган масжидлар рўйхати:

1. Ҳазрати Имом масжиди
2. Минор масжиди
3. Шайх Зайниддин масжиди
4. Мирза Юсуф масжиди
5. Новза масжиди
6. Шайх Зиёвиддин масжиди
7. Бўрижар масжиди
8. Абдуллоҳ ибн Масъуд масжиди
9. Катта Қозиработ масжиди
10. Имом Бухорий масжиди
11. Ракат масжиди
12. Хўжа Аламбардор масжиди

Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги Зангиота мажмуасида ҳам инфокиоска ўрнатилган бўлиб, ушбу инфокиоскалар Ўзбекистон мусулмонларига молиявий ибодатларини бажаришда ва хайр-саховат қилишда кўмакчи бўлади.

Инфокиоскалар орқали закот ва бошқа маблағларни ўтказиш тартиби:

Керакли тиллардан бирини танлаб, тўлов хизматлари тугмаси босилади. Сизга турли тўлов хизматлари, жумладан, “ВАҚФ Хайрия”, “ВАҚФ закот, фидя, фитр, ушр” ва “ВАҚФ вақф” хизматлари ҳам таклиф этилади. Керакли бўлимни танлаб банк картаси ёки нақд пул бандларидан бири танланади. Керакли сумма киритилади. Шу билан тўлов “Вақф” хайрия жамоат фондининг керакли бўлимига келиб тушади.

Мавзуга оид