Ўзбекистон | 12:11 / 12.06.2018
28520
4 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармаси ишловчи пенсионерларга тўлиқ миқдорда пенсия тўлашни таклиф этмоқда

Фото: KUN.UZ

2018 йил 1 май ҳолатига Ўзбекистон Республикасида 3,3 млн. нафардан ортиқ пенсия ва нафақа олувчилар мавжуд бўлиб, шундан 103,1 минг нафар (ёки 3,2 фоиз) фуқаролар пенсияга чиққандан сўнг иш фаолиятларини давом эттиришмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Амалдаги қонунчилик талабларига асосан, пенсионерлар ишга жойлашган тақдирда уларга пенсиялар 50% миқдорида иш жойидан амалга оширилади (айрим тоифадаги пенсионерлардан ташқари). Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ушбу тартиб жаҳон амалиётида бошқа давлатларда мавжуд эмас.

2017-2018 йилларда ҳудудларда ўтказилган сайёр учрашувлар ҳамда фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ишловчи пенсионерларга 50% миқдорда пенсия тўлаш тартиби уларни пенсияга чиққандан сўнг норасмий равишда иш фаолиятини давом эттиришларига сабаб бўлмоқда.

Пенсия тўловларини белгиланган тартибда амалга оширилиши юзасидан Давлат молиявий назорат бошқармалари ҳамда бошқа назорат органлар томонидан ўтказилаётган текширишларда кўплаб иш берувчилар ва пенсионерлар томонидан ишлаётганлиги тўғрисида Пенсия жамғармасига маълум қилмаганлиги оқибатида тўлиқ миқдорда пенсия олиши билан боғлиқ ортиқча тўловлар аниқланмоқда.

Ўз навбатида, ушбу йўналишда ўтган йил давомида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2017 йил 1 апрел ҳолатига 4 та тоифадаги пенсионерлар (I-II гуруҳ ногиронлари, уруш қатнашчилари, маҳалла раислари ва уларнинг диний-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари) тўлиқ миқдорда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган. Ўзбекистон Республикаси президентининг қатор фармон ва қарорларига асосан бугунги кунда 31 тоифадаги пенсионерлар («Халқ» ва «Хизмат кўрсатган» фахрий унвонларига эга пенсионерлар, тиббиёт муассасалари шифокорлари, «Нуроний» жамғармаси, «Оила» маркази, Мажбурий ижро бюроси ва нодавлат-нотижорат корхоналари ходимлари, спорт фахрийлари ва бошқалар)га тўлиқ миқдорда пенсия олиш имтиёзлари берилиб, 26,7 минг нафар (ёки 26 фоиз) ишловчи пенсионерларга тўлиқ миқдорда пенция тўланмоқда.

Бироқ фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ҳали етарли эмаслигидан далолат берган (2018 йилнинг январь-май ойларида Пенсия жамғармасига ишловчиларга пенсия тўлови билан боғлиқ мингдан ортиқ ёзма ва оғзаки мурожаатлар келиб тушган).

Ушбу мурожаатларда фуқаролар пенсиядан сўнг жамғармага суғурта тўловлари давом эттирилса ҳам ўзларининг кўп йиллик меҳнати эвазига тайинланган пенсияларидан чегириб қолинишидан юзасидан норозилигини билдирмоқдалар. Шунингдек, иқтисодиётнинг хусусий секторида фаолият юритаётган хусусий корхона раҳбарлари, тадбиркор ва фермерлар томонидан қонунчиликнинг ушбу нормасига ўзгартириш киритиш таклифлари берилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, пенсия таъминоти соҳасида мавжуд муаммолар танқидий муҳокама қилиниб, тизимда ижтимоий адолат ва самарадорликни ошириш мақсадида Пенсия жамғармаси томонидан ишлаб чиқилган «Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш» Концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб ишловчиларга тўлиқ миқдорда пенсия тўлашни жорий қилиш таклиф этилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ишловчиларга тўлиқ миқдорда пенсия тўланиши учун 2019 йилда Пенсия жамғармаси томонидан қўшимча 363,0 млрд. сўм маблағ ажратилиши кутилмоқда.

Ушбу қўшимча харажатлар жамғарма даромадларини тўлиқлилигини таъминлаш, ишловчи фуқаролар иш фаолиятларини расмий рўйхатдан ўтказишлари ҳамда жамғармага суғурта бадали тўловчиларини жалб қилиш ҳисобига қопланиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молия вазирлиги иш ҳақи тўловлари тўланиш ҳолати юзасидан ахборот берганди.

Мавзуга оид