Жаҳон | 17:20 / 04.07.2018
8315
3 дақиқада ўқилади

Малайзияда Имом Бухорийнинг қадимий қўлёзма нусхалари кўргазмаси бўлиб ўтди

2018 йил 3 июль куни Малайзия ислом илмлари жомияси ва “Arab Researcher ID” (ARID) халқаро илмий форум ҳамкорлигида ўтказилган “Қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларга бағишланган иккинчи халқаро конференция” иши якунланди. Малайзиянинг Нилай шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро конференцияда Саудиядан келган “Сунна ва турос ан-набавий маркази” мудири шайх, доктор Мажид ибн Муҳаммад ал-Жуҳаний Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул-Бухорий” асарининг қадимги қўлёзма нусхалари ва унга ёзилган шарҳлар бўйича маъруза қилиб, “Саҳиҳу-л-Бухорий” асари қўлёзма нусхалари тўғрисида қимматли маълумотлар берди. Бу ҳақда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати хабар бермоқда.  

Маърузадан сўнг “Саҳиҳул-Бухорий” асарининг энг қадимги нодир қўлёзмалари кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда “Саҳиҳу-л-Бухорий”нинг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қадимги ва нодир нусхаларидан намуналар намойиш этилди. Кўргазма намойиши давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Ш. Умаров ва Б. Амоновлар ҳам ўз маърузалари билан иштирок этишиб, “Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси” ҳақида маърузалар қилишди. Шу билан бирга Марказ томонидан нашрдан чиққан “Имом Бухорий таърифи” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Китобнинг бошқа тилларга ҳам таржима этилиши, барча иштирокчилар ўзларида мавжуд бўлган тарихий аҳамиятга молик асарлар ҳамда қўлёзмалар фиҳристини доимий алмашиб туришга келишиб олинди.

Турли давлатлардан, хусусан араб давлатларидан ташриф буюрган иштирокчилар ўртасида илмий-амалий ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди. Шунингдек, буюк алломалар ҳаёти ва илмий меросини ўрганишда халқаро ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш ва қўзёзмаларни сақлаш ва уларни тадқиқ этиш борасида доимий ахборот алмашишга асос солинди. 

Мазкур қўзёзмалар кўргазмаси анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Кўргазма сўнгида анжуман иштирокчиларига доктор Мажид ибн Муҳаммад ал-Жуҳаний ўзининг “Саҳиҳул-Бухорий асари ва унга ёзилган шарҳларнинг қадимий нусхалари” номли китобини тақдим этди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид