Жаҳон | 20:52 / 09.07.2018
5925
2 дақиқада ўқилади

Японияда кучли ёмғирлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 126 нафаргача етди

Японияда кучли ёмғирлар ва улар оқибатида содир бўлган кўчки ва тошқинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 126 нафарга етди, яна 60 дан кўпроқ киши бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда. 

Киодо ахборот агентлиги маълумотларига кўра, энг кўп қурбон Хиросима (47 киши), Окаяма (36 киши) ва Эхимэда (26 киши) қайд қилинган. Киото, Ямагути, Фукуока, Хёго, Кагосима, Гифу, Сига, Коти ва Сагада яна 17 киши ўлик топилган.

6 июлда Япониянинг марказий ва жануби-ғарбий қисмига кучли ёмғирлар ёпирилган. Бир неча кун ичида Гифу префектурасига 1050 ммдан кўпроқ, Эхимэга 745 мм, Киотога 465 мм, Хиросимага 442 мм, Хёгога 430 мм, Окаямага 310 мм ёмғир тушган. Ёғингарчилик миқдори ўртача ойлик меъёрдан 2-3 баробар кўпроқни ташкил қилган.

Ёмғирлар оқибатларини бартараф этиш ва қидирув-қутқарув ишларида полиция, ўт ўчириш хизмати ва мудофаа кучларининг 74 мингга яқин ходими иштирок этмоқда. Шунингдек, ушбу ишларга 73 та вертолёт жалб этилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид