Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Таэквондо бўйича кумуш медаль соҳиби нимадан хафа бўлганини айтди
Айни кунларда Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида 18-марта ташкил этилган Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Мусобақага ўзбекистонлик спортчилар ҳам иштирок этишмоқда ва жамоа ҳисобига қатор медаллар қўшиб боришмоқда. Ана шундай спортчилардан бири, Ўзбекистон таэквондо жамоасининг -58 вазн тоифаси вакили Ниёз Пўлатов кумуш медаль билан тақдирланди. У ўтказилаётган мусобақа ҳақидаги ўз таассуротларини KUN.UZ таҳририяти билан бўлишди.
- Мен Осиё ўйинларида илк бор иштирок этдим. Бу мен учун катта шараф. Бундан ташқари, мен куч синашган рақиблар жуда кучли эди, улар орасида жаҳон чемпионлари ҳам бор эди, шу сабаб баҳслар осон кечмади. Ютуғимни Ватанимга, президентимга, ота-онам ва мени дуо қилиб қўллаб-қувватлаган барчага бағишлайман.
Ҳар бир спортчининг ичида ғолиб бўламан, деган ният ётади. Мен ҳам мана шу мусобақа олдидан финалга чиқишни жуда истаган эдим. Финалга чиқдим ҳам, аммо мағлубиятга учрадим. Шоҳсупада турар эканман, ичимдан озгина хафагарчилик ўтди. Чунки биринчи ўринни қўлга киритсам, Ўзбекистон байроғи бундан ҳам баландда турар, мамлакатимиз мадҳияси янграр эди. Бугунги хатоларимни тўғирлаб, кейинги мусобақаларда олтин медални қўлга киритиш ниятим бор.
Кейинги йил Англиянинг Манчестер шаҳрида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда қатнашиб, совринли ўринни қўлга киритмоқчиман. Бундан ташқари, энг катта орзуим Олимпиадада қатнашиб, совриндорлар қаторидан жой олишдир, - деди у.
Ниёз Пўлатов мусобақанинг энг ёш иштирокчиларидан бири, у эндигина 19 ёшни қаршилади. Баҳсларда спортчи Ниёз Пўлатов нимчорак финалда Хитой Тайпейидан ташриф буюрган Ҳу Куангюни 30:28 ҳисобида, чорак финалда эса таиландлик Савеквиҳаре Рамнаронгни 23:21 ҳисобида мағлубиятга учратганди. У ярим финалда эронлик Ашур Зидо Фаллоҳ Фарзонни 15:13 ҳисобида (3:2, 5:2, 7:9) енгган эди. Пўлатов олтин медаль учун баҳсда жанубий кореялик Ким Тайхунга қарши чиқди ва 6:24 ҳисобида (1:2, 1:9, 4:13) имкониятни бой бериб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, таэквондо бўйича баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Дмитрий Шокин (+80кг) кумуш медал, қизлар ўртасидаги баҳсда эса Светлана Осипова (+67кг) бронза медални қўлга киритишди.
Индонезияда ўтаётган Осиё ўйинлари баҳслари 2 сентябрга қадар давом этади.
Мавзуга оид
18:48 / 12.02.2025
Ўзбекистон 26 йилдан сўнг қишки Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритди
20:49 / 02.12.2024
МОҚ ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари-2025 мезбонлиги Ўзбекистондан олиб қўйилганига изоҳ берди
20:29 / 07.10.2023
Осиё ўйинлари кундалиги. Яна икки олтин ва янгиланган рекорд
18:46 / 06.10.2023