Жамият | 23:31 / 21.08.2018
27395
4 дақиқада ўқилади

Тойлоқнинг Туёқли қишлоғи чиндан ҳам унутилганми?

KUN.UZ таҳририятига Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг Туёқли қишлоғи фуқаросидан мурожаат келиб тушди.

«Мен Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Дўстлик маҳалласи Туёқли қишлоғида яшайман. Дарё бўйида яшаймиз. Газ балонлари вақтида тўлдирилмайди. Қишлоғимизда ичимлик суви ҳам муаммо. Свет яхши ёнаётгганига 5 ой ҳам бўлмади. Қарзларинг бор, деб кўпчиликдан пул ундиришди. Кейин яна ўша «эски ҳаммом — эски тос». 1968 йилда ўрнатилган трансформатор ҳар ҳафта бузилади.

Сизлардан илтимос, бизни ҳам эшитадиганлар бормикан, ёрдам беринг. Унутилган Туёқли деган қишлоқ борлигини ҳам мутасаддилар билишсин», —  деб ёзилган мурожаатномада.

Мурожаатчи айтганидек, ҳақиқатан ҳам бу қишлоқ унутилганми? Шу саволга жавоб топиш ва қишлоқдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, аҳолининг яшаш шароити билан танишиш мақсадида ушбу мурожаатни жойига бориб ўргандик.

Туёқли қишлоғи Тойлоқ туманининг чекка ҳудудида, Зарафшон дарёсига яқин жойлашган. «Дўстлик» маҳалласи таркибида бўлган ушбу қишлоқда 600 га яқин аҳоли истиқомат қилади.

Қишлоқ аҳолисини қийнаётган масалалардан бири бу туман марказига транспорт қатновининг йўқлигидир. Фуқароларнинг таъкидлашича, фақат бозор бўладиган кунлари (пайшанба-жума) «Дамас» ва бошқа автотранспорт воситалари қатнайди. Қолган кунлари бу муаммога айланади. Сабаби, катта кўчадан қишлоққа кириш учун анча масофада бор. Бу масофани босиб ўтишга ҳаммада ҳам шахсий автоулов йўқ. Хуллас, амаллашади.

Туёқли қишлоғи дарё яқинида жойлашганлиги сабабли дарёдан олинган шағал, қум ва тош билан тўлдирилган юк машиналари шу қишлоқ ичидан ўтади. Қишлоқ аҳолисининг қийнаётган асосий муаммолардан бири шу. Боиси, юк машиналар қатнови кечаю-кундуз тинмайди. Кечаси аҳолининг тинчи бузилса, кундузи шағал тўкиб қўйилган йўлдан юк машиналари туфайли кўтарилган чанг хонадонларга ёпирилади.

Қишлоқда ҳақиқатан ҳам электр энергияси муаммоси мавжуд. 1968 йилда ўрнатилган трансформаторда қувватидан ошиқ уланишлар бор. Шу туфайли трансформатор тез-тез бузилиб туради. Аҳолининг ўзи унинг таъмири учун пул йиғади.

Аҳолини ичимлик сув муаммоси ҳам қийнаб келмоқда. Қишлоқ ўртасида артезиан кавланиб, «башня» ўрнатилган. Шу ердан ичимлик сув хонадонларга ташилади. Қиш ва ёғингарчилик кунлари бу юмуш фуқароларга бир қатор қийинчиликлар туғдиради.

Қишлоқда 35-мактабнинг филиали жойлашган. 50-60 нафар ўқувчига мўлжалланган мактабда 4-синфгача таълим берилади. Бир қаватли мактаб биноси маънан эскирган, таъмирталаб. Яқинда бошланадиган ўқув йили муносабати билан ҳаминқадар таъмирлаб қўйилган. Мактаб ҳовлисида ўқувчилар учун бирорта ўйин ёки спорт майдончаси йўқ. Ичимлик суви мактаб қоровулиникидан ташиб ичилади.

—  Нафақат мактабда, балки умуман қишлоғимизда бирорта спорт майдончаси, стадион ҳам йўқ, —  дейди шу қишлоқда истиқомат қилувчи Ф.Каримов. —  Қишлоғимиз ёшлари бўш вақтини мазмунли ўтказишга умуман шароит йўқ.

Ҳақиқатан ҳам қишлоқда ўйингоҳлар йўқ, бирорта савдо дўкони, ошхона, дорихона, боғча ёки бошқа ижтимоий объектларни учратмайсиз.

Қишлоқ фуқаролари айтишича, бу юқоридаги муаммолар юзасидан ҳокимлик ва бошқа масъул идораларга кўп бора мурожаат қилишган. Аммо натижа бўлмаган. Фақатгина яқинда суюлтирилган газ муаммоси ҳал этилган.

Мурожаатчи айтганидек, бу қишлоқни умуман унутилган, дейиш ноўрин. Аммо муаммолар йўқ эмас. Уларнинг барчаси туман мутасаддиларининг озгина эътибори билан ечимини топадиган масалалардир.

Туман мутасаддилари қишлоқдаги ушбу муаммолар ечимига ҳам эътибор қаратишига умид қиламиз. Акс ҳолда, қишлоқ аҳолиси «бизнинг қишлоғимиз унутилган экан-да», деган ўйда юраверишади.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ.

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид