Ўзбекистон | 13:23 / 27.08.2018
11083
2 дақиқада ўқилади

Депутат: Ижтимоий тармоқларда  жойлаштирилган ҳар бир маълумот депутатлик назоратида

Фото: Facebook/УзА

Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати, ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари ўринбосари Нуриддин Зайнитдинов барча хусусий Telegram-каналлар асосчилари ва маъмурларига мурожаат билан чиқди.

“Охирги кунларда текширилмаган ва ўрганилмаган видео материаллар  Telegram-каналларда тарқалиб, уларни депутатлар томонидан текширилиб ўрганилганда муаллифлар томонидан ёлғон маълумотлар тарқатилгани, оммани фикрини чалғитишга уриниш ва туҳмат ҳолатлар аниқланмоқда.

Мисол учун болалар уйидаги ҳолат бўйича видео каби, манбаси номаълум ва ёлғон маълумотлар кўрсатилган материаллар.

Сизлардан келгусида жойланаётган материалларни чуқурроқ ўрганиб, манбаларини маълум қилган ҳолда, имкон қадар текширилган материалларни жойлашингизни сўрайман.

Ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумот ва материаллар тарқатганларга тааллуқли қонун бўйича жавобгарлик чоралари кўрилиши мумкин.
 
Ижтимоий тармоқларда  жойлаштирилган ҳар бир маълумот ва материаллар Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман кенгашлари депутатларининг доимий депутатлик назоратидадир.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари депутатлар томонидан ўрганилади ва тегишли чора-тадбирлар кўрилади”, - деб ёзади депутат.

Мавзуга оид