Жаҳон | 21:10 / 28.08.2018
11705
2 дақиқада ўқилади

Порошенко Украина ва Россия ўртасидаги дўстлик шартномасини бекор қилишни буюрди

Фото: EPA

Украина президенти Петр Порошенко мамлакат ташқи ишлар вазирлигига Россия билан дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги шартномани бекор қилишга тайёргарлик кўриш топшириғини берди. У бу ҳақда 28 август куни маълум қилди, деб хабар берди «Европейская правда».

«Бугун биз етарлича тайёргарлик кўрилган ва юридик жиҳатдан ҳимояланган яна бир қадамни ташлашга – Москва айби билан аллақачон эскилик сарқитига айланган Украина ва РФ ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги шартномани бекор қилишга етиб келдик», — деди у Украина хорижий дипломатик муассасалари раҳбарлари билан учрашувда.

Украина президенти ТИВ аллақачон тегишли топшириқни олганлигини ва Киев яқин вақт ичида керакли қадамни ташлашини маълум қилди.

Порошенко шунингдек, Украинанинг Россиядан иқтисодий ва энергетик мустақилликка эришиши зарурлигини эслатиб ўтди.

Россия ва Украина ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги шартнома 1997 йил майда имзоланганди. 2008 йил охирида ҳужжат яна 10 йил муддатга узайтирилган. Март ўрталарида Украина ТИВ уни тўхтатишнинг бир нечта вариантларини тайёрлаганди.  

Киев ва Москва ўртасидаги муносабатлар 2014 йил мартда Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ва ўша йилнинг апрелида Донбассда низолар бошланганидан сўнг кескин ёмонлашганди. 

Мавзуга оид