Жаҳон | 13:13 / 10.09.2018
15303
5 дақиқада ўқилади

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида Самарқанд вилоят кунлари бўлиб ўтди — фоторепортаж

Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятида Самарқанд вилояти кунлари бўлиб ўтди. Ёдингизда бўлса, шу йилнинг 20-22 апрель кунлари ҳам Самарқанд вилоятида Сўғд вилояти билан ҳамкорликда бизнес форум бўлиб ўтган эди. 7-9 сентябрь кунлари ана шундай жавоб учрашуви Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ҳам ташкиллаштирилди.

Самарқанд вилояти делегацияси икки гуруҳга бўлиниб, «Ойбек»-«Фотеҳобод» ва «Жартепа»-«Саразм» назорат ўтказиш-пунктлари орқали Сўғд вилоятига йўл олишди. Чегарада сўғдликлар самарқандлик меҳмонларни жуда қизғин кутиб олишди.

Хўжанд шаҳрида ташкиллаштирилган тадбир ҳам турли учрашувларга бой бўлди. Хусусан, «Хўжанд» ва «Динамо» футбол клублари ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкиллаштирилди. 25 минг томошабин ташриф буюрган учрашув дўстона 1:1 ҳисобида якун топди.

Хўжанддаги спорт саройида самарқандлик ва сўғдлик тадбиркор ва ишбилармонлар, корхона ва ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Икки вилоят ишбилармонлари ўртасида бизнес форум ташкиллаштирилди.

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегацияни қабул қилар экан, Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода чегаралар очилган ҳар икки вилоят ўртасидаги алоқалар кундан кунга мустаҳкамланиб, борди-келди кўпайгани, Сўғдда самарқандлик ишбилармонлар билан кўплар ҳамкорликдаги лойиҳалар ишлаётганини айтиб ўтди.

Қарийб 20 йиллик тўсиқ ва қийинчиликлардан сўнг икки қардош халқнинг бир бирига қучоғини очиши, ҳар жабҳада борди-келди кўпаяётгани энг аввало оддий халқни мамнун этмоқда. Бу энг аввало икки давлат раҳбарининг сиёсий иродаси маҳсули ўлароқ рўёбга чиққани қўшни вилоятлар раҳбарларлари томонидан алоҳида зикр этилди.

Оддий халқнинг яхши қўшничилик алоқаларидан баҳраманд бўлишига катта эътибор қаратилиши таъкидланди ва бунинг исботи сифатида Сўғд вилоятининг Панжакент шаҳридан Самарқанд шаҳрига мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилгани ҳам эълон қилинди.

Вилоятларни боғлаб турувчи чегара назорат ўтказиш пунктидан бир кунда ҳар икки томондан қарийб 2 ярим минг кишидан ўтиб қайтаётгани таъкидлаб ўтилди.

Апрель ойида Самарқандда ташкиллаштирилган бизнес форумдан сўнг Сўғд вилоятида Самарқанднинг бир неча ишлаб чиқариш корхоналари муваффақиятли иш бошлагани ҳам қайд этиб ўтилди.

Ўз навбатида Э.Турдимов қизғин кутиб олиш маросими учун ташаккур билдириб, қадимий Сўғд заминида учрашиб туришганидан хурсандлигини изҳор этди ва келгусида барча соҳаларда ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига умид билдирди.

Р.Аҳмадзода икки давлатнинг яшаш тарзи, келажакдаги режалари, барча соҳадаги фикрлари муштарак эканлигини айтиб, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, бу борада ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳам ҳамкорлигини изчил йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳар икки вилоят раҳбарлари шундан сўнг Хўжанддаги спорт саройида ўтказилаётган маҳсулотлар кўргазмасида тадбиркор ва ишбилармонларни қутлаб, саноат маҳсулотлари билан яқиндан танишишди.

Сўнгра мезбонлар ва самарқандлик меҳмонлар Исмоил Сомоний ва Рўдакий ҳайкали пойига гуллар қўйишди.

Ҳар икки вилоят ишбилармонлари иштирокида бизнес форумнинг очилиши бўлиб ўтди. Вилоятлар раҳбарлари у ерда ҳам чиқиш қилиб, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида бўлган ишбилармонларга муваффақиятлар тилашди.

Самарқанд вилояти делегацияси аъзолари Хўжанд эркин иқтисодий зонасида бўлиб, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишишди.

Кечқурун Хўжанддаги Камол Хўжандий майдонида Тожикистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди. Маҳаллий раҳбарлар билан бир қаторда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ҳам қўшни биродар халқ аҳолисини истиқлол айёми билан муборакбод этди.

Эртаси куни делегация аъзоларига Хўжанднинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб экскурсиялар уюштирилди. Спорт саройида эса ҳар икки давлат ишбилармонлари ва тадбиркорлари, корхона ва ташкилотлари ўртасида битим ва меморандумларни имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Хабар қилинишича, бизнес форум доирасида 70 миллион доллардан ортиқ маҳсулот сотиш ва айрибошлаш бўйича шартнома ва англашув битимлари имзоланган. Албатта, бундай тадбирлар икки қардош халқ ўртасидаги ҳамкорлик ва жипслашувнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши аниқ. Бу учрашувлар давомида ҳам бот-бот такрорланиб турди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид