Жаҳон | 11:04 / 17.09.2018
17558
2 дақиқада ўқилади

«Скрипаллар иши» бўйича яна икки гумондор пайдо бўлди 

Фото: Russia Today

Британия махсус хизматлари «Скрипаллар иши» бўйича яна икки гумондорни қидирмоқда. Бу ҳақда The Mirror номини ошкор этишни истамаган манбага таяниб хабар берди.  

Унинг сўзларига кўра, икки гумондор Солсберида Александр Петров ва Руслан Боширов билан учрашишган.

Нашрнинг хабар беришича, улардан бири элчихона ходими бўлган (қайси мамлакат элчихонаси эканлиги айтилмаган). Иккинчи гумондор эса врач бўлиб, The Mirror’нинг таъкидлашича, у Петров ва Боширов «операцияни барбод қилмасликлари ва ўзлари заҳарланиб қолмасликларини» назорат қилиб турган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида Британия полицияси Россия Разведка бошқармасининг собиқ ходими Сергей Скрипаль ҳамда унинг қизи Юлия Скрипални заҳарлашда гумон қилиб, Александр Петров ва Руслан Бошировнинг суратларини тарқатди.  
Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй 5 сентябрь куни парламентга мурожаатида британ махсус хизматлари Петров ва Боширов Россия Разведка бошқармаси ходимлари эканини аниқлаганини маълум қилди.

Россия ҳукумати Скрипалнинг заҳарланишига алоқадорлигини қатъиян рад этиб келмоқда.

12 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин жонли эфирда Россия ҳукумати Александр Петров ва Руслан Боширов ҳақида маълумотларга эгалигини айтиб, улардан ОАВ орқали чиқиш қилишни сўради.

Улар 13 сентябрь куниёқ Russia Today орқали эфирга чиқишди. Интервьюда улар март ойи бошида Буюк Британияда бўлишгани, Скрипаль заҳарланган кунда Солсберига боришганини тан олишди ва шу билан биргаликда суиқасдга алоқадорликларини рад этиб, буларнинг барчаси тасодиф эканини таъкидлашди.

Улар ўзларини фитнес бизнеси билан шуғулланувчи тадбиркорлар сифатида кўрсатишди, лекин ўзлари ҳақида бошқа маълумотларни ошкор этишмади.

Мавзуга оид