Спорт | 15:10 / 03.10.2018
15607
20 дақиқада ўқилади

Роналдусиз «Реал»нинг антирекорди ва Роналдусиз «Ювентус»нинг йирик ғалабаси. ЕЧЛда иккинчи тур

Чемпионлар лигасининг 2-турида катта сенсация қайд этилди. Сешанба оқшомидаги ўйинларда ЦСКА Москвада асосий етакчиларисиз қолган «Реал»ни мағлубиятга учратди (1:0). Туринда эса Дибала Роналдунинг йўқлигини билдирмади, у бир ўзи «Янг Бойз» дарвозасига 3та гол йўллади. «Трибуна» 4та гуруҳда 2-тур ўйинларидан кейин юзага келган вазиятга тўхталади.

E гуруҳи
Бавария (Германия) – Аякс (Нидерландия) 1:1 
(1:1, 0:0)
Голлар: 1:0 – 4 Хуммельс, 1:1 – 22 Мазрауи.
Бавария – Нойер, Киммих, Боатенг, Ҳуммельс (Зюле, 90), Алаба, Мартинес, Алькантара, Роббен (Хамес, 62), Мюллер, Рибери (Гнабри, 74), Левандовски.
Аякс – Онана, Мазрауи, де Лигт, Вебер, Тальяфико, ван де Бек (де Вит, 75), Шене, Блинд, Зиеш, Тадич, Нерес (Дольберг, 85).
Огоҳлантиришлар: ван де Бек (21), Мартинес (40), Блинд (51), Хамес (78), Гнабри (88).

Германия чемпионининг Бундеслигадаги охирги йўқотишлари («Аугсург» билан дуранг ва «Ҳерта»дан мағлубият) тасодиф эмаслиги маълум бўлиб қолди. «Аякс» «Бавария» учун жиддий муаммо туғдирди ва ҳатто Мюнхендан ғалаба билан қайтишига бир бахя қолди. Кўринишидан, немислар жамоасининг янги бош мураббийи Нико Ковач жамоа футболчилари билан алоқани йўқотмоқда. Ўйиндан олдин Матс Ҳуммелс, Хави Мартинес ва Хамес Родригес хорватиялик мутахассис томонидан ўтказилаётган ротациялардан норозилигини билдирганди.

Лекин айнан Ҳуммелс ўйинда ҳисобни очди, 4-дақиқадаёқ Арьен Роббеннинг узатмаси голга айланди. Кейин эса «Бавария» майдонда секин ҳаракатлана бошлади, Ҳуммелс ва Мартинес жавобгар бўлгна ҳимоя маркази ва таянч зонасида «ёриқлар» пайдо бўлди. Натижада Душан Матичнинг пасидан кейин Нуссайр Марзауи ҳисобни тенглаштирувчи голни урди. Нидерландлар ўйин давомида бир неча хавфли вазиятларни яратишди, ўйин охирида Мануэль Нойер Лассе Шоненинг жарима нуқтасидан йўллаган кучли зарбасини базўр қайтарди ва «Бавария»ни шармандаликдан сақлади.

АЕК Греция – Бенфика Португалия 2:3 (0:2, 2:1)
Голлар: 0:1 – 6 Сеферович, 0:2 – 15 Гримальдо, 1:2 – 53 Клонаридис, 2:2 – 63 Клонаридис, 2:3 – 74 Алфа Семеду.
АЕК – Баркас, Бакакис, Иконому (Чосич, 68), Чигринский, Хульт, Галанопулос, Симойнш (Родриго Гало, 79), Бакасетас, Клонаридис, Манталос, Понсе (Якумакис, 60).
Бенфика – Влаходимос, Андре Алмейда, Диаш, Конти, Гримальдо, Пицци (Алфа Семеду, 62), Фейса, Жедсон Фернандеш, Сальвио (Лема, 46), Сеферович, Рафа Силва (Серви, 84).
Огоҳлантиришлар: Диаш (8), Понсе (34), Бакасетас (40), Андре Алмейда (79), Гримальдо (90).
Четлатиш: Диаш (45).

АЕК ва «Бенфика» жанговар ва ҳужумларга бой ўйин кўрсатишди, жамоалар майдонда тенг ҳаракатланишди. Фақат ўйиннинг охирги 15 дақиқалигида португаллар рақибга имкон қолдиришмади. Ўйин бошида греклар тезкор голлар ўтказиб юборишди, аввалига Харис Сеферович бўш дарвозани ишғол этди, 15-дақиқада эса Пицци Алехандро Гримальдони қулай вазиятга чиқарди.

45+4 дақиқада Рубен Диашнинг четлатилиши ўйиндаги мувозанатни ўзгартириб юборди. Иккинчи бўлимда мезбонлар ҳужумда фаолроқ бўлишди ва бу таблода ҳам акс этди. Виктор Клонаридис 53 ва 63-дақиқаларда дублни расмийлаштирди. Бельгия фуқаролигига эга бўлган ушбу грек ҳет-трик қайд этишга яқин бўлганди, аммо Германия фуқаролигига эга бошқа бир грек, «Бенфика» дарвозабони Одиссеас Влаходимас муқаррар голлардан қутқарди. Қолган вақт давомида эса Алфа Семеду ғалаба голини урди. Бу ғалаба португаллар жамоасининг ЕЧЛдаги мағлубиятли сериясига барҳам берди. «Бенфика» 10 киши бўлган ҳолда ЕЧЛнинг гуруҳ босқичи ва плей-офф босқичлари ҳисобга олинганида қаторасига 8 ўйиндан иборат бўлган мағлубиятли серияга чек қўйди.

Эндиликда гуруҳда «Аякс» 4 очко билан биринчи ўринда, тўплар нисбати нисбатан ёмонроқ бўлган «Бавария» шунча очко билан иккинчи ўринда. «Бенфика» илк очколар эвазига учинчи ўринда, кутилганидек гуруҳ аутсайдери - АЕК.

F гуруҳи
Ҳоффенҳайм (Германия) – Манчестер Сити (Англия) 1:2 (1:1, 0:1)
Голлар: 1:0 – 1 Бельфодиль, 1:1 – 7 Агуэро, 1:2 – 87 Сильва.
Ҳоффенҳайм – Бауманн, Бренет, Акпогума, Пош, Кадержабек, Демирбай (Хак, 89), Хогма, Гриллич (Битенкур, 82), Жоэлинтон, Салаи (Крамарич, 54), Бельфодиль.
Манчестер Сити –    Эдерсон, Уокер, Компани, Отаменди (Стоунз, 64), Лапорт, Сильва, Фернандиньо, Гюндоган (Бернарду Силва, 68), Стерлинг (Марез, 75), Агуэро, Сане.
Огоҳлантиришлар: Отаменди (12), Фернандиньо (36), Демирбай (57), Уокер (66), Агуэро (90).

Хосеп Гвардиола 1-турда «Лион»дан учралган мағлубиятдан кейин ЕЧЛнинг гуруҳ босқичидаги 5 ўйиннинг ҳар бирини финалга қиёслади. Юлиан Нагельсман эса «Ман Сити»га қарши очиқ ўйин кўрсатишга ваъда берди. Амалда ҳам шундай бўлди – «Ҳоффенҳайм» ўз мураббийини ҳам ҳайратга солиб, 44-сониядаёқ гол урди! Немислар қанотда тўпни эгаллаб олишганидан кейин тезкор ҳужумга ўтилди ва Исак Бельфодиль офсайд чегарасида ҳаракатланиб, дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетди. Шундан сўнг майдон эгалари эҳтиёткорлик билан ўйнашга ўтишди. Қанотларда Кайл Уолкер ва Эмерик Лапорт ўз позицияларида қолиб, ҳимояни ушлашга ҳаракат қилишди. Вингерлар Лерой Сане ҳамда Раҳим Стерлинг қанот чизиғига яқин ўйнашди ва марказга интилишмади.

Сане тезлик билан «Ман Сити»нинг жавоб голини келтирди. У Серхио Агуэрога тўп узатганида ҳимоячилардан бирига теккан тўп йўналишни ўзгартирганди, аммо аргентиналик футболчи барибир гол уришнинг уддасидан чиқди. Англия чемпиони ўйин давомида «Ҳоффенҳайм» ҳимоячини прессинг қилди, кўп вазиятларда дарвозабон Оливер Бауман қутқарди. Иккинчи бўлимнинг ярми ўтганида Гвардиола жамоаси 3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнай бошлади ва бу ўз самарасини берди. 87-дақиқада Давид Сильва немислар жамоаси ҳимоячиси Стефан Пошнинг хатосидан кейин тўпни эгаллаб олди ва дарвозани ишғол этди. Ўйиннинг охирги дақиқасида Сане жарима майдонида йиқитилди ва ҳакам пенальти бермади. Лекин Гвардиола ўзининг биринчи финалида ғалаба қозонишга муваффақ бўлди.

Лион (Франция) – Шахтёр (Украина) 2:2 (0:1, 2:1)
Голлар: 0:1 – 44 Мораес, 0:2 – 55 Мораес, 1:2 – 70 Дембеле, 2:2 – 72 Дюбуа.
Лион – Антони Лопеш, Дюбуа, Марсело, Денайер, Менди, Тузар, Ндомбеле (Диоп, 87), Траоре (Депай, 63), Фекир, Ауар, Дембеле (Корне, 81).
Шахтер – Пятов, Матвиенко, Кривцов, Ракицкий, Исмаили, Майкон, Степаненко, Марлос (Фернандо Педро, 90), Алан Патрик (Коваленко, 75), Тайсон, Мораес (Кайоде, 83).
Огоҳлантириш: Фекир (46).

«Лион» ва «Шахтёр» болбойлар учун ўйин намойиш этишди. Французлар клуби ўтган мавсумда Европа Лигаси 1/8 финалида ЦСКА билан ўйинда мухлислар томонидан келтириб чиқарилган тартибсизликлар учун жазоланганди. Бу ўйин Чемпионлар лигаси муҳитида ўтмади, аммо «кончилар» учун бу фойдали бўлди.

Мухлисларсиз кечган бўлсада, жамоалар 90 дақиқа давомида ҳужумкор футбол кўрсатишди. Биринчи бўлимда «Шахтёр» устунлик қилди. Бунинг эвазига меҳмонлар биринчи бўлиб гол уришди, Тайсон, Исмаили ва Мораес комбинациясидан кейин ҳисоб очилди. Иккинчи бўлим бошида «Лион» қарши ҳужумни ўтказиб юборди – украинлар рақибнинг 4 футболчисига қарши 6 киши бўлиб боришди ва Мораес ажойиб зарба билан дублни расмийлаштирди. Аммо ҳисобдаги устунликни «Шахтёр» ушлаб қололмади. Бу жамоа тўпсиз ҳаракатланишга мажбур бўлгач, ҳимояда хатолар юзага келди. «Лион» 2 дақиқада 2 гол урди: Мусса Дембеле – бош билан, Лео Дюбуа эса – жарима майдонига ёриб кириб узатилган пасга оёқ қўйди. Ўйиннинг қолган қисмида «Шахтёр»да сафардан 3 очко билан қайтиш имкони бўлганди: охирги дақиқаларда Оларенваджу Кайоденинг зарбаси дарвоза тўсинидан қайтди.

Иккинчи тур ўйинларидан кейин гуруҳда кутилмаганда «Лион» пешқадамлик қилмоқда, «Манчестер Сити» ва «Шахтёр» иккинчи ва учинчи ўринларда, «Ҳоффенҳайм»нинг гуруҳдан чиқиш учун имкониятлари пасайган.

G гуруҳи
ЦСКА (Россия) – Реал (Испания) 1:0 (1:0, 0:0)
Гол: 1:0 – 2 Влашич.
ЦСКА – Акинфеев, Фернандес, Родриго Бекао, Чернов, Набабкин, Бийол, Ахметов, Влашич, Дзагоев (Ефремов, 65), Обляков (Кырнац, 90), Чалов (Сигурдссон, 78).
Реал Мадрид – Навас, Карвахаль (Одриосола, 43), Варан, Начо, Регилон, Кроос, Каземиро (Модрич, 58), Себальос, Васкес (Диас, 58), Бензема, Асенсио.
Огоҳлантиришлар: Бийол (66), Обляков (90), Акинфеев (90).
Четлатиш: Акинфеев (90).

Жамоаларнинг 2012 йилги учрашуви иштирокчиларидан бу сафар фақат икки киши майдонда эди - Дзагоев ва Бензема. Аслида бу миқдор кўпроқ бўлиши мумкин эди, аммо мадридликлар жамоаси сардори Серхио Рамосга жамоа бош мураббийи Хулен Лопетеги дам беришга қарор қилди, у асосий футболчи бутун Европани босиб ўтиб, узоқ Москвага бориб толиқишини истамади. Шенников эса худди Марсело каби жароҳат туфайли ўйнамади (Марсело 2012 йилнинг январидаги ўйинда ҳам 90 дақиқа давомида матонат билан захира ўриндиғида ўтирганди). 

Марселонинг йўқлиги «Қироллик клуби»нинг нафақат ҳимоясини, балки ҳужумини ҳам кучсизлантирган. Ушбу латераль ҳужумлар уюштиришда ҳам, ҳужумларни якунлашда ҳам жамоанинг асосий футболчиларидан саналади. Мадрид дербисида ҳам унинг йўқлиги яққол сезилганди. Ўша ўйинда бразилиялик футболчи ўрнини Начо эгаллаганди, аммо у амплуа бўйича қанот ҳимоячиси эмас, марказий ҳимоячидир. Унга қанот ўйинчисига хос хусусиятлар етишмаслиги билиниб қолди, чап қанотда фаоллик сезилмади, фақат Себальос тушиши билан чап қанотдан ҳам ҳужумлар уюштирилганди. 

Москвадаги ўйинда эса Начо бошқа бир жамоадоши Рамос ўрнини эгаллади ва мадридликларнинг чап қаноти бутунлай бўшаб қолди. Россия чемпионатидаги энг ҳужумкор ўнг қанот ҳимоячиси бўлмиш Фернандес қаршисида «Реал»нинг асосий таркибида бир дақиқа ҳам ўйнамаган Регилон қолди. Бу икки омил москваликлар жамоаси ўйинни ҳужумкорлик билан бошлаш учун етарли эди.

Танаффус арафасида Карвахал мажбуран алмаштирилиши «Реал»нинг иккинчи қанотини ҳам сустлаштирди. Ўнг қанотда пайдо бўлган Одриолоса ҳали жамоа ўйинига киришиб кетмагани кўриниб қолди - у шу кунгача Примера ўйинларида «Реал» сафида фақат бир ўйинда майдонга чиққанди.

Влашич Модричдан зўрроқ чиқди
Лопетегининг ўйин учун заявкаси Москва клуби мураббийини ҳайрон қолдиргани аниқ. Бэйл, Иско, Рамос ва Марсело ўйинда бўлмаслиги олдиндан маълум эди, аммо жамоа Модричсиз ҳам ўйинга чиқиши тўғри қарор эмасди, испанлар клуби бош мураббийи жамоанинг Москвага келган таркибидаги энг кучли футболчисини захирада қолдирди. ЖЧ-2018 финалчиларидан фақат Рафаэл Варан майдонда эди.

Хулен Лопетеги бошланғич таркиб учун Каземиро ва Крооснинг класси етарли деб ҳисоблаганди. Аммо «Реал»нинг мияси бўлмиш Лука Модричнинг йўқлиги илк дақиқаларданоқ сезилди. Мезбонлар сафида бошқа бир хорватиялик футболчи Никола Влашич Крооснинг ортга узатган тўпини эгаллаб олиб, тезлик билан олдинга ҳаракатланди ва 2-дақиқадаёқ ҳисобни очди.

Зарбалар бўйича 4:14, голлар бўйича 1:0
Бундай дебютни майдон эгалари ҳам, меҳмонлар ҳам кутишмаганди. «Армиячилар» ўйиннинг қолган қисмида ғалабани сақлаб қолиш учун ўйнашди. Испанлар эса ҳарчанд олдинга интилишмасин, гол ура олишмади. Биринчи бўлимда Каземиро ва Бенземанинг зарбаларидан кейин мезбонлар омад туфайли голдан сақланишди. Яна бир қанча зарбаларни Акинфеев бартараф этиб турди. Танаффусгача «Реал» дарвоза томон зарба бериш борасида Гончаренко жамоасини катта устунлик билан ортда қолдирганди - 14:4, аммо голлар бўйича 1:0 ҳисоби сақланиб қолди.

Лопетегининг бефойда уринишлари
Яқиндагина жаҳоннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган Лука Модрич учун тўлиқ дам берилмади. Лопетеги иккинчи бўлимда барибир уни майдонга туширишга қарор қилди. У билан бирга майдонга Мариано ҳам чиқиб келди. У ўтган мавсумда «Лион» сафида «армиячилар»ни ранжитишга улгурганди. Модрич ва Мариано 58-дақиқада Каземиров ва Васкесни алмаштиришди ва испанлар бош мураббийи ўйин якунига ярим соат вақт борлигида барча ўзгаришларни амалга ошириб бўлди. Гончаренко эса бу алмаштиришларга тезкор реакция билдирди - Дзагоев ўрнига Ефремов туширилди. ЦСКА учун қўшимча ҳимоячи ортиқчалик қилмади.

Акинфеев нима деганди?
Ўйиннинг охирги дақиқалари жуда кескин кечди. Бу дежавюга ҳам ўхшарди: 3 ой муқаддам Испания терма жамоасига қарши ўйиннинг асосий вақти якунида, ҳисоб 1:1 кўринишида эканида руслар қамал ҳолатида қолишган ва қийинчилик билан қўшимча бўлимларга ўтишганди.

Бу ўйиннинг охирги дақиқаларида эса Акинфеев қурбон қилиниши эвазига ғалаба сақлаб қолинди. Дарвозабон румниялик ҳакам томонидан «спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракатлари» учун четлатилди. Унинг ўрнига 19 ёшли дарвозабон, ЦСКА тарбияланувчиси Кирнац ўйинни якунлаб қўйди.

Антирекорднинг такрорланиши
Шу тариқа, Мадрид жамоаси голсиз серияни давом эттирди. Бундан аввал «қаймоқранглилар» «Севилья»га ютқазиб (0:3), «Атлетико» билан дуранг (0:0) қайд этишганди. Кетма-кет уч ўйинда гол киритилмаслик ҳолати «Реал»да сўнгги марта 2006/07 йиллар мавсумида кузатилган, ўшанда Фабио Капелло жамоа декабрь-январь ойларидаги 3 та ўйинни кетма-кет голсиз ўтказган эди.

Қолаверса, бу ўйинда «Реал»нинг ЕЧЛдаги 29 ўйин давом этган голли сериясига барҳам берилди. 

Рома (Италия) – Виктория Пльзень (Чехия) 5:0 (2:0, 3:0)
Голлар: 1:0 – 3 Жеко, 2:0 – 40 Жеко, 3:0 – 64 Ундер, 4:0 – 73 Клюйверт, 5:0 – 90 Жеко.
Рома – Ольсен, Флоренци, Фасио, Жезус, Коларов (Пеллегрини, 74), Кристанте, Нзонзи, Ундер (Дзаньоло, 74), Пеллегрини (Шик, 74), Клюйверт, Жеко.
Виктория Пльзень – Козачик, Ржезник, Гейда, Губник, Лимберски, Прохазка, Грошовски, Земан (Экпай, 71), Горшава (Коларж, 64), Коваржик, Крменчик (Ржезничек, 78).
Огоҳлантиришлар: Гейда (51), Шик (88).

Бу учрашувда интрига деярли йўқ эди. Кутилганидек, «Рома» «Виктория»ни осонлик билан мағлуб этди. Римликлар жамоаси А Серия ўйинлари билан қўшиб ҳисоблаганда, қаторасига учинчи учрашувда ғалаба қозонди ва бош мураббий Эусебио ди Франческонинг истеъфоси масаласи кейинроққа қолдирилди.

2016 йилнинг кузида ҳам Эдин Жеко «Виктория» дарвозасига 3та гол урганди, фақат бу ўйин Европа Лигаси доирасида кечганди. Босниялик ҳужумчи энди бу натижасини ЕЧЛда такрорлади. 2005-2007 йиллар мобайнида Чехиянинг «Усти-над-Лабем» ва «Теплице» клубларида ўйнаган футболчи чех клубига урган голларини айтарли нишонламади - у ўз голларини ўта осонлик билан урди ҳам. У шунингдек, Женгиз Ундернинг голида иштирок этди. Бу ўйинда римликлар сафида 19 ёшли Жастин Клюверт дебют голини нишонлади.

Эндиликда гуруҳда кутилмаганда ЦСКА пешқадам бўлиб олган, «Реал» ва «Рома» 3тадан очко жамғарган, «Виктория» охирги ўринда.

H гуруҳи
Манчестер Юнайтед (Англия) – Валенсия (Испания) 0:0 (0:0, 0:0)
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Валенсия, Байи, Смоллинг, Шоу, Феллайни, Матич, Погба, Санчес (Марсиял, 76), Лукаку, Рэшфорд.
Валенсия – Нето, Пиччини, Гарай, Габриэл, Гайя, Коклен (Солер, 78), Парехо, Кондогбиа, Гедеш (Черышев, 83), Родриго, Батшуайи (Гамейро, 73).
Огоҳлантиришлар: Коклен (21), Родриго (32), Парехо (45), Пиччини (85), Лукаку (86), Гайя (87), Кондогбиа (90).

«Олд Траффорд»даги ўйин «Манчестер Юнайтед» автобуси йўлда тирбандликда қолиб кетиши туфайли бироз кечикиб бошланди. Эҳтимол, Жозе Моуриньо буни ёмон аломат сифатида қабул қилгандир. Жамоа 3 ўйиндан бери ғалаба қозона олмаётганди, у бу воқеани ҳам тақдир белгиси сифатида қабул қилган бўлиши мумкин. ЕЧЛнинг 1-турида «Янг Бойз» устидан қозонилган ишончли ғалабадан кейин жамоа ички чемпионатда 2 ўйинда 1 очко тўплади, Англия лигаси кубогида чемпионшип вакили «Дерби Каунти»га ютқазиб, турнирни тарк этди.

Тўртинчи ўйинда ҳам Моуриньо жамоасининг ғалабасиз серияси давом этди. Бу ўйин ЕЧЛнинг жорий мавсумида гол урилмаган биринчи ўйини бўлди. Биринчи бўлим учун мухлислар пул тўлаб ўйинга тушганликлари учун афсусланишса арзийди - жамоалар очиқчасига зерикарли ўйин намойиш этишди. Танаффусдан кейин «МЮ» ҳужумдаги фаолликни оширди ва ўз уйида 3 очко олиш учун ҳаракат қилди. Ўйиннинг охирги дақиқаларида Маркус Рэшфорд гол уришга яқин келди, аммо унинг жарима нуқтасидан йўллаган зарбаси дарвоза тўсинидан қайтди. 

ЕЧЛдаги юбилей - юзинчи ўйинини ўтказган «Валенсия»да энди «Олд Траффорд»да ўтказилган 5 ўйиндан 4та дуранг мавжуд. «МЮ»ни эса ЕЧЛнинг кейинги турларида «Ювентус»га қарши сафардаги ва уйдаги ўйинлар кутмоқда.

Ювентус (Италия) – Янг Бойз (Швейцария) 3:0 (2:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 5 Дибала, 2:0 – 33 Дибала, 3:0 – 69 Дибала.
Ювентус – Шченсни, Бардзальи, Бонуччи, Бенатия, Куадрадо, Пьянич (Хедира, 70), Матюиди (Джан, 46), Алекс Сандро, Бернардески, Дибала, Манжукич (Кин, 78).
Янг Бойз – фон Балльмос, Шик, Камара, фон Берген, Бенито, Саного (Лаупер, 46), Сулеймани (Нгамале, 70), Бертоне, Соу, Фасснахт (Ассале, 71), Оаро.
Огоҳлантиришлар: Бертоне (24), Саного (41), Камара (75).
Четлатиш: Камара (78).

Агар «Ювентус»дан Криштиану Роналду қайси ўйинни ўтказиб юборишига рози бўлиши сўралганида, «Янг Бойз» номи айтилган бўларди. Туринликлар бу клубни португалиялик юлдузсиз ўйнаб ҳам ҳеч қандай муаммосиз мағлуб этишди. Италия чемпиони учун гуруҳ аутсайдери ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади. Бу ўйин ишончларни оқламасдан, захира футболчисига айланиб бораётган Пауло Дибала учун аталганди. У аввалига Леонардо Бонуччининг майдоннинг иккинчи қисмидан узатган тўпини тўхтатмасдан швейцарияликлар дарвозасига жойлади. Кейин Матюдининг кучли зарбасидан кейин устунга тегиб қайтган тўпни дарвозага тўғрилаб қўйди. Учинчи гол урилган вазиятда эса асосий ишни Куадрадо амалга оширди - у дарвоза чизиғи олдида турган аргентиналик ҳужумчига тўпни ташлаб берди.

Ўйинни бошқариб борган россиялик ҳакам Сергей Карасев иккинчи бўлим охирида Дибаланинг юзига урган Муҳаммад Алини майдондан четлатди.

Бу натижалардан кейин «Ювентус» 100 фоизлик натижа билан гуруҳда пешқадам бўлиб қолмоқда, «МЮ»да 3, «Валенсия»да 1 очко бор, «Янг Бойз» Европа Лигаси йўлланмаси учун ҳаракат қилиб кўради.

Мавзуга оид