Жаҳон | 19:47 / 07.10.2018
2225
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Фото: EPA\UPG

Бразилияда 7 октябрда президент, вице-президент, миллий конгрессга (парламент) депутатлар, губернатор ва вице-губернаторлар сайловлари бўлиб ўтмоқда. 

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 147 млн бразилиялик мамлакат президенти ва вице-президентидан ташқари, 513 депутат, 53 сенатор ва 27 губернаторни сайлашлари керак бўлади.

Асосий эътибор мамлакат президенти сайловларига қаратилган. Бу лавозим учун 13 номзод, жумладан: Социал-либерал партиядан Жаир Болсонару, Меҳнаткашлар партияси вакили, Сан-Паулунинг собиқ мэри Фернанду Аддад, Демократик ишчи партия номзоди Сиру Гомес, Социал-демократик партия номзоди, Сан-Паулу штатининг собиқ губернатори Жералду Алкмин ва “яшиллар” номзоди Марина Силва кураш олиб бормоқда.

Сайловлар натижаларига кўра бирорта номзод 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплай олмаса, унда 28 октябрда сайловларнинг 2-босқичи бўлиб ўтади ва унда 1-босқичда энг кўп овоз тўплаган икки номзод иштирок этади. Охирги сўровномалар натижаларига кўра, 2-босқичга Жаир Болсонару ва Фернанду Аддад катта эҳтимол билан ўтиши тахмин қилинмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид