Жамият | 11:40 / 12.10.2018
19587
4 дақиқада ўқилади

Яккасаройдаги бошбошдоқлик. Тасдиқланмаган лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошлашга ким рухсат берган? 

Кўчангизда янги бино ва иншоот қад кўтарса, албатта қувонасиз. Боиси обод ва ва кўркам шаҳар тобора ўзгача қиёфада чирой очиб бораверади. Хусусан, пойтахт Тошкентда мазкур воқелик бугун янгилик эмас. Кундан-кунга янги бинолар қад кўтармоқда ва қурилишлар давом этмоқда. Бироқ масаланинг яна бир нозик жиҳати борки, қад кўтараётган бино ва иншоотлар фуқаролар норозилигига сабаб бўлиши, уларнинг ҳуқуқлари поймол бўлиши ҳам мумкин.

«Kun.uz» сайтига Яккасарой тумани, «Бошлиқ» мавзеси 3- ва 1-уйларда истиқомат қилувчи кишилардан мурожаат келиб тушди. Унга кўра, 3-уй олдида «Life Bussines» МЧЖ томонидан соғломлаштириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ҳамда офис хизматига мўлжалланган 6 қаватли бино қурилиши бошламоқчилиги, бундан эса аҳоли норози экани баён этилган. Сайт ижодий гуруҳи мурожаатни ўрганиш учун ушбу ҳудудга йўл олди. Тасодифни қарангки, айни масала юзасидан Яккасарой туманининг собиқ ҳокими, эндиликда Чилонзор тумани ҳокимига айланган Сарвар Маҳаметов аҳоли билан мулоқот қилаётган экан.

Ҳудудда қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилди. Энди масаланинг ҳуқуқий жиҳатига тўхталиб ўтсак. «Life Bussines» МЧЖнинг Яккасарой тумани ҳокимлигига қилган мурожаати асосида туман ҳокимининг 2018 йил 28 июнь санасидаги 567-сонли қарори билан «Бошлиқ» мавзеси, 3-уй олдидан 10 сотих ер майдони соғломлаштириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ва офис хизматига мўлжалланган 6 қаватли бино қурилиши учун ажратилади. Шундан сўнг, ушбу ҳудудга лойиҳа ишлаб чиқилади. Бироқ 3-уй аҳолиси бундан норозилигича қолади. 

Аҳолининг эътирози ҳақли. Биз мазкур мурожаат юзасидан Яккасарой тумани ҳокимлигига юзландик. Улар лойиҳага тегишли ҳужжатлардан тақдим этишди. Яъни, туман ҳокимининг қарори, туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастрининг ҳужжатлари, давлат экологик экспертизаси хулосаси, давлат муассасалари тасдиқламаган лойиҳа. Шунингдек, «Бошлиқ» маҳалла фуқаролар йиғинининг йиғилиш баённомаси. Бироқ баённома қачон бўлгани ва қачон рўйхатга олингани кўрсатилмаган. Боз устига, «Бошлиқ» маҳалла фуқаролар йиғини мажлисида нега 3-уйнинг уйбошиси ёхуд ушбу уй фаоллари иштирок этмаяпти? Ахир янги қад кўтаражак бино айнан 3-уйнинг олдида қурилади-ку?

Youtube'да кўриш

 Facebook'да кўриш

Биз лойиҳани амалга оширувчи «Life Bussines» МЧЖ вакилларидан Тошкент шаҳар давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекциясининг рухсатномаси ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бўйича «ТошшаҳарЛИТИ»нинг хулосасини сўраганимизда, ҳужжатлар мавжудлиги, лекин бошқа жойдалигини айтишди. Қолаверса, мурожаатни ўрганиш асносида «Бошлиқ» мавзесида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан бирининг Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасига ёзган мурожаатига йўлланган жавоб хати ҳам эътиборимизни тортди. Унга кўра, «Life Bussines» МЧЖ томонидан лойиҳа ҳужжатлари бошқармасига тақдим этилмагани маълум қилинмоқда.

Хуллас, бир сўз билан айтганда, Яккасарой туман ҳокимлиги ҳам «Life Bussines» МЧЖ вакиллари ҳам қурилиш лойиҳасига тегишли бўлган ҳужжатларни тўлиқ тақдим эта олмади. 

Таъкидлаш керакки, мазкур аҳоли норозилигини келтириб чиқарган қурилиш лойиҳаси «Замонавий маҳалла гузари» қуриш ортидан келиб чиққан. Яъни, «Life Bussines» МЧЖ «Бошлиқ» маҳалла фуқаролар йиғинига 19-а уй манзилидаги мавжуд биноларни бузиб, ўрнига замонавий маҳалла гузари бунёд этиш эвазига рағбатлантирилмоқда.

Масала чигал. Масалага ечим керак. Умид қиламизки, Яккасарой туманининг собиқ ҳокими, ҳозирда Чилонзор тумани ҳокими лавозимига ўтказилган Сарвар Маҳаметовнинг қарори ортидан келиб чиққан муаммога янги тайинланган ҳоким Бахтиёр Шомуродов ечим топади.

Хуршид Далиев
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид