Жамият | 18:27 / 20.10.2018
20221
5 дақиқада ўқилади

Оҳангарон шаҳрида қандай қурилиш ишлари амалга оширилмоқда?

2018 йил 20 октябрь куни Оҳангарон шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан ОАВ вакилларини таништириш мақсадида медиа-тур ташкил этилди. Унда Kun.Uz таҳририяти тасвирга олиш гуруҳи ҳам иштирок этиб, амалга оширилаётган ишлар кўлами билан танишди.

Таъкидлаш ўринлики, узоқ йиллар мобайнида шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига амал қилмаган ҳолда, бино-иншоотлар ва уй-жойларни тартибсиз ҳамда ўзбошимчалик билан қуриш, қурилиш ишларининг қишлоқ ва маҳалла даражасида комплекс ёндашувлар асосида олиб борилмаслиги оқибатида аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасига путур етди. Шаҳарларнинг бош плани мавжуд бўлмагани ҳам бу жараёнга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Ичимлик суви, газ ва электр тармоқлари инфратузилмалари эскириб, яроқсиз аҳволга келиб қолган эди.

Қишлоқ ва шаҳарларнинг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар асосида республиканинг барча ҳудудларида қишлоқ ва маҳаллалар инфратузилмасини тубдан қайта кўриб чиқиш ва замон талабларига мувофиқ янгилаш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Оҳангарон туманида 80та пудрат ташкилоти томонидан 2018 йилда 311та, жумладан, 158та 2 қаватли 4 хонали, 153 та 1 қаватли 3 хонали уй қурилмоқда. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 июлдаги 555-сон фармойишига асосан Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ҳудудидан ўтувчи А-373 автомагистрал йўли бўйида намунали лойиҳалар асосида 10та 7 қаватли (кам таъминланган оилалар учун), 24та 5 қаватли уй тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобидан барпо этилмоқда.

Қурилаётган 5 қаватли мазкур уйларнинг 1-қавати маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, 2-5-қавати турар-жой ҳисобланади. Улар 2 ва 3 хонадан иборат. Уйларнинг ташқи, яъни фасад қисми буюртмачиларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда, бир хилликдан қочиб, якка тартибда катта йўлнинг меъморий кўринишини комплекс равишда ҳисобга олиб, бир-бирини такрорламайдиган қилиб ишлаб чиқилган.

Хонадонлар ва савдо нуқталари харидорларнинг имкониятлари ва хоҳишига кўра, тўлиқ таъмирланган (калити балан) ёки таъмирланмаган (коробка) ҳолда топширилиши белгиланган. Демак, бунда истеъмолчи-харидорнинг хоҳиш-истаклари ҳисобга олинади. Масалан, харидор таъмирланмаган хонадонни ёки савдо дўконини сотиб олса, имконияти, диди, реал эҳтиёжи ва бошқа жиҳатлардан келиб чиқиб, ўзи мослаштириши мумкин. Бундай тажриба дунёнинг етакчи мамлакатларида кенг фойдаланилади ва бу ҳар томонлама ўзини оқлаган.

Мазкур лойиҳанинг аҳамиятли жиҳати яна шундаки, истеъмолчи, агар уйни тайёр ҳолда қабул қилиб олмоқчи бўлса, унинг талаб ва истаклари ҳисобга олинади. Яъни пудратчи ташкилотлар уйни харидорнинг кўнглидагидек битириб, калити билан топширишлари мумкин. Тижорат асосида қуриб битказилаётган кўп қаватли уй-жойлардаги мавжуд хонадонларни талабгор фуқароларга 15 йилгача бўлган муддатга банкнинг ипотека кредит маблағлари асосида сотилиши режалаштирилган. 

Оҳангарон шаҳрида қурилаётган янги массив аҳолиси учун қатор қулайликлар ҳам яратилмоқда. Жумладан, уйларнинг теварагида мактабгача таълим муассасаси, спорт мажмуаси, маҳалла гузари, пиёдалар ва велосипед йўлакчаси, дам олиш жойлари, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилмоқда. Муҳими, шаҳарнинг меъморий қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Бу ўзгаришлар чиройи шаҳар аҳолисининг кайфиятида ҳам ўз аксини топмоқда. 

Қурилаётган 5 қаватли 24 хонадонли ҳамда 7 қаватли 42 хонадонли уйларда яшовчи аҳоли ва бошқа объектларни ичимлик суви билан таъминлаш ишларига 16,6 млрд. сўм, газлаштириш ишларига 1 млрд. 468 млн. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Медиа-тур доирасида Оҳангарон туманининг Бош режаси асосида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш, жумладан, ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ таъминоти, йўл, алоқа ва бошқа инфратузилмаларни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Бундан ташқари, шаҳар ҳокими Одилжон Жўраевнинг маълум қилишича, мазкур ишлар учун 192 хонадон уйлари бузилган, уларга ўзларининг розиликлари билан уй-жой қуриб олишлари учун Нўғайқўрғон ҳудудидан ер участкалари тақдим этилган, товон пуллари учун 34 млрд сўмга яқин маблағ берилган. 

Мавзуга оид