Жаҳон | 10:43 / 26.10.2018
45958
2 дақиқада ўқилади

Горбачёв янги қуролланиш пойгаси бошлангани ҳақида маълум қилди

Фото: РИА Новости

СССР собиқ президенти Михаил Горбачёвнинг маълум қилишича, Америка Қўшма Штатларининг Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги битимдан чиқиш ҳақидаги қарори янги қуролланиш пойгасини бошлайди. Бу ҳақда у The New York Times газетаси саҳифаларида ёзади.

20 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатни Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги битимдан олиб чиқиш ниятида эканини маълум қилди.

Горбачёвнинг ўз мақоласида эслатишича, 30 йил олдин айнан у ва Рональд Рейган битимни имзолаган, бунинг оқибатида давлатлар ядро қуролларининг икки тоифасидан воз кечди. Шу билан бирга, СССР собиқ президенти таъкидлашича, АҚШнинг битимдан бош тортиш бўйича қарори унинг шахсий ҳис-туйғуларига дахлдор эмас, сабаби ўртада анча жиддий муаммолар турибди.

«Янги қуролланиш пойгаси эълон қилиниши мумкин», - дея қайд этиб ўтди Горбачёв.

Шу билан бирга, унинг кўрсатишича, Қўшма Штатлар бундай битимлардан изчил равишда чиқиб кетмоқда. Сўнгги мисол сифатида у мамлакатнинг Эрон билан ядровий битимдан чиқишини кўрсатди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кремль Путиннинг ядро зарбасидан кейинги «жаннат» ҳақидаги сўзларига изоҳ берганди.

 

Мавзуга оид