Ўзбекистон | 12:24 / 01.11.2018
13593
2 дақиқада ўқилади

Онлайн аукционга 200дан ортиқ лот 1 сўмлик бошланғич нархда қўйилди

Фото: 123RF

Президентнинг 2018 йил 11 октябрдаги ПФ-5552-сонли “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан давлат мулки объектлари 1 сўм бошланғич қийматида инвестиция киритиш шарти билан “E-ijro auksion” электрон савдо ташкилотининг савдо майдончалари аукцион савдоларига чиқарила бошлади.

Бугунги кунга қадар 215 та давлат мулки объектлари ушбу савдога чиқарилган бўлиб, объектларни савдога чиқарилганига кўп вақт бўлмаса-да дастлабки савдоларда 19 та объектлар ўз эгаларига сотилди.

Объектларни бошланғич нарх 1 сўм қийматда аукцион савдолари орқали инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажариш шарти билан сотиб олиб, тадбиркорлик фаолиятини қисқа муддатда йўлга қўйиш имконияти бор.

Бугунги кунда Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларда жойлашган бўш турган давлат мулки объектлари ушбу “E-ijro auksion” электрон савдо ташкилотининг савдо майдончалари аукцион савдоларига чиқарилган.

Аукцион тўғрисидаги барча маълумотларни интернетдаги e-auksion.uz
сайтидан олиш мумкин.

Бунинг учун:
 
1. e-auksion.uz сайтининг “ЛОТЛАР” бўлимидаги “ХАБАРНОМАЛАР” ёзувини танлаймиз;
2. “Мол-мулк тоифаси” устунидан “Ер участкаси ва бўш бинолар”ни ва “Мол-мулк тури” устунидан “Бўш бинолар (ПП-3939)” ёзувини танлаб ўнг томондаги қидирув тугмасини босамиз.
3. “Вилоятлар номи” устунидан тегишли худудни танлаб, исталган объект ҳақида батафсил маълумот кўриш мумкин.

Танлаган ҳудуддаги 1 сўм қийматда бошланғич нархда аукцион савдосида сотиладиган объектлар бўйича барча маълумотлар пайдо бўлади.

Мавзуга оид