Жаҳон | 13:13 / 01.11.2018
35589
2 дақиқада ўқилади

Жуда катта қимматбаҳо зумрад топилди

Замбияда жуда катта зумрад кристалли топилди. Бу ҳақда Fox News хабар бермоқда.

Фото: Gemfields

2 октябрь куни геолог Дебаприя Ракшит ва кончи Ричард Капейта Британиянинг рангли қимматбаҳо тошлар қазиб олиш бўйича Gemfields компаниясига қарашли Кагем конида оғирлиги 5655 карат (1,1 кг) бўлган зумрадни топишди.

Компания вакиллари тошнинг «ноодатий» софлиги ва унинг «мутлақо мувозанатга эга олтин-яшил ранги»ни қайд этишди. Уларнинг таъкидлашича, сўнгги ойлар давомида коннинг ўша қисмида кўплаб ноодатий тошлар топилган, бироқ улар бу топилма билан ҳажм, ранг ва софлиги бўйича рақобатлаша олмайди. Тошга «Инкаламу» номи берилди, у бембу тилидан таржима қилинганда шер маъносини беради.

Фото: Gemfields

Gemfields геммологи Элена Бесалья буни саноат учун «муҳим топилма», деб атади. Унинг қайд этишича, Замбиядан топилган юқори сифатли зумрадлар Европанинг етакчи заргарлик уйларида катта талабга эга. Айни пайтда, «Инкаламу»дан қанча қирраланган зумрадлар пайдо бўлишини айтиш қийин, лекин «бу тош геммология тарихига кириши аниқ».

Тош ноябрь ойида Сингапурда савдоларга қўйилади. Унинг тахминий қиймати икки миллион фунт стерлинг. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид