Ўзбекистон | 18:07 / 14.11.2018
14504
3 дақиқада ўқилади

Тошкентни узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлаш кафолатланмаган — «Тошиссиққуввати»​ тасдиқлайди

12 ноябрдан 13 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг ​Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида ижтимоий объектларни иссиқлик энергияси​ билан таъминловчи қувурдаги авария туфайли жами 250 та уй ва бошқа объектлар иссиқлик таъминотидан узилиб қолди. «Тошиссиққуввати» бош муҳандиси Азизбек Каримбеков «Kun.uz» мухбирига хабар беришича, айни вақтга келиб муаммо бартараф этилган, ​Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида жойлашган 250 та уй, ҳудудда жойлашган ижтимоий объектларга иссиқлик энергияси​ қайтган.

Аммо бу - шаҳар бўйлаб иссиқлик қувватида узилишлар бўлмаслигини англатмайди. «Тошиссиққуввати» бош муҳандисининг айтишича, 2018 йил жорий таъмирдан чиққан мазкур йўналишдаги қувурлар бирор марта ҳам капитал таъмирланмаган, аварияга куннинг кескин совиб кетиши ва эски қувурларнинг «вазифасини ўтаб қўйган»и сабаб бўлган.

«12 ноябрдан 13 ноябрга ўтар кечаси Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида жойлашган 250 та кўп қаватли уй ҳамда ижтимоий объектларни иссиқлик энергияси​ билан таъминловчи қувур магистрал симли тармоғида авария юз берди. Бунинг оқибатлари бартараф этилган, 14 ноябрь ҳолатига кўра, иссиқлик энергияси​ барча хонадонларга кириб борди.

Аммо айни пайтда Тошкент шаҳридаги иссиқлик қуввати қувурларининг 72 фоизи яроқлилик муддатидан ўтиб кетган ҳолда ишламоқда. Улар эскирган. Келгусида яна авариялар юз бермаслиги кафолатланмаган», — дейди ДУК бош муҳандиси Азизбек Каримбеков. 

Унинг таъкидлашича, «Тошиссиққуввати» ДУК қувурларини капитал таъмирлаш, тизимни замонавийлаштириш ва янгилаш масаласи хорижий маблағлар ҳисобидан ечим топиши мумкин. 

«Айни пайтда ОТБ, Жаҳон банки, шунингдек бир қатор хорижий компаниялар вакиллари билан молиявий кўмак ажратиш масаласи муҳокама этилмоқда. Шундан сўнг, йирик масштабдаги капитал таъмирлаш ишлари бошланади», — дейди у. 

Маълумот учун, Тошкент шаҳри аҳолисига 12 та катта марказий қозонхона ҳамда 202 та кичкина маҳаллий қозонхоналар орқали иссиқлик энергияси билан етказиб берилади. Мазкур иссиқлик марказларидан чиққан жами 2700 км узунликдаги иссиқлик тармоқлари орқали Тошкент шаҳрида жойлашган 12 мингдан ортиқ кўп қаватли аҳоли турар-жойлари ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси билан таъминланади.

Мавзуга оид