Жамият | 20:10 / 16.11.2018
21114
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Олтиариқдаги боғча ҳолати юзасидан маълумот берди

15 ноябрь куни «Kun.uz» сайтида «Олтиариқдаги боғчада болалар қалин кийимларда ухлашмоқда» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинганди. Бош прокуратура мазкур мақолага ўз муносабатини билдирди. Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, мақола юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

«Аниқланишича, Олтиариқ тумани, «Янгиараб» МФЙ, Ипакчи кўчаси, 47-уйда жойлашган 23-сонли мактабгача таълим муассасаси 1978 йилда қурилган бўлиб, муассаса 140 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда боғчада 6та гуруҳ мавжуд бўлиб, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 120 нафар бола тарбияланади. Муассаса биноси жами 12 хонадан иборат, ҳар бир хонада иситиш мосламалари мавжуд. Муассасага 4та иситиш қозони ўрнатилган бўлиб, ҳозирда ушбу иситиш қозонлари соз ҳолатда ишламоқда.

Барча хоналарда хона ҳароратини кўрсатиб турувчи термометрлар ўрнатилган. Ҳозирда хоналарнинг иссиқлик даражаси +25 даражадан юқори ҳолатда. Мазкур мактабгача таълим муассасасига 2018-2019 йил куз-қиш мавсумларига тайёргарлик кўриш учун вилоят маҳаллий бюджет ҳисобидан 4 дона янги иситиш қозонлари учун 24,8 млн. сўм маблағ ажратилган. Фарғона «Иссиқлик таъмир МЧЖ» корхонаси билан 12.10.2018 йил 14/1-сонли тузилган шартномага асосан 7 октябрь куни 4 дона янги иситиш қозони ўрнатилган.

Шунингдек, иссиқлик тизимини жорий таъмирлаш харажатлари учун 39,2 млн. сўмлик маблағ ажратилган. Жорий йилнинг 31 октябрдаги 14/2-сонли шартномага асосан «Беҳруз СХ МЧЖ» корхонаси томонидан таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди.

Бундан ташқари, муассасага 2018-2019 куз-қиш мавсумларини ўтказиш учун жами 10 тонна кўмир, 25 тонна кўмир брикети етказиб берилди.

«Kun.uz»да ёритилган «Олтиариқдаги боғчада болалар қалин кийимларда ухлашмоқда» мақоласида баён этилган маълумотлар жорий йилнинг 18 октябрь кунидаги ҳолатлар бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатлар бартараф этилган», дейилади хабарда.

 

Мавзуга оид