Спорт | 15:50 / 16.11.2018
35189
2 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» ФИФА талабига кўра жазоланди – «Навбаҳор» бронза медалларини қўлга киритди

Фото: KUN.UZ

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Ўзбекистон Суперлигасида иштирок этаётган Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клубидан 6 очко олиб ташлашни талаб қилиб, сентябрь ойида расмий мурожаат билан чиқди.

Гап шундаки, «қалдирғочлар» украиналик футболчи Сергей Симоненко олдидаги қарздорлик масаласини ҳал қилмаган. Натижада, у «Бунёдкор» устидан ФИФАга арз қилган. 2014 йилда «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилган Симоненко атиги 5та ўйинда майдонга тушган, сўнгра шартномаси бекор қилинган эди.

ФИФА «Бунёдкор» клубини футболчи билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилишга чақирган. Аммо тошкентликлар бу талабни бажаришмаган. Шундан сўнг, ташкилот ЎФАга мурожаат қилиб, клубдан 6 очко олиб ташлашни талаб қилган.

Ўз навбатида, ПФЛ негадир «Бунёдкор» клубини жазолаш ва уни 6 очкодан маҳрум қилишни пайсалга солиб келган.

Шундан келиб чиқиб, ЎФА Ижро қўмитаси Профессионал футбол лигасини бугун — 16 ноябрь куни қабул қилинган 17-сонли қарори билан расман огоҳлантирди ҳамда «Бунёдкор» футбол клубидан 6 очко олиб ташлашни талаб қилди. 

Агар «Бунёдкор» клуби 6 очкодан маҳрум қилинса, у ҳолда жамоанинг очколари сони 18 бўлиб қолади. Бу эса айни пайтда 28 очко билан 3-ўринни эгаллаб турган «Навбаҳор»нинг Суперлига якунланишига 2 тур қолганида, муддатидан олдин бронза медалларини қўлга киритганини англатади.

Мавзуга оид