Ўзбекистон | 20:48 / 19.11.2018
24097
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тармоқли мактаблар пайдо бўлиши мумкин

Халқ таълими тизимида илк марта тармоқли бошқарувдаги мактаблар тизими яратилиши мумкин. Бу ҳақда Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назиров Kun.uz'га маълум қилди. 

«Айрим ҳудудларда мактабдаги ўқувчилар сони белгиланган қувватдан ошиб кетганини кузатиш мумкин. Бу масалани ижобий ҳал этишнинг турли йўллари бор. Масалан, коэффициенти ошган мактабларни ўрганиб чиқилганда, у ерда бошқарув ва таълим сифати талабга жавоб бериши маълум бўлди. Ана шундан мактаблар атрофида ҳам бошқа мактаблар фаолият юритади, аммо унинг коэффициенти паст», - дейди вазир ўринбосари.

Видео: Tas-IX

Видео: Youtube.com

Назировга кўра, ўқувчилар сони белгиланган қувватдан ошиб кетган мактаб раҳбарияти бошқарувига ҳудудий яқин жойлашган ҳамда ўқувчилари оз бўлган мактаблар топширилиши мумкин. 

«Зарурият пайдо бўлса, ўша мактаблар бирлаштирилади. Шундай ечим айни пайтда амалда синаб кўрилмоқда. Илк натижаларни кўряпмиз, агар тажриба муваффақиятли давом этса, бошқа вилоятларда ҳам татбиқ этилади», - деб қўшимча қилган у. 

Отабек Назиров республика бўйлаб уй-жойларнинг қурилиши жадал давом этаётган бир паллада, янги пайдо бўлаётган аҳоли яшаш пунктлари талабига мос мактаблар қурилмаётганини таъкидлаб ўтди. Шу туфайли келгусида уй-жой қурилиши билан бир вақтда, аҳоли сонига мос мактабларни барпо этиш заруриятга айлангани билдирилди.  

Маълумот учун, Халқ таълими тизимида 9628та мактаб бўлиб, уларда 5,248,484 нафар ўқувчи таҳсил олади.

Мавзуга оид