Жамият | 23:24 / 29.11.2018
3869
2 дақиқада ўқилади

Нобель мукофоти совриндори Майкл Спенс: «Соғлом мунозаралар тараққиёт сифатини яхшилайди»

«2019-2021 йиллар учун иқтисодий ислоҳотларга мўлжалланган йўл харитаси»​​ тақдимоти аввалида Нью-Йорк шаҳридан мулоқотга қўшилган мутахассис – «ассиметрик маълумотли бозорлар таҳлили» учун 2001 йилги Иқтисод бўйича Нобель мукофоти лауреати, америкалик иқтисодчи Майкл Спенс иқтисодий ислоҳотлар йўл харитаси тўғрисида ўз фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ҳар бир мамлакат ўз иқтисодиётини маҳаллий вазиятдан келиб чиқиб, оқилона қуриши керак. Ҳукумат аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва янги, барқарор иш жойларини яратишга сармоя киритгани маъқул.

Иқтисодий ислоҳотлар учун мўлжалланган йўл харитаси, аввало, фуқаролар учун оддий, тушунарли ва очиқ бўлиши зарур, чунки бунинг заминида пайдо бўладиган соғлом мунозаралар тараққиёт сифатини яхшилайди. Йўл харитаси ҳақида муҳокама кетаркан, ҳақиқий самарага эга ислоҳотларгина кун тартибига қўйилиши лозим, акс ҳолда бу қуруқ сиёсий гап-сўз бўлиб қолаверади. Барчаси ўзингизга боғлиқ. Биз доимо ёрдамга тайёрмиз», - дейди у.

Маълумот учун, профессор Майкл Спенс 1943 йилнинг 7 ноябрида АҚШнинг Нью-Жерси штатида туғилган. Принстон университети битирувчиси, Стэнфорд ва Ҳарвард университетларида илмий фаолият билан шуғулланган. Стэнфорд университетида иқтисодиёт профессори унвонини олган. Турли йилларда Polaroid, General Mills, Siebel, Nike ва Exult компанияларининг директорлар кенгаши аъзоси сифатида сайланган.​

Мавзуга оид