Ўзбекистон | 18:30 / 29.11.2018
6394
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Сингапур ҳуқуқ вазири ва бош прокурори билан музокаралар ўтказди

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси қўшма делегациясининг Сингапурга ташрифи доирасида юқори даражадаги қатор учрашувларни ўтказди.

Ўзбекистон адлия вазири Р.Давлетов Сингапур ҳуқуқ вазири К.Шанмугам билан учрашди. Томонлар мамлакатлардаги ислоҳотлар ва замонавий тенденциялар оқимида вазирликлар фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, норма ижодкорлиги, юридик кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, аҳолига давлат хизматларини тақдим этиш, шунингдек, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг давлат органлари фаолияти тўғрисида хабардорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув якунларига кўра, ходимлар малакасини оширишни ташкил этиш, қўшма семинар ва тренингларни ўтказиш тўғрисида битимга келишилди.

28 ноябрь куни Р.Давлетов ва Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Э.Йўлдошев Сингапурга ташрифи доирасида Сингапур бош прокурори Л.Вонг билан учрашди.

Томонлар коррупциянинг олдини олиш ва қарши курашишнинг долзарб йўналишларини муҳокама қилди. Айниқса, миллий коррупцияга қарши дастурларини самарали амалга ошириш учун энг яхши глобал билимлар ва илғор тажрибалар соҳасида тажриба алмашиниш алоҳида таъкидланди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон делегацияси Сингапур вакилларига мамлакатимизда ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди. Хусусан, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ва изчил чора-тадбирлар, коррупцияга қарши кураш бўйича фаолият, ушбу соҳадаги сўнгги ижобий ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилинди. Мазкур йўналишдаги давлат сиёсати коррупцион хавф-хатар рўй беришининг сабаб ва шароитларини комплекс ўрганиш, бундай жиноятларни ўз вақтида аниқлаш ва тўсиш, жазонинг муқаррар принципини таъминлашни назарда тутиши таъкидланди. 

Жорий йилнинг январида "Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги қонун асосида Республика идоралараро комиссия томонидан тузилган 2017-2018 йилларда коррупцияга қарши кураш бўйича давлат дастури тасдиқланди. Мезбон томон Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотларни юқори баҳолади.

Учрашувда шунингдек, икки мамлакат давлат органлари ўртасида жиноят, жумладан, коррупция намоён бўлишининг турли шаклларига қарши кураш соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар якунларига кўра, мазкур йўналишда тажриба алмашиш тўғрисида битимга келишилди.

Бундан ташқари, Сингапурга ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси коррупцияга қарши кураш бўйича дунёдаги энг муваффақиятли ташкилотлардан бири бўлган Сингапур коррупция ҳаракатларини тергов қилиш бюроси фаолияти билан танишди. Музокаралар якунларига кўра, бюро раҳбарияти томонидан коррупцияга қарши кураш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи ходимларнинг малакасини ошириш соҳасида мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш битимига эришилди.

Ўзбекистон делегацияси шунингдек, Сингапур давлат хизмати коллежи фаолияти, таълим жараёнининг ташкил этилганлиги билан танишди, ўқув юрти раҳбарияти билан конструктив учрашув ўтказди.

Мавзуга оид