Иқтисодиёт | 22:09 / 29.11.2018
13240
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотларига мўлжалланган йўл харитаси тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун, 29 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Ўзбекистоннинг «2019-2021 йилларга мўлжалланган тизимли ислоҳотлар асосий йўналишларининг йўл харитаси» мавзусидаги тақдимот-музокара кўринишидаги халқаро тадбир бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Жаҳон банкининг ишчи гуруҳи билан биргаликда, таркибий ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида бешта асосий йўналишни ўз ичига олган «ислоҳотлар йўл харита»сини ишлаб чиққан.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров бошлаб берди. 

Kun.uz мухбири хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ва Жаҳон банкининг собиқ вице-президенти, Жорж Вашингтон университети профессори Дэнни Лейпцигер йиғилганларга йўл харитаси тақдимотини таништиришди.

Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва давлат идоралари, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, қатор халқаро молия институтлари ва консалтинг муассасалари вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари, етакчи маҳаллий мутахассислар иштирок этди.
Йўл харитаси қуйидагича кўриниш олади:

Биринчи, тегишли институтларни мустаҳкамлаш, модернизация қилинган солиқ-бюджет сиёсати ва солиқ ислоҳотлари натижасида ҳосил бўладиган макроиқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватлаш. Хусусан, макроиқтисодий маълумотлар йиғиш ва таҳлил қилиш тизимини ва пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш, ички ва ташқи қарзларни бошқариш, давлат харажатларининг самарадорлиги ва ҳисобдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Иккинчи, рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнининг тезлашиши. Ер ва капиталдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, молия бозорларини ислоҳ қилиш масалалари қараб чиқилмоқда. Савдо сиёсати ва экспортни янада либераллаштириш, авиация секторини ислоҳ қилиш ва АКТ соҳасини ривожлантириш жаҳон иқтисодиётига бирикишни жадаллаштиришнинг келгуси чора-тадбирлари сифатида кўрилди. Хусусий сектор фаолиятидаги чекловларни олиб ташлаш, рақобатбардош бизнес муҳитини мустаҳкамлаш, инвестицион муҳит ва монополияга қарши тартибга солиш ишлари давом эттирилади. Қишлоқ хўжалигини, сув таъминоти ва энергия манбаларини ривожлантириш, шу жумладан қайта тикланадиган энергетика соҳасини ривожлантириш стратегиялари индивидуал саноатларнинг ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Учинчи, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга хизмат кўрсатишни кучайтириш. Таълим ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришнинг миллий стратегиясини ҳамда меҳнат бозори, пенcия ва суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Тўртинчи, кучли бозор иқтисодиётида давлатнинг ролини кучайтириш. Уни ишлаб чиқариш жараёнининг бевосита иштирокчисидан, давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш, давлат улушига эга корхоналарни ислоҳ қилиш ҳамда товар ва хизматлар нархларининг иккиламчи тартибини бартараф этиш билан шуғулланувчи хусусий сектор ҳамкори кўринишига алмаштириш режалаштирилмоқда. Давлат бошқарув тизимини такомиллаштириш давлат хизматларини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқишга ёрдам беради. Жамоатчилик хабардорлигини ошириш учун фуқароларнинг замонавийлаштириш жараёнларида иштирокини таъминлаш бўйича чоралар кўрилади.

Бешинчи, атроф-муҳитдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш. Уни ҳимоя қилиш учун «йўл харитаси» ни, сувни тежаш дастурини, суғориш ва мелиорация тизимини ривожлантиришни режалаштирилмоқда.

Тадбир доирасида ўтказилган давра суҳбати давомида ислоҳотларнинг йўл харитаси, иқтисодий ислоҳотларнинг ҳозирги ҳолати ва устувор йўналишларини амалга ошириш механизмлари тўғрисида фикрлар алмашинуви бўлиб ўтди.

Мавзуга оид