Ўзбекистон | 09:32 / 30.11.2018
11887
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон яна бир конвенцияга қўшилди

Фото: senat.uz

Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси парламенти делегацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатларнинг Парламентлараро ассамблеяси Кенгаши таклифига биноан Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг 48-мажлиси ишида иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг 48-ялпи мажлиси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси тўғрисидаги Конвенциясини имзолади.

Сенат раиси МДҲ Парламентлараро ассамблеяси мажлиси иштирокчилари олдида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, Ўзбекистонда МДҲ доирасидаги жараёнлар ривожланишини, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги органлари фаолиятини, шу жумладан янги тарихий шарт-шароитларда иштирокчи давлатлар ўртасида парламентлараро ҳамкорликка фаол ва самарали кўмаклашаётган МДҲ Парламентлараро ассамблеяси фаолиятини диққат билан кузатиб бормоқда. 

МДҲ Парламентлараро ассамблеяси жаҳон парламентаризми тизимида муносиб ўрин эгаллагани қайд этилди. Парламентлараро ассамблеянинг муваффақиятли фаолиятини таъминлашда Россия Федерацияси муҳим ҳисса қўшаётганига алоҳида урғу берилди.

Ўзбекистон парламенти делегацияси аъзолари жорий йил 30 ноябрда бўлиб ўтадиган ва уруш вақтида айрим портлатувчи ўқ-дориларни қўллашни тақиқлаш тўғрисидаги Санкт-Петербург декларациясининг 150 йиллигига бағишланган халқаро конференция ишида ҳам иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ниғматилла Йўлдошев Россияга сафар қилиши хабар берилганди.

Мавзуга оид