Спорт | 18:10 / 01.12.2018
9815
4 дақиқада ўқилади

Журналистлар ўртасида футбол турнири старт олди. Ўйинлардан бирида 16:0 ҳисоби қайд этилди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги кубоги учун мини-футбол баҳслари бугун, 1 декабрь санасидан старт олди.

5 декабрга қадар давом этадиган мусобақада жами 24та жамоа 6та гуруҳга бўлинган ҳолда бош соврин учун кураш бошлади. Ўйинлар Ўзбекистон футбол ассоциациясига қарашли сунъий қопламали майдонларда, 20 дақиқадан давом этувчи иккита бўлим асосида бўлиб ўтмоқда.

Бугунги расмий очилиш тадбирида сўзга чиққан ЎзМАА бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуровнинг маълум қилишича, бундай футбол мусобақаси агентлик тарихида илк марта ўтказилмоқда. Шукуров бундай турнирлар кейинги йилларда ҳам яхши анъанага айланиб, ОАВда фаолият кўрсатаётган ижодкорлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

Низомга кўра, ўз гуруҳларининг ғолиблари ҳамда 2-ўрин соҳиблари орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган иккита жамоа плей-офф босқичида курашни давом эттиришади. 

Ғолиб жамоа олтин медал, диплом, китоблар тўплами ҳамда 10 миллион сўм билан тақдирланади. Иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ҳам кумуш ва бронза медаллари, китоблар тўпламлари ҳамда саккиз ва олти миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланади. 

Шунингдек, мусобақа ташкилотчилари томонидан турнирда энг яхши деб топилган дарвозабон, ҳимоячи ва ҳужумчига ҳам махсус совғалар тақдим этилиши режалаштирилган.

Мусобақанинг «E» гуруҳидан жой олган KUN.UZ биринчи турда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси жамоасига қарши майдонга тушиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда барча голлар иккинчи бўлимда киритилди; Маъруфжон Асқаров дубль қайд этган бўлса, Баҳодир Аҳмедов ва Раҳматилло Исроилов биттадан голга муаллифлик қилди.

Гуруҳдаги иккинчи учрашув «Маҳалла» газетаси ва Мониторинг маркази ходимлари ўртасида кечди; унда марказ жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. KUN.UZ эртага «Маҳалла», душанбада эса Мониторинг маркази жамоасига қарши майдонга тушади.

Турнирнинг дастлабки кунида қуйидаги натижалар қайд этилди:

А гуруҳи
«Халқ сўзи» газетаси - Zoʻr TV – 1:5
Ғафур Ғулом нашриёти - Ўзбекистон миллий энциклопедияси – 4:0

В гуруҳи
«Ўзбекистон» нашриёти - Uzreport телеканали – 16:0
Чўлпон нашриёти - «Ёшлар овози» газетаси - 0:7

С гуруҳи
«Шарқ» НМАК - «Турон 24» ахборот агентлиги – 3:0
«Тасвир» нашриёти - Тошкент вилояти матбуот бошқармаси - -:+

D гуруҳи
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги - «Ўқитувчи» нашриёти – 1:3
«Мовароуннаҳр» нашриёти - Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – 0:2

Е гуруҳи
Республика мониторинг маркази - «Маҳалла» газетаси – 3:1
Ўзбекистон миллий кутубхонаси - Kun.uz сайти – 0:4

Ғ гуруҳи
«Маърифат» газетаси - «Маданият ва маърифат» телеканали – 2:3
«Нуроний» ноширлик уйи - Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси терма жамоаси – 0:5.

 

Мавзуга оид