Жаҳон | 17:00 / 03.12.2018
23027
6 дақиқада ўқилади

G20 — жаҳон етакчилари клуби: Аргентина саммитидаги мавзулар ва диққат марказидаги шахслар

30 ноябрдан 1 декабргача Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда G20 давлатлари саммити бўлиб ўтди. Ушбу саммитда дунёнинг ривожланган йигирма давлати етакчилари ўзаро маслаҳатлашувлар олиб боришди. G20 ўзи нима, у қачон ташкил этилган ва ташкил этилишидан мақсад нима?

Дастлаб 33та, ҳозирда 20та

«Катта йигирматалик» (G20 - The Group of Twenty, major advanced and emerging economies) — дунёнинг энг ривожланган ва ривожланаётган давлатлари ҳукуматлари ва марказий банклари раҳбарлари иштирокидаги клуб. G20 жаҳондаги ялпи миллий маҳсулотнинг 85 фоизини, жаҳондаги жами савдонинг 75 фоизини ҳамда дунё аҳолисининг учдан икки қисмини ташкил этади.

G20 ўтган асрнинг 90-йилларида, Осиё мамлакатлари молиявий инқирозни бошидан кечираётган, Ғарб давлатлари эса бунга қандай чора кўришни билмаётган бир пайтда ташкил этилган. Ўшанда «Катта саккизлик» молия вазирлари молия сиёсатидаги муаммоларни муҳокама қилувчи давлатлар доирасини кенгайтириш ташаббуси билан чиқишган ва Хитой, Ҳиндистон каби йирик давлатларни ўз давраларига таклиф этишган. Ушбу давранинг бўлажак иштирокчиларини АҚШ ва Буюк Британия танлаган. 1997 йилда G33 — 33 мамлакатдан иборат гуруҳ ташкил этилди, 1999 йилда унинг ўрнини G22 эгаллади ва бир йил ҳам ўтмай ўз ўрнини G20’га бўшатиб берди.

Бугунги кунда 20та мамлакат - Австралия, Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, Жанубий Корея, ЖАР, Япония ва Европа Иттифоқи ташкилот аъзолари ҳисобланади. Европа Иттифоқи номидан Европа комиссияси ва Европа кенгаши раислари иштирок этади. Улардан ташқари, G20 учрашувларида Молиявий барқарорлик кенгаши, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон савдо ташкилоти, БМТ ва Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашишади.

Дарвоқе, 1999 йил декабрида Берлинда бўлиб ўтган таъсис конференциясидан сўнг G20 ҳақида деярли унутилди. 2008 йилда бошланган янги молиявий инқирозгача саммитлар ўтказилмади: асосан молия вазирлари ва марказий банклар раҳбарлари учрашиб туришди.

Биринчи, «инқирозга қарши» деб номланган саммит 2008 йил ноябрда Вашингтонда, кейингиси 2009 йил Лондонда ўтказилди ва ўша йилнинг сентябрида «йигирматалик» Питтсбургда йиғилди.

Иқтисодий инқироз вақт ўтиб чекинди ва G20 сиёсий даражага кўтарилди.

Аргентина саммитида нималарга келишиб олинди?

Ўтган ҳафтада Буэнос-Айресда бўлиб ўтган саммитда «Катта йигирматалик»ка аъзо давлатлар раҳбарлари якуний декларация қабул қилишди ва унда қуйидаги вазифалар белгилаб олинди

Халқаро савдо

Якуний декларацияда халқаро савдо тизими ва Жаҳон савдо ташкилоти такомиллаштирилиши лозимлиги қайд этилди.

Иқтисодий ўсиш

G20 давлатлари раҳбарлари мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун иқтисодий ўсишни жадаллаштириш устида ишлашга тайёр эканликларини тасдиқлашди.  

Миграция

Иштирокчилар мажбурий миграция сабабларини бартараф этиш устида ишлашга келишиб олишди. Декларацияда аҳолини ўз юртидан бошқа жойга қочишга мажбур қилаётган сабабларни биргаликда бартараф этиш муҳимлиги эътироф этилди.     

Интернетдаги терроризм ва коррупция

Бундан ташқари, етакчи давлатлар раҳбарлари интернетдан террорчилик мақсадларида фойдаланишга қарши курашишга чақиришди. Йигирма давлатдан иборат гуруҳ шунингдек, коррупцияга қарши курашиш борасида келгуси уч йил учун тузилган ҳаракатлар режасини тасдиқлади ва бу соҳада амалий ҳамкорлик қилиш мажбуриятини олди.

Мусаффо энергия

Иштирокчи мамлакатлар мусаффо энергетикани ривожлантиришда собитлигини эътироф этишди. Шунингдек, АҚШ иқлимни ҳимоя қилиш бўйича Париж битимидан чиқишга қарор қилгани, лекин иқтисодий ўсишни таъминлаш ва энергетик хавфсизлик борасида собит туришини билдиргани қайд этилди.

«Йигирматалик» етакчилари инфратузилмага соф ва қайта тикланадиган энергетикани жорий этиш орқали янги иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш имкониятлари юзага келишини билдиришди.

Бундан ташқари, аъзо давлатлар тенгсизликка қарши курашиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим олиш учун шароитлар яратишга келишиб олишди.

Навбатдаги учрашув 2019 йил 28-29 июнь кунлари Осакада бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Аргентина саммитидаги қизиқ ҳолатлар

Аргентинадаги саммит Европанинг айрим етакчилари учун эсда қоларли бўлди. Франция президенти Эммануэль Макронни аэропортда ҳеч қандай расмий вакил кутиб олмади ва мартабали меҳмон аэропорт ходимлари билан салом-алик қилди.

Германия канцлери Ангела Меркелнинг эса самолёти бузилиб қолди. Канцлер Буэнос-Айресга йўналишдаги самолётда оддий йўловчилар билан бирга учди. Оддий самолётда Аргентинага етиб борган Меркель шунингдек, оддий ресторанда тамадди қилди.

Хитой делегацияси кутиб олиниши вақтида Си Цзиньпинга аталган «Хуш келибсиз» сўзлари делегациянинг бошқа аъзосига айтилди.

Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп суратга тушиш маросимида бир-бирлари билан сўрашишмагани ва аксинча, Путиннинг Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси билан эски қадрдонлардек кенг табассум билан бир-бирларига «беш ташлашган»и кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Фото: Reuters
Фото: Reuters

Трампга Аргентина президенти Маурисио Макри нутқи вақтидаги таржима ёқмай, у синхрон таржима қабул қилгичини қулоқларидан ечиб қўйди ва «Мен таржимадан кўра, сиз ўз тилингизда нима деяётганингизни яхшироқ тушундим», деб пичинг қилди.

Шунингдек, саммит меҳмонлари учун аталган «Колон» театридаги тантанали кечада Аргентинанинг турфа-туманлиги ҳақида ҳикоя қилувчи 40 дақиқалик саҳна асари намойиш этилди. Шунда Аргентина президенти финал аккорддан кейин ўзини тутолмай, кўзларига ёш олди. Кейинроқ у твиттерда бу Аргентина ва унинг халқи учун фахр туйғуси бўлганини таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид