Ўзбекистон | 20:23 / 07.12.2018
8634
4 дақиқада ўқилади

«Инвестициялар ва инвестицион фаолият тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикасининг «Инвестициялар ва инвестицион фаолият тўғрисида»ги қонун лойиҳаси очиқ муҳокама қилиш учун жойлаштирилди.

Давлат инвестиция қўмитаси экспертларининг фикрича, қонун лойиҳаси мавжуд тарқоқ инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тизимига инвестицион муҳитнинг бирлигини, маҳаллий ва хорижий инвесторлар ҳуқуқларининг тенг ҳуқуқлилигини, инвестицион фаолият юритувчи субъектларнинг иқтисодий эркинлигини таъминлайдиган ягона қонуний ҳужжат сифатида киради.

Унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

• инвестицион муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш;

• инвестицион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш механизмларини ҳуқуқий тартибга солиш ва оптималлаштириш;

• инвестицион фаолиятни тартибга солишнинг устувор йўналишларини белгилаш;

• тушунчалар тизимини тартибга солиш;

• инвестицион қонунчиликдаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш ва низоларни ҳал қилиш;

• инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш;

• инвестицион фаолиятни ташкил этиш ва ривожлантиришни мониторинг қилиш тизимини ривожлантиришга кўмаклашиш;

• инвестицион фаолиятни ривожлантиришда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш;

• инвестиция объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш.

Қонун лойиҳасида қуйидаги янгиликларни жорий этиш кўзда тутилган:

1. Халқаро ҳужжатлар ва тажрибалар асосида ишлаб чиқилган инвесторлар ва инвестицияларни ҳимоя қилиш ва инвестицияга қарши чораларнинг олдини олишга қаратилган янги нормаларни жорий этиш.

2. Маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун ягона ҳуқуқий режимни жорий этиш.

3. Инвестициялар, хорижий инвестициялар, инвестор, хорижий инвестор, инвестицион фаолият, инвестицион фаолият субъектлари, инвестицион фаолият иштирокчилари, инвестицион кафолатлар ва шу каби асосий тушунчаларни қайта кўриб чиқиш.

4. Камситишлар, қонунчиликдаги салбий ўзгаришларга нисбатан янги кафолатлар, ҳуқуқий муҳофаза, инвестицияларнинг турли шаклларидан фойдаланиш бўйича кафолатлар жорий этиш.

5. Қуйидаги янгиликларни жорий этиш:

• инвестиция омбудсмани;

• инвестиция компанияси;

• «ягона ойна» хизмати;

• инвестицион солиқ кредити;

• венчур фонди;

• стартап-компанияси;

• маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимлар;

• маънавий зарарни қоплаш ва товон;

• инновацион ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

• концессиялар ва маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимларнинг қайта кўрилиш муддати;

• хорижий инвестициялар;

• хорижий инвесторлар учун қўшимча кафолатлар ва бошқалар.

«Инвестициялар ва инвестициялар фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси жорий йилнинг 21 декабригача давом этади. 

Эслатиб ўтамиз, 22 ноябрь куни Адлия вазирлиги барча вазирлик, идора ва ташкилотларга хат чиқариб, юртимизда «Давлат тили ҳақида»ги қонун борлигини яна бир бор эслатиб, бундан кейин муҳокама қўйилаётган лойиҳаларни албатта давлат тилида (яъни ўзбек тилида), зарурият туғилганда эса бошқа тилларда порталга жойлаштиришни сўраганди.

Мавзуга оид