Спорт | 10:26 / 10.12.2018
18864
2 дақиқада ўқилади

Лёв: «Бир сабаб билан Ўзилдан кўнглим қолди»

Фото: DPA

Германия терма жамоаси бош мураббийи Йоахим Лёв «Арсенал» аъзоси Месут Ўзил билан муносабати ҳақида гапириб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Лёв сентябрь ойи охирида «тўпчилар» базасига борган, аммо Ўзил билан кўриша олмай қайтганди.

«Мен «Арсенал» базасига борганимда Месут машғулотда йўқ эди. У ҳозир биз билан мулоқот қилишни истамаётганини тушунишимиз керак. Бунинг сабабини мен билмайман.

Бир нарсадан жуда хафсалам пир бўлди: у ўз қарори ҳақида мени шахсан хабардор қилгани йўқ. Ўзилдан ҳеч қандай хат-хабар олмадим.

Ҳаммаси бошқача бўлишини истаган бўлардим, аммо наилож», - деган Лёвнинг сўзларини келтирди ZDF.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2018 бошланишидан олдин Ўзил Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўған билан учрашиб, суратга тушган ва бу Германияда катта шов-шув келтириб чиқарган эди. Хусусан, Германия футбол уюшмаси раҳбарияти ва мамлакатнинг қатор оммавий ахборот воситалари бу ҳолатга салбий муносабатда бўлишди. Мундиалдаги муваффақиятсизликдан сўнг Ўзил унга ўз юртида ирқчилик кайфиятида муносабат билдирилаётгани сабабли терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди.

Мавзуга оид